"Денгиздан сув қочганда.." Кичик Оролнинг сўнгги балиқчилари

Кичик Орол соҳили — Орол денгизининг шимолий қисми. Қизилўрда вилояти, 3 июль, 2024

Тастубек – Орол денгизи бўйидаги кичкина балиқчилар овули. Денгиздан сув қочганда бу ерда ҳаёт деярли тўхтаб қолганди. Кўкорол тўғони қурилгач денгизнинг шимолий қисми қайтадан сувга тўлди, сув билан бирга балиқчилар ҳам қайтишди. Бугунги кунда шимолий Орол яна саёзлашган, сув тортилиб бормоқда, аммо Тастубекда ҳаёт ўз маромида давом этаётир: балиқчилар ҳар куни тўр ташлаб, камтарона ўлжани йиғиб оладилар. Озодлик радиоси қозоқ хизмати мухбири Пётр Троценко Кичик Орол деб билинган Орол денгизининг Қозоғистон томонидаги балиқчиларнинг бугунги ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади.

Саҳар вақти. Қуёш уфқдан бош кўтарганича йўқ, купе ичи кўройдин. Мен эски, шалоқ поездда Оролбўйи чўллари бўйлаб кетяпман. Дарча ортидаги манзара соатлаб ўзгармайди: сариқ-бўз чалачўл, бетон симёғочлар, чанг босган гиёҳларни ўйчан кавшаётган оғиркарвон туялар. Камина Қизилўрдадан отланиб, бир замонлар баҳайбатлиги учун денгиз номини олган кўл соҳилида бўлган Орол шаҳрига боряпман. Темирйўл бекати ҳамон Арал теңізі деб аталади, гарчи бу ерда қачонлардир катта сув бўлганини эслайдиганлар кам қолган бўлса-да.

Поезд деразасидан олинган Оролбўйи дашти. Қизилўрда вилояти, 4 июль, 2024

Мен тушган купели вагон шу қадар абгор ва кўҳнаки, Орол денгизи тўлқинлари шаҳар этагини ювиб турган, бандаргоҳда балиқчи кемалар қантариғлиқ турган замонларни кўрган бўлса ажаб эмас. Ўшандан бери ярим асрдан зиёд вақт ўтди. Ҳозирда портнинг очилиб қолган тубида қайноқ чўл шамоли майда тузли тупроқни ҳавога кўтарганча ғувиллаб юради.

Сафарим Орол шаҳрида тугамайди. Ундан ўтиб, бу ерлардан ўнлаб километрга чекинган денгиз бўйларига чиқишим керак. 1980-йиллар охирида Орол денгизи шиддат билан қуриб, икки – шимолий ва жанубий қисмга бўлинган. Шимолий қисмга (ҳозир уни Кичик Орол дейишади) Сирдарё дарёси қуйилган, унинг суви жанубий Оролга кетиб қолмаслиги учун дарё этагида тўғон қуришга қарор қилинган эди.

Орол денгизидаги чўлга айланган бандаргоҳ. Қизилўрда вилояти, 4 июль, 2024

Тўғон ўрнида дастлаб қум ва тупроқ уйиб, банд кўтарадилар, лекин у чидаш бермайди ва икки марта ювилиб кетади. Ахийри Жаҳон банки чинакам бетон иншоот қурилишига пул ажратади ва 2005 йилда 13 километрли Кўкорол тўғони бино бўлади. Аммо у ҳам муаммони тўлиқ еча олмайди.

Биринчидан, конструкция етарлича баланд эмас – атиги 6 метр: Кичик Орол суви шунча кўтарилгач, ортиқчасини қақраб ётган жанубий қисмга қўйиб юборишга тўғри келмоқда, бу-ку майли, бироқ сув билан бирга балиқлар ҳам оқиб кетади ва ҳаддан ортиқ шўр муҳитда нобуд бўлади. Боз устига, тўғон жанубий Оролни Сирдарё сувидан узиб қўйиб, ҳалокатини тезлаштирди. Ҳозирда Кичик Оролда сув ҳажмини ошириш учун тўғонни яна 6-8 метрга кўтариш ҳақида гапирилмоқда, аммо бунга жуда катта маблағ керак бўлади.

Орол денгизининг шимоли узра учаётган қағоқ (чайка). Қизилўрда вилояти, 3 июль, 2024

2000-йиллар ўрталарида Кичик Оролни қутқариш лойиҳаси муваффақиятли ҳисобланган: ҳавза тўлган, сув шўри камайган, балиқ эса кўпайган. Оролни тиклашдан умид узилмаган бўлса-да, аввалги некбинлик йўқ, чунки Сирдарё суви йил сайин тортилмоқда.

