Президент Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов 5 ноябрь куни Тошкентда махсус матбуот анжумани ўтказиб, маҳаллий матбуотга берган видеоинтервьюсида нега "2020 йилда Ўзбекистонда кунига 5,600 сўм ишлаб топган одам камбағал эмас”, деганини изоҳлашга уринди.
Давлат мулозими анжуманда “глобал камбағаллик ўлчовлари ва миллий камбағаллик ўлчовлари” ҳақида гапирди.
Таҳлилчилар президент иқтисодчисининг баёноти муносабати билан Ўзбекистонда ҳануз "истеъмол саватчаси"меъёри жорий этилмаганига эътибор қаратишмоқда.
Қарийб уч йил аввал президент Мирзиёев “аҳолининг муносиб ҳаёт даражаси учун зарур бўлган” даромадларни аниқлаш учун “истеъмол саватчаси” тушунчасини қонунчиликда мустаҳкамлаш зарурлиги ҳақида гапирганди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов 5 ноябр куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида (АОКА) ўтказилган матбуот анжуманида ўзининг икки кун олдинги "2020 йилда Ўзбекистонда кунига 5,600 сўм ишлаб топган одам камбағал эмас”, деган баёнотини изоҳлар экан, камбағалликнинг ўлчовлари ҳақида гапирди.
Мавзуга алоқадор Кунига 5600 сўм топган одам камбағал эмас, деган президент иқтисодчиси тармоқда ҳажв қилинмоқдаКамбағалликнинг икки тури?
Обид Ҳакимовнинг айтишича, “глобал камбағаллик ўлчовлари ва миллий камбағаллик ўлчовлари (бор). Глобал камбағаллик ўлчовларини ўз мандатига кўра, Жаҳон Банки белгилайди. Жаҳон Банки паст ўрта даромадли мамлакатлар даромади ўсишидан келиб чиққан ҳолда, глобал камбағаллик чегарасини 3,2 АҚШ доллари миқдорида белгилаган. Агар мамлакат юқори ўрта даромадли мамлакатлар қаторига кирадиган бўлса, у мамлакат камбағаллик чегарасини 5,5 АҚШ доллари миқдорида белгилаган”.
Мулозим калькулятори
Президент маъмурияти мулозими Жаҳон банки белгилаган 3,2 АҚШ долларини қандай қилиб 5600 сўмга ўгирганини мана бундай изоҳлади:
“3,2 доллар қандай қилиб 5600 сўмга ўтказилди, деган гапга келадиган бўлсак, ўша ерда тўлов қобилияти паритети бўйича деб аниқ қилиб айтдик. Тўлов қобилияти паритети бўйича 3,2 доллар қийматдаги маҳсулотлар, масалан АҚШда бу қийматга нима маҳсулотлар ола оласиз, шу пулнинг қанча кучи бор? Шу маҳсулотларни Ўзбекистонда қанчага олса бўлади? Мана шу паритет коэффициенти бўйича ҳисобланади. У номинал бўйича ҳисобланмайди”.
Обид Ҳакимов ўз фикрига аргумент сифатида Америкада бир дона нон 2 доллар туришини, Ўзбекистонда эса, бир дона нон 20 цент туришини айтади.
Нонуштага битта нон, тушликка битта нон, кечкига - йўқ
Ўзбекистонлик иқтисодчи, “Савдо бирлашмаси маркази” МЧЖ бош директори Кушодбек Усмонов Озодлик билан суҳбатда Обид Ҳакимовнинг 5 ноябрь куни айтганларининг баъзи нуқталарини шарҳлади.
Кунига 5600 сўмгина топаман. Оддий нон бозорда еки нонвойда 2500 сўм, 2 та нон олдим, қолган 600 сўмга ҳеч нима бермайди! 600 сўм Сизга совға!
Мустақил иқтисодчи давлат мулозимининг Ўзбекистондаги нархларни АҚШдаги нархларга қиёслаганига эътибор қаратар экан, нега у айни пайтда Америкадаги ўртача иш ҳақини Ўзбекистондаги иш ҳақига қиёсламайди, дейди.
Усмонов мулозим тилга олган нон масаласида давлат расмийси билан ғойибона баҳсга киришиб, бундай деди:
“Ҳурматли директор Обид Ҳакимов! Тассавур этамиз: кунига 5600 сўмгина топаман. Оддий нон бозорда ёки новвойда 2500 сўм, 2 та нон олдим, қолган 600 сўмга ҳеч нима бермайди! 600 сўм Сизга совға! Мен кунига 3 та нон ейман! Бир маҳалимга нон йўқ-ку?! Фикрингизча, мен камбағал эмасман. Кечки овқатга бошқа егулик у ёқда турсин, ноним ҳам йўқ-ку?! Хотиним, болаларим-чи? Улар очдан ўлиб кетаверсинми?!”
