Ўзбекистонда 2022 йилда “снос”лар туфайли жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш учун давлат бюджетидан 500 миллиард сўм маблағ йўналтирилади. Молия вазирлигининг 2022 йил учун бюджетнома лойиҳасида маълум қилинган бу жиҳатга Газета.uz нашри эътибор қаратган.
Бюджетнома лойиҳасига мувофиқ, 2022 йилда Давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича жамғармасига Вазирлар Маҳкамаси захира жамғармаси маблағларининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда, яъни республика бюджетидан 500 миллиард сўм маблағ ажратиш режаланган.
Қайд этилишича, 2021 йилда бу йўналишдаги харажатлар учун 273 миллиард сўм, 2020 йилда эса 215,8 миллиард сўм ажратилган.
“Снос”дан етган зарарни қоплаш учун ажратилган маблағнинг қарийб икки баробар оширилгани, кузатувчилар фикрича, Ўзбекистонда “буза-буз”лар кўлами камаймай, аксинча кўпайишидан дарак бўлиши мумкин.