Халқаро жиноят суди (ХЖС) ҳибсга олинишига ордер берган Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ўзбекистонга ташриф буюрган тақдирда, расмий Тошкентни уни қамоққа ололмайди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги Qalampir.uz нашри сўровига жавобан маълум қилган.
“Ўзбекистон Республикаси Халқаро жиноят судининг қарорларини бажаришни ўз зиммасига олмаган. Бу тўғрисидаги тегишли ҳужжатларни ратификация қилмаган. Шундан келиб чиқсак, Халқаро жиноят суди томонидан берилган қамаш, ҳибсга олиш бўйича қанақадир ордерларни бажариш бўйича Ўзбекистонда ҳеч қандай мажбурият йўқ”, деган ТИВ вакили.
Айни пайтда “Ўзбекистон Яқин Шарқда урушлар тўхтамагунича Нетаняҳунинг ташрифини кутмаётгани” таъкидланган.
Озодлик 21 ноябрь куни Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳисобга олиш учун ордер бергани ҳақида хабар қилганди. Улар Ғазо секторида ҳарбий жиноятлар ва инсонийликка қарши жиноятлар содир этганликда айбланмоқда.
Суд хабарномасида айтилишича, маҳкама Нетаняҳу ва Галант Исроилнинг ҲАМАС радикал гуруҳига (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб топилган) қарши амалиёти чоғида Ғазодаги тинч аҳолини озиқ-овқат, сув, дори-дармон ва тиббий анжомлар ҳамда ёқилғи ва электр энергияси каби тирик қолиш учун зарур бўлган ашёлардан атайлаб, онгли равишда маҳрум қилишган дея тахмин қилиш учун мантиқий асослар бор, деган хулосага келган.
ХВЖ ордери Нетаняҳу ва Галант Рим статутини ратификация қилган мамлакатлардан бирига борган тақдирда ҳибсга олиниши кераклигини англатади. Масалан, улар Европа Иттифоқининг деярли барча мамлакатлари ёки Буюк Британияга келса, ҳибсга олинишлари лозим.
Исроил Рим статути иштирокчиси эмас ва ХЖС юрисдикцисини тан олмайди.
Мазкур шартномани дунёдаги кўплаб мамлакат ратификация қилишган, бироқ АҚШ, Россия ва Хитой дохил қатор йирик давлатлар унинг ишида иштирок этмайди ва ХЖС юрисдикциясини тан олмайди.