Тинч океани шимолидаги, асосан, пластикдан иборат чиқиндилар йиғиладиган “Тинч океанидаги катта чиқиндихона” алоҳида ўзига хос экотизимига эга бўлмоқда. Бу ҳақда Nature Ecology & Evolution илмий журналида эълон қилинган ҳисоботда гап боради. Экологлар чиқиндихонада пластикларда яшаётган ва кўпайишаётган ўнлаб ўсимлик ва ҳайвонот турларини аниқлаганлар.
Тинч океанида Калифорния ва Ҳавайи ўртасидаги бир ярим миллион квадрат километрни эгаллаган ҳудуд “Тинч океанидаги катта чиқиндихона” деб аталади. Океан оқими йиллар давомида бу ерга асосан пластикдан иборат бўлган чиқиндиларни йиғиб келади. Тахминан бу ҳудудда ҳозирги кунда юз минг тоннага яқин чиқинди мавжуд.
Олимлар ҳисоботида таъкидланишича, пластик чиқинди юзасида 40 дан ортиқ микроорганизмлар, сув ўтлари, планктон, полиплар ва денгиз қисқичбақаси каби майда жонзотлар турлари аниқланган. Қизиғи шундаки, бу мавжудотларнинг асосий қисми соҳил яқинида яшовчи турлардир. Олимлар соҳилдан бу қадар узоқ масофада бу жонзотлар пайдо бўлишини кутмаган эдилар.
Ҳисобот муаллифларидан бири бўлган эколог Линси Хэрам CNN телеканалида қилган чиқишида чиқиндихонада соҳил яқинида яшовчи турлар тубан сувларда яшайдиган турлар билан биргаликда яшаб келаётганига эътибор қаратган.
“Улар мазкур ҳудуд ва овқат заҳиралари учун рақобатлашаётган бўлиши эҳтимол. Ҳар иккала тур ўзлари учун янги бўлган овқатга кўникма ҳосил қилмоқда. Келажакда бу нима билан тугайди, номаълум”, - деди Хэрам.
Инсоният ҳар йили 400 миллион тонна пластикни чиқиндига айлантиради. Таҳминларга қараганда, бу чиқиндининг 9-14 миллион тоннаси океанга тушади. Микропластик сув тубидан юзага қалқиб чиқади ва инсонлар танаввул қилаётган озиқ-овқатга қўшилиб кетмоқда.
Бундан уч йил олдин олимлар Ердаги ҳар бир киши ҳафтасига ўртача миқдорда “битта банк картаси миқдоридаги пластикни истеъмол қилиши”ни ҳисоблаб чиққанлар. 2022 йилнинг мартида эса тарихда биринчи марта инсон қонида микропластик топилди.