Шунга қарамай, чалажон денгиз бўйида одамлар ҳануз яшашяпти. Улар юз йиллар бурунги ота-боболари каби, балиқ овлаб тирикчилик қилишда давом этмоқдалар.

Қачондир Орол денгизининг туби бўлган ерларда моллар чўзилиб ётибди. Қизилўрда вилояти, 4 июль, 2024

ТАСТУБЕК

Орол шаҳрида поезддан тушиб, машинага ўтираман. Қаҳри қаттиқ иқлим ва дабдала йўлларга чидамли каттакон япон улови мени шаҳардан юзлаб чақирим олисда ва денгиздан атиги беш километр берида жойлашган Тастубек овулига олиб кетмоқда. Овул аҳли балиқ овлаш ва мол боқиш билан шуғулланади. Тастубекда шулардан бошқа тирикчилик манбаи йўқ.

Ҳайдовчи – Серик исмли 40 ёшлар чамали йигит. Орол шаҳрида туғилиб, катта бўлган. Шаҳрини яхши кўради, ҳеч қаерга кўчиб кетишни истамайди. Серик шаҳар яқинида бир пайтлар денгиз бўлганини ота-онасининг ҳикояларидан билади, холос. У даврларда атроф-музофотдаги барча одамларнинг турмуши денгиз билан узвий боғлиқ эди.

Бир пайтлар Орол денгизининг туби бўлган ярим чўл ҳудуд. Қизилўрда вилояти, 3 июль, 2024

– Онам 25 йил Орол балиқни қайта ишлаш заводида ишлаган. Катта завод бўлган, бутун шаҳар шу корхона туфайли бунёд қилинган, – дейди Серик. – Орол тўла бўлган йиллар балиқ заводида салкам уч минг киши ишлаган экан. Отам эса кемасозлик заводида ишлаган. Денгиздан сув қочгач бу корхоналарнинг бари ёпилиб кетди.

Орол шаҳрида Серикнинг кичкина бизнеси бор: у сайёҳларни Оролбўйидаги таниқли жойларга томошага олиб боради. Ҳувиллаб ётган балиқчи манзилгоҳларига, Кичик Оролга, Кўкорол тўғонига. Ажнабийлар илгари кемалар қабристонини кўришга ишқибоз эди, лекин маҳаллий аҳоли эски кемаларни аллақачон бўлаклаб ташиб кетиб, пуллаб юборган. Серик сайёҳлик бизнеси даромадли иш, лекин мавсумий, қишда бу ерларга чет элликлар кам келади, дейди.

Бирдан асфалт тугаб, эски тошйўлга чиқамиз. Чанг-тўзғон кўтарилиб, уловимиз силкина бошлагач Серик ойналарни кўтаради ва кондиционерни қўшади. Кондиционер бўлмаса бунақа жойларга узоқ сафар, айниқса бегона одамни ҳолдан тойдириши аниқ. Лекин маҳаллий аҳоли учун жазирама, чанг-тўзон ва шамол – ҳар куни бўладиган оддий нарсалар.

Кичик Оролда тонг отмоқда. Қизилўрда вилояти, 4 июль, 2024

– Айтишларича, илгари одамлар кўп касал бўлган: шамол денгиз тубидаги тузни ҳар ёққа сочган, ҳар икки кишидан бирининг ўпкаси ё буйраги оғрир экан. Лекин ҳозир нолишмайди, касаллик камайди. Ёки кўникишди. Кичик Оролда сув кўтарилган, шўр аввалгидан анча кам.

Гапга андармон бўлиб Жаланаш қишлоғига етганимизни билмай қолибман. У ҳам бурун балиқчилар манзилгоҳи бўлган, аммо денгиз чекинганидан сўнг ҳувиллаб қолган. Бу томонлама Тастубекнинг омади бор экан – Кўкорол тўғони қурилиши маҳаллий балиқчиларнинг жонига оро кирди.

Ака-укалар Сержан ва Нуржан тонгги балиқ овига чиқмоқда. Қизилўрда вилояти, 4 июль, 2024

1990-йилларда Оролда сув жуда тортилиб, шусиз ҳам кичик овул (30 йил муқаддам Тастубекда қарийб 90 та хонадон бўлган)да ҳаёт деярли тўхтайди. Бошқа борадиган жойлари бўлмаган 7-8 оила қолади, холос. Тўғон қурилиб, Орол денгизининг шимолий қисмига сув қайтгач, одамлар Тастубекни қора тортиб кела бошладилар. Уларнинг аксари балиқ овлаб бой бўлишдан умидвор ишсиз ёш-яланг эди.

