Москванинг Лефортово туман суди жосусликда гумонланаётган Тожикистон фуқаросига тергов якунлангунига қадар эҳтиёт чораси сифатида икки ойлик қамоқ белгилади. Бу ҳақда Москва умумий юрисдикция судлари матбуот хизмати хабар берди.
Расмий хабарда унинг тўлиқ исми ошкор қилинмаган. Сайтда унинг исмининг фақат бош ҳарфи – Ш ва фамилияси – Тиллозода экани кўрсатилган .
Тожикистон фуқаросига нисбатан ишни Россия ФСБ олиб бормоқда. Суд жараёни ёпиқ ўтгани боис, Тожикистон фуқароси айнан қандай жосусликда айбланаётгани номаълум.
"Холод" нашри Россияда 2023 йилнинг январидан июлигача давлатга хиёнат ва жосуслик моддалари билан камида 82 та иш очилганини аниқлаган. Адвокат Евгений Смирновнинг фикрича, аслида давлатга хиёнат бўйича жиноят ишлари кўпроқ ҳам бўлиши мумкин. Унинг айтишича, улар жалб қилинган кўплаб жиноят ишлари ҳақида суд сайтида ҳеч қандай маълумот йўқ.
"Кўпинча кимдир ҳибсга олинганлиги ҳақида икки-уч ой ўтиб хабар берилади ва бу гўёки қандайдир махсус операциядек тақдим қилинади. Фикримча, жосуслик бўйича ишлар аслида бир ярим-икки баравар кўпроқ қўзғатилган", - дейди у.
Смирнов таъкидича, Россияда ойига жосуслик ва давлатга хиёнат билан боғлиқ 20 та жиноят иши қўзғатилади.
“Бу ҳар бир иш кунида биттадан жиноят иши қўзғатиш дегани. Шу йўсинда давом этса, йил охирига келиб бундай ишларнинг сони 250 га етади”, - деди адвокат.