Жорий йилнинг 23 апрель куни Ўзбекистонга Россияда ишлаб чиқарилган “Спутник V” вакцинасининг биринчи партияси келтирилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, вакцинанинг Ўзбекистонга етказиб берилишида Россия тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси амалий кўмак кўрсатган. Айни пайтда ССВ илк партияда Тошкентга қанча доза вакцина олиб келинганини очиқлаган эмас.
Вазирлик Гамалея номидаги Миллий эпидемиология ва микробиология илмий-тадқиқот маркази ишлаб чиққан “Спутник V” вакцинаси Ўзбекистонда оммавий фойдаланиш учун ўзбек расмийлари томонидан шу йил феврал ойида сертификатлагани ва тасдиқлаганини қайд этган.
“Ушбу вакцинани сертификатлаш жараёни ишлаб чиқувчилардан керакли ҳужжатлар, хусусан, вакцина клиник синовларининг учинчи босқичи натижаларини олгандан кейингина бошланди”, дея урғуланган вазирлик хабарномасида.
Унда Ўзбекистонга аҳолини эмлаш учун олиб келинадиган “Спутник V” вакцинасининг ярми асли ўзбекистонлик тадбиркор Aлишер Усмонов томонидан молиялаштирилгани қўшимча қилинган.
Шу кунда Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш учун Британиянинг AstraZeneca ҳамда Хитойнинг Ўзбекистон билан ҳаммуаллифликда ишлаб чиқарган ZF-UZ-VAС2001 вакцинаси вакциналаридан фойдаланилмоқда.
Маълумотларга кўра, жорий йил иккинчи чорагида Ўзбекистонда 4 миллионга яқин фуқарони COVID-19 га қарши эмлаш режаланган. 2021 йил охирига бориб бу кўрсаткич 7 миллионга ўсиши мумкинлиги айтилмоқда.
ССВ қайдича, шу кунда Ўзбекистонга ZF-UZ-VAС2001 ва AstraZeneca вакциналарининг қўшимча дозаларини олиб келиш бўйича ҳам ишлар олиб бориляпти.