Грузия пойтахти Тбилиси марказидаги “Озодлик майдони”да 20 октябрь куни мухолифат партиялари тарафдорларининг митинги бўлиб ўтди. Турли ҳисоб-китобларга кўра, унда 40 минг нафардан 50 минг нафаргача киши иштирок этган. Митинг “Грузия Европа Иттифоқини танлайди” деган шиор остида бўлиб ўтган.
Дастлабки келишувга мувофиқ, митингда мухолифат лидерлари чиқиш қилишмай, минбарни жамоат арбоблари, шоир ва қўшиқчиларга бўшатиб беришган. Нотиқлар ўз чиқишларида йиғилганларни ва мамлакатнинг барча фуқароларини 26 октябрь кунги парламент сайловида россияпараст деб аталаётган “Грузия орзуси” партиясини ҳукмронлик мақомида маҳрум қилиш ҳамда “Грузияни европача ривожланиш йўлига қайтариш” учун мухолифатдаги тўртта партиядан бирига овоз беришга чақиришган.
“Озодлик майдони”даги митингда мамлакат президенти Саломе Зурабишвили ҳам нутқ сўзлаган. У кўп минг кишилик сайловолди митингини унутилмас тарихий воқеа, деб атаган. Бундан ташқари, Зурабишвили Молдова президенти Майя Сандуга “Молдованинг европача келажагига оид референдумда ғалаба” тилаган ҳамда нафақат Украинанинг, балки Грузиянинг ҳам “европача келажаги учун курашаётган” Украина президенти Владимир Зеленскийга миннатдорлик билдирган.
Бўлажак парламент сайловида мамлакатни 2012 йилдан бери бошқариб келаётган “Грузия орзуси”га қарши Михаил Саакашвилининг “Бирдамлик — Миллий ҳаракат” партияси ҳамда “Кучли Грузия”, “Ўзгаришлар учун коалиция” ва “Грузия учун” каби яна учта мухолифат бирлашмаси кураш олиб боради.
Ижтимоий сўров натижаларига мувофиқ, агар сайлов чоғида мухолифатнинг тўртала бирлашмаси ҳам беш фоизли тўсиқдан ўтишса, бўлажак парламентда мухолифат кучлари биргаликда 50 фоиздан кўпроқ мандатга эга бўлишлари ва янги коалицион ҳукумат тузишлари мумкин бўлади.