Ўзбекистондаги барча тиббиёт ва фармацевтика ташкилотлари, шу жумладан дорихоналар 2024 йил 1 январидан бошлаб мажбурий тартибда босқичма-босқич ягона платформага уланади. Бу ҳақда мамлакат президенти томонидан шу йил 23 февралида имзоланган “Соғлиқни сақлаш соҳасида рақамлаштириш ишларини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда айтилган.
Мазкур қарор республикадаги “соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш ва ахборот тизимлари ягона комплексини жорий этиш, бошқарув жараёнидаги ортиқча тартиб-тамойилларни қисқартириш, аҳолига хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш, тиббиёт ходимларининг иш самарадорлигини таъминлаш, шунингдек, ушбу йўналишда қабул қилинган рақамли трансформация қилиш дастурларини самарали амалга ошириш мақсадида” қабул қилинган.
Мазкур мақсаддан келиб чиққан ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази” давлат унитар корхонаси негизида Соғлиқни сақлаш вазирлиги муассислигида “IT-Med” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланган.
Қайд этилишича, “IT-Med” МЧЖ “Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази” ДУКнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
Қарор билан “IT-Med” МЧЖ зиммасига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилган:
- соғлиқни сақлаш тизими ва ташкилотларидаги жараёнларни оптималлаштириш, рационаллаштириш, стандартлаштириш ва автоматлаштириш;
- соғлиқни сақлаш соҳасида ахборот тизимларини ривожлантириш учун амалга ошириладиган ҳамда халқаро молия ташкилотлари ҳисобига молиялаштириладиган лойиҳаларнинг техник-иқтисодий параметрлари, концепциялари ҳамда бошқа лойиҳа ва лойиҳаолди ҳужжатларини ишлаб чиқиш;
- тиббиёт ва фармацевтика соҳасида ахборот технологияси ва коммуникациялари сиёсати ва стандартларини жорий этиш;
- “Электрон соғлиқни сақлаш” ахборот тизимлари ягона комплексини жорий этиш ва кузатиб бориш, шунингдек, уларнинг бошқа давлат органлари ахборот тизимлари билан интеграциясини таъминлаш;
- соғлиқни сақлаш тизимида бизнес жараён ва IТ-реинжинирингини ривожлантириш ва ушбу йўналишда халқаро тажрибани амалиётга татбиқ этиш;
- қўйилган вазифаларни рўёбга чиқариш мақсадида инвесторлар, бизнес ҳамкорлар ва аутсорсинг хизматларини жалб қилиш;
- тиббиёт соҳасини рақамлаштириш кўламини кенгайтириш мақсадида жорий этилаётган ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни ўзида қамраб олувчи соғлиқни сақлашнинг ахборот тизими ягона платформасини жорий этиш.
Ҳужжатга мувофиқ, янги ахборот тизимларини жорий қилиш, шунингдек, корхона, муассаса ва ташкилотларга хизмат кўрсатишдан тушадиган маблағлар, “IT-Med” МЧЖнинг устав жамғармасига белгиланган тартибда киритиладиган инвесторлар маблағлари, халқаро молия институтлари ва ташкилотлари грантлари, ташқи беғараз кўмак маблағлари (грантлар, техник кўмаклар ва бошқалар), юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан норезидентларнинг хайрия маблағлари ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар “IT-Med” МЧЖнинг фаолиятини асосий молиялаштириш манбалари этиб белгиланган.