Туҳмат, ҳақорат қилиш ва товламачиликда айбланиб, 8 йилга озодликдан маҳрум этилган блогер Олимжон Ҳайдаровнинг шикоятини кўриб чиққан Фарғона вилоят суди тафтиш инстанцияси 11 март куни биринчи инстанция судининг блогерга нисбатан чиқарган ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди.
2023 йилнинг 1 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди блогер Олимжон Ҳайдаровни 8 йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарган эди.
Ҳайдаров Ўзбекистон жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 2-қисми, 3-қисми “а” банди, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” банди ва 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.
Адвокатлар блогерга қўйилган айблар "мутлақо асоссиз" экани ва суд терговида биронта айб ўз исботини топмаганини айтишган.
Ўтган йил 28 декабрида Фарғона вилоят судининг апелляция судлов ҳайъати блогер Олимжон Ҳайдаровга нисбатан чиқарилган 8 йиллик қамоқ жазосини ўзгаришсиз қолдирган.
Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексига киритилган ўзгартишга кўра, биринчи инстанция судининг қароридан норози тарафлар вилоят судига апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиши мумкин. Томонлар натижадан қониқмаса, иш мазкур судларда тафтиш тартибида кўриб чиқилиши мумкин эди. Тафтиш инстанциясининг душанба кунги қарори ортидан Олимжон Ҳайдаров ва адвокатларида Олий судга мурожаат қилиш имкони қолган.
Олимжон Ҳайдаров Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён энг узоқ муддатга қамалган блогер бўлиб ҳисобланади.
Блогер ўзининг қамалишини тўғридан-тўғри касбий-профессионал фаолияти билан боғлаган. У ўз фаолияти даврида йирик коррупцион схемаларни фош қилганини айтган.
Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Олимжон Ҳайдаровга нисбатан чиқарилган ҳукмни қоралаган.
Ўтган йил 5 декабрида эълон қилинган баёнотда ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича вакили Мира Риттман “суднинг Ҳайдаровни саккиз йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги қарори Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлигига салбий таъсир кўрсатиши"ни айтган.