Тухумнинг шакли Швецияда ҳам, Ўзбекистонда ҳам бир хил. Нархи ҳам
Обид Ҳакимовнинг баёнотларини чет элда яшаётган ўзбекистонликлар ҳам ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилмоқда. Улар ўзлари яшаб турган мамлакатдаги нархларни Ўзбекистондаги нархларга қиёслашни таклиф қилишади.
Швецияда 1 кг гўшт 50 крон, яьни 5 евро; нон 0.80 евроцент; тухум 10 донаси 1 евро.
Бир неча йилдан бери оиласи билан Швецияда яшаётган бухоролик 42 яшар Ш.Р. 5 ноябрда Озодлик билан мана бу маълумотни ўртоқлашди:
“Швецияда 1 кг гўшт 50 крон, яьни 5 евро; нон 0.80 евроцент; тухум 10 донаси 1 евро; бир ойда 2600 евро ойлик оламан 100 еврони озиқ- овқату интернетимга ишлатаман. Ўзбекистонга, ота-онамга ҳар ой 1000 доллар жўнатаман.
Бу маълумотларни Ўзбекистон Давлат cтатистикаси қўмитасининг 3 ноябрь куни қайд этган нархларга қиёслашингиз мумкин:
суякли мол гўшти 45 000 сўмдан 60 000 сўмгача (кг);
қўй гўшти 48 000 сўмдан 75 000 сўмгача (кг);
тухум 7 000 сўмдан 15 000 сўмгача (10 дона).
Марказий банк 27 октябрда 1 АҚШ долларини 10 минг 366 сўм 86 тийин қилиб белгилаган.
Камбағаллик чегараси изланмоқда ёки "йўқолиб қолган" саватча
Обид Ҳакимовнинг 5 ноябрдаги матбуот анжуманида айтишича, Президент Администрацияси ҳузуридаги у бошқараётган Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг“ асосий мақсади – Ўзбекистондаги миллий камбағаллик чегарасини ишлаб чиқиш”дир. Обидовга кўра, бу чегарани ишлаб чиқиш учун ҳозир тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Ваҳоланки, мамлакат президенти “камбағаллик чегарасини ишлаб чиқиш”нинг бошқа механизми – “истеъмол саватчаси” тушунчасини киритишни таклиф қилган эди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг декабрида Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида бундай деган:
“Биз илғор хорижий тажриба асосида аҳолининг муносиб ҳаёт даражаси учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш бўйича “истеъмол саватчаси” тушунчасини қонунчиликда мустаҳкамлаш ва уни амалда таъминлаш механизмларини яратишимиз лозим”.
Шундан сўнг Ўзбекистонда «истеъмол саватчаси» ва «яшаш минимуми» тушунчаси жорий этиладиган, шунингдек, уларни ҳисоблаш мезонлари аниқлаштириладиган бўлган, бу чоралар 2018 йилги Давлат дастурида назарда тутилиб, бу ташаббусни 1 июлга қадар амалга ошириш режалаштирилган эди.
Иқтисодиёт вазирлиги томонидан Ўзбекистонда истеъмол саватчасининг минимал миқдори ва яшаш минимумини ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги лойиҳа қилинган. Бироқ 5 ноябрь ҳолатига Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталининг ўша лойиҳа эълон қилинган саҳифасида ҳеч нарса йўқ.
Истеъмол саватчаси масаласи орадан қарийб 3 йил ўтиб, жорий йилнинг 3 июнида президент Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида яна кўтарилди. Йиғилишда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига жорий йил 1 октябргача тирикчилик учун зарур энг кам миқдор ва минимал истеъмол саватчасининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Натижа нима бўлгани Озодликка маълум эмас.
Истеъмол саватчаси ҳақида қонун қабул қилса, давлат аҳолининг ижтимоий ҳимояси учун катта маблағ ажратишига тўғри келади.
Нима учун истеъмол саватчаси масаласи бу қадар чўзилмоқда?
“Савдо бирлашмаси маркази” МЧЖ бош директори Кушодбек Усмоновнинг бу борада ўз фикри бор.
“Истеъмол саватчаси ҳақида қонун қабул қилса, давлат аҳолининг ижтимоий ҳимояси учун катта маблағ ажратишига тўғри келади. Пандемия даврида аҳолига пул ажратмаган давлат, бундай катта маблағни ажратадими?...”
Кушодбек Усмоновнинг фикрича, камбағаллик ва унга қарши кураш ҳақидаги гаплар шунчаки, "популистик баёнотлар".
"Обид Ҳакимовнинг айтганлари ҳам ўша баёнотлар қаторидаги гап – иссиғи ҳам, совуғи ҳам йўқ", - дейди мустақил иқтисодчи ва тадбиркор.