Ўттиз йилдан кўпроқ вақт олдин Озарбайжоннинг Тоғли Қорабоғ мухтор вилояти ҳудудида этник арманлар томонидан мустақил деб эълон қилинган ва дунёнинг бирор-бир мамлакати томонидан тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси 2024 йилнинг 1 январидан расман тугатилди. Бунга оид фармонни тан олинмаган республиканинг сўнгги президенти Самвел Шахраманян ўтган йилнинг сентябрь ойида Озарбайжон томонидан ўтказилган ҳарбий амалиёт чоғида минтақа устидан тўлиқ назорат ўрнатилганидан кейин имзолаган эди.
Фармонда “2024 йилнинг 1 январигача барча давлат муассасалари ва ташкилотларини тарқатиб юборилиши”, Тоғли Қорабоғ республикаси (Арцах) эса тугатилиши қайд этилган.
Халқаро ҳамжамият томонидан Озарбайжон ҳудуди деб тан олиниб келинган Тоғли Қорабоғнинг катта қисми 30 йилдан кўпроқ вақт мобайнида тан олинмаган республика расмийларининг назорати остида бўлиб келган. Боку бу ҳудуднинг бир қисми устидан назоратни 2020 йил кузидаги уруш натижасида қайтариб олишга муваффақ бўлган эди.
Ўтган йилнинг 19 сентябрида Озарбайжон янги ҳужумни бошлаган ва эртасигаёқ арман бўлинмалари феълан мағлуб бўлганларини тан олишган. Минтақада яшовчи арман миллатига мансуб аҳолининг аксарияти – 100 мингдан зиёд киши Озарбайжон расмийларининг муҳтамал қатағонидан қўрқиб, Арманистонга кетишган, охир-оқибат Тоғли Қорабоғнинг бутун ҳудуди Озарбайжон назорати остига ўтган.
Айни пайтда минтақада ҳалигача россиялик ҳарбийлар юрибди. “Тинчликпарвар кучлар” деб номланган бу ҳарбий контингентнинг Тоғли Қорабоғ ҳудудида жойлаштирилишига оид келишувга Арманистон, Озарбайжон ва Россия лидерлари 2020 йил кузида эришишган. 2023 йил сентябрида Озарбайжон томонидан ҳужум бошланганидан кейин россиялик ҳарбийлар жанговар ҳаракатларга аралашишмаган, бироқ, иддаоларга кўра, минтақа аҳолиси ичидан хоҳловчиларнинг Арманистонга чиқиб кетишига кўмаклашишган. Москва Арманистоннинг ўзи Қорабоғни Озарбайжон ҳудуди деб тан олганини, шунинг учун Россия ҳарбийларининг пассивлигига оид иддаолар ўринсизлигини билдирган.
Тан олинмаган республика собиқ раҳбарларининг кўпчилиги, шу жумладан уч собиқ президент, собиқ давлат вазири ва Россиянинг собиқ фуқароси бўлган миллиардер Рубен Варданян Озарбайжон расмийлари томонидан ҳибсга олинган ва ҳали ҳам ҳибсхонада тутиб турилишибди. Улар устидан суд ҳали ўтказилганича йўқ.