Тожикистоннинг Сўғд вилоятида 2021 йилда 39 нафар қирғизистонлик чегарани ноқонуний кесиб ўтаётганида қўлга олинган. Бу ҳақда 15 февраль кунги матбуот анжуманида Сўғд вилояти суди раиси Бахтиёр Оқилзода билдирди, дея хабар қилди Озодликнинг тожик хизмати.
Мулозимга кўра, қўлга олинганларга нисбатан мамлакат Жиноят кодексининг 335-моддаси (“Тожикистон Республикаси давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш”) бўйича 27 та жиноят иши очилиб, улар турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган.
Айни пайтда Бахтиёр Оқилзода чегара можароларида иштирок этгани учун бирор-бир қирғизистонлик судланмаганини урғулаган.
Ўз навбатида Қирғизистонда ҳам Тожикистон фуқаролари турли муддатларга қамалишган. Улар нафақат чегарани ноқонуний кесиб ўтишда, балки чегара можароларида иштирок этганликда ҳам айбланган. Хусусан, 2021 йил сентябрида суд тожикистонлик Асқар Юнусов ҳамда Абдурозиқ Абдуқаҳҳоровни умрбод қамоққа ҳукм қилган, кейинроқ бу 20 йиллик қамоқ жазоси билан алмаштирилган.
Бу икковлон 2021 йилнинг майида – қирғиз-тожик чегарасида юз берган қуролли можародан сўнг ҳибсга олинган, кейинроқ “Тинчликка қарши жиноятлар” ва “Мародёрлик” моддалари бўйича айбдор деб топилган. Судланганларнинг қариндошлари ҳукмни “қасддан қилинган намойишкорона ҳаракат” деб ҳисоблашади.
Ўтган йилнинг 28-30 апрель кунлари рўй берган чегара можаросида Қирғизистондан 154 киши жабр кўрган, 36 киши, жумладан икки бола нобуд бўлган. Тожикистон расмийлари ўз тарафидан 19 киши қурбон бўлиб, 87 киши яраланганини билдирган.
Қуролли тўқнашув оқибатида Қирғизистондан қарийб 58 минг, Тожикистондан эса 15 минг киши хавфсиз ҳудудларга кўчирилган.
Икки мамлакат можарода бир-бирини айблаган, Тожикистон ва Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан бир қанча жиноят иши қўзғатилган.