Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳри суди Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовузда айбланган фуқарога нисбатан ҳукм чиқарган. Бу ҳақда Газета.uz нашри ўз тасарруфидаги суд қарорига таянган ҳолда хабар қилди.
Нашр қайдича, самарқандлик 74 ёшли Э. Ҳасанов 2021 йили россиялик Олег Туришкиннинг маърузаларини тинглай бошлаган. Россия фуқароси ундан: “СССР фуқаролигидан чиқиш бўйича ариза билан мурожаат қилганмисиз?” деб сўраган, “йўқ” жавобини олганидан сўнг эса уни “Гос.реестр СССР” номли гуруҳга қўшиб қўйган. Орадан вақт ўтиб, Олег Туришкин фуқарога “СССР фуқароси” деган гувоҳномани почта орқали жўнатган.
Суд қарорида келтирилишича, Э. Ҳасанов YouTube орқали Алексей Иванович исмли одам билан танишган, сўнгра 2023 йил 3 январида Москвага бориб, у ерда Совет Иттифоқини тиклаш учун тарафдор тўплаётган одамлар билан учрашган. Улар СССР ҳали қонунан тарқалмагани, Иосиф Сталин давридаги Конституция ва қонунларга қайтишини, 15 та давлатни қонуний йўллар орқали тез йилларда бирлаштиришларини айтишган.
“Судланувчи ўтган йилнинг март ойида “Узбекская ССР/СССР” Telegram-гуруҳига қўшилган. У ерда “Ўзбекистон мустақиллиги юзаки эканлиги, ҳозирги кунга қадар расман собиқ Совет Иттифоқи тарқалмаганлиги, унинг таркибига кирган 15 та республика АҚШ ёрдамида ўзбошимчалик билан мустақиллигини эълон қилганлиги ва тез орада собиқ иттифоқ давлатлари қайтиб СССРга қўшилишлари” ҳақидаги материалларни жойлаштирган”, дейилган Газета.uz нашрининг суд қароридан иқтибос олиб ёзган хабарида.
Комплекс суд-сиёсатшунослик лингвистик экспертизаси Э. Ҳасанов материалларида Ўзбекистоннинг амалдаги давлат тузумини конституцияга хилоф тарзда ўзгартириш, бузишга очиқдан очиқ даъват қилувчи ғоялар мавжудлига ҳақида хулоса берган.
У Telegram`даги гуруҳга Самарқанд вилояти бўйича “ВКПб” котиби ҳисоботи ўлароқ “Всесоюзная Коммунистическая партия Большевиков города Самарканда” деб номланган мақолани жойлаштирган.
Нашрга кўра, судланувчи маҳкамада ўз айбини тан олмаган, бироқ суддан жазони енгиллаштиришни сўраган.
Самарқанд суди Э. Ҳасановни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддаси 1-қисми (Ўзбекистоннинг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга, ҳокимиятни босиб олишга ёхуд қонуний равишда сайлаб қўйилган ёки тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатишга ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яхлитлигини Конституцияга хилоф тарзда бузишга очиқдан-очиқ даъват қилиш, шунингдек, бундай мазмундаги материалларни тарқатиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш) билан айбдор деб топиб, унга нисбатан 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Шу билан бирга, унга соат 22:00 дан 6:00 гача хонадондан чиқиш, назорат органининг рухсатисиз яшаш жойини ўзгартириш, Самарқанд вилояти ҳудудидан ташқарига чиқиш, интернет тармоғидан фойдаланиш тақиқланган.