Тбилисида сайлов натижаларига қарши митинг бўлиб ўтди

Тбилисидаги митингдан лавҳа, 2024 йил 28 октябри

Грузия пойтахтида 28 октябрь оқшомида парламент сайловида “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси ғалабасини тан олмаган мухолифат тарафдорларининг митинги бўлиб ўтди. Paper Kartuli телеграм-канали хабарига кўра, норозилар парламент биноси олдида йиғилиб, Руставели шоҳкўчасини тўсиб қўйишган.

Аввалроқ парламентга ўтган тўртта мухолифат партиясининг ҳаммаси сайлов натижаларини тан олишдан бош тортган. Мазкур натижаларга кўра, “Грузия орзуси” партияси 54 фоизга яқин овоз билан ғолиб бўлгани айтилган эди. Мухолиф сиёсатчиларнинг аксарияти фикрича, сайлов натижалари сохталаштирилган. Грузия президенти Саломе Зурабишвили ҳам сайлов натижаларини тан олишдан бош тортган.

Зурабишвили митингда йиғилганлар олдида чиқиш қилган. У ғарб мамлакатлари лидерлари билан гаплашганини ва улар ҳам сайловларни нолегитим деб ҳисоблаётганларини билдирган.

Биз сизнинг овоз бериш бўйича конституцион ҳуқуқингизни ҳимоя қилиш учун курашамиз. Ҳозир тушкунликка тушиш мавриди эмас, ҳозир хотиржамлик билан ва бошни тик тутиб, ўз овозларимизни ҳимоя қилиш муҳимдир”, деган Грузия президенти.

Мен бу Европа йўлида ва Европа эшикларига етгунимизга қадар сиз билан охиригача бирга бўлишимга қасам ичишим мумкин, бу фақатгина бизнинг шунчаки орзумиз эмас, реаллик ва келажакдир, бизда бошқа муқобил йўл йўқ”, дея қўшимча қилган Зурабишвили.

Мухолифат вакиллари қайта сайлов ўтказилишини талаб қилишган. “Бирдамлик – Миллий ҳаракат” партияси лидерларидан бири Георгий Вашадзе фикрича, парламент сайлови халқаро кузатувчилар назорати остида ўтказилиши лозим.

Россиянинг ТАСС ва РИА Новости давлат ахборот агентликлари Тбилисига гўё “оммавий норозилик тадбирлари чоғида провокациялар уюштириш учун Украинада тайёргарликдан ўтган мерганлар” етиб келгани ҳақида ёзмоқда. Бироқ, Грузия ва халқаро оммавий ахборот воситаларининг воқеа жойида хабар қилишларича, митингда вазият анча тинч бўлган, тўқнашувлар ёки қўлга олишлар қайд этилмаган.

Душанба куни маҳаллий вақт билан соат 21.30 ларда митинг тугагани эълон қилинган, шундан сўнг Грузия ва Европа Иттифоқи мадҳиялари ижро этилган.

Mapchecking хизматининг тахмини ҳисоб-китобига кўра, тадбирда 15 минг нафаргача киши иштирок этган бўлиши мумкин.