АҚШнинг SpaceX ширкати тарихдаги энг оғир ракета бўлган “Старшип” синовини камида икки кунга қолдирди.
Ракета 17 апрель куни синов парвозини амалга ошириши лозим эди. У АҚШ жанубидаги хусусий Бока-Чика космодромидан учиришили режалаштирилганди. Парвозга тайёргарлик ширкатнинг Youtube канали орқали жонли эфирда намойиш этилди. Уни бир вақтнинг ўзида 500 мингдан кўпроқ одам томоша қилди.
Парвознинг қолдирилишига ракетанинг биринчи босқичидаги муаммо сабаб бўлди. Ракетадан 4600 тонна ёнилғи чиқариб олинади.
SpaceX асосчиси Илон Маск мазкур турдаги янги ракеталар ёрдамида Ойга, кейинроқ эса Марсга саёҳатларни уюштиришни режалаштирмоқда. Янги ракета ҳажми катта бўлган сунъий йўлдошлар ва космик аппаратларни коинотга олиб чиқиши мумкин.
Иккинчи босқичига коинот кемаси интеграция қилинган ракетанинг узунлиги 120 метр, диаметри 9 метр, оғирлиги беш минг тоннага яқин. Ракетани 7950 тонналик шатаклаш кучига эга бўлган 33 та метан-кислородли двигател коинотга кўтаради. Бу космонавтикадаги рекорд кўрсаткичлардир.
Қиёслаш учун айтсак, СССР тарихидаги энг катта ташувчи ракета “Н-1”нинг баландлиги 105,3 метр, оғирлиги 2950 тонна эди ва 30 двигателга эга бўлган. АҚШнинг Ойга учиш дастури доирасида 1970 йилларда ясаган энг катта ракетаси “Сатурн-5” бешта двигателга эга бўлиб, оғирлиги 2950 тонна бўлган. Бу ракетанинг юк ташиш самарадорлиги SpaceX ракетасиникидан 1,7 марта оз бўлган. “Сатурн-5” 140 тонна, “Старшип” эса 250 тонна юкни коинотга олиб чиқа олади.
“Старшип” коинотда 90 минут парвоз қилиши ва Ҳавайи ороллари атрофида сувга тушиши мўлжалланган эди.
Келажакда “Старшип” кўп маротаба қўлланиладиган ракетага айланиши кутилмоқда. Бироқ ракета биринчи синов парвозидан сўнг сувга чўктирилади.