Бугунги кунда Тастубекда 120 жон истиқомат қилади, балки камроқдир. Аниғини менга ҳеч ким айтолмади. Қишлоқда тўрт йиллик мактаб, электр бор, бултур эса сим тортиб интернетни улаб беришибди: суст ишласа ҳам WhatsApp орқали фото жўнатиш ва Tik-Tok’да роликларни кўришга ярайди. Лекин мобил алоқа чатоқ, аниқроғи, йўқ. Интернет ўтказилгунича овулликлар қариндошлари билан гаплашиш ва дунёдан хабардор бўлиш учун Тастубекдан чиқишга мажбур бўлишган экан.

Тастубек овулидаги балиқчилардан бирининг аёли Ойкўрки. Қизилўрда вилояти, 4 июль, 2024

Биз ота-бобоси балиқчи ўтган ака-укалар – Сержан ва Нуржаннинг уйига келдик. Каттаси, Сержан анчадан бери Орол шаҳрида яшар, лекин тез-тез юртига келиб турар экан. Нуржан эса бир умр Тастубекда яшаган ва ҳеч қаерга кетмоқчи эмас. У балиқчилик ва чорва билан шуғулланади: туя, от боқади. Хотини Ойкўрки мактабда муаллима бўлиб ишлайди, икковлон тўрт болани катта қилишмоқда.

Нуржан балиқ тўрини ташламоқда. Қизилўрда вилояти, 3 июль, 2024

Паст бўйли, юзи шамол ва офтобдан қорайиб кетган вазмин табиатли Нуржон ўзи ҳақида истар-истамас, гўё биров мажбурлаётгандек кучаниб гапиради.

– Отам шу ерларда балиқ овлаган, бобом ҳам, мен уларнинг ишини давом эттиряпман. Тастубек менга ёқади: тинч-осуда, биқинимизда денгиз, балиқ бор. Хоҳласам эртагаёқ кўчиб кетишим мумкин, лекин кетмайман, чунки ватаним шу ер. Ёзда қимиз ва қумрон сотамиз, кузда бўрдоқига мол боқамиз, қиш ва баҳорда балиқ тутамиз.

Нуржан каттакон янги уй солган экан, пардози ҳали битмагани учун оила ёзлик ошхонада яшаб туришибди. Ҳовлида туяларни қамаш учун қўра ва бир нечта оғил бор. Кечқурунлари Ойкўрки мояларни соғиб, қумрон тайёрлайди. Бўсағада този ит ётибди. Нуржан кузда қамишзорларда ўрдак, чўлда эса қуён отиш мумкинлигини айтади.

Орол денгизи соҳилида балиқ овига ҳозирлик. Қизилўрда вилояти, 4 июль, 2024

Балиқчилик ҳам мавсумий машғулот. Бу билан асосан қиш ва кузда шуғулланишади. Совуқда балиқ серҳаракат бўлади ва тўрга кўп тушади, қолаверса ўлжани шаҳарга айнитмасдан, беталофат етказиш мумкин. Ёзда балиқ нархи тушиб кетади, овнинг ҳам баракаси учади, чунки балиқ салқин жой қидириб денгиз тубига тушиб олади. Ушлаш қийин бўлади. Тўғри, овулликлар ёзда ҳам балиқ овлашади, лекин асосан ўз рўзғорлари учун ёки оз-моз сотишга. Ўлжа сув сатҳига тўғридан-тўғри боғлиқ: сув қочган сари, балиқ ҳам камаяди.

– Тахминан 2019 йилдан денгиз яна тортила бошлади, чунки Сирдарё суви камайди, сув билан бирга балиқ ҳам – дейди Нуржан. – Баъзи йиллар кунига 80-100 килогача балиқ овлардик, ҳозир бунақа ўлжани фақат тушимизда кўрамиз.

Кичик Орол қирғоғидаги балиқчилар автоуловлари. Қизилўрда вилояти, 4 июль, 2024

Кеч кира бошлайди. Нуржан билан Сержан балиқчилик анжомларини шайлаб, моторни текширишади ва даққиюнусдан қолган “уазик”да денгиз томонга равона бўламиз. “Уазик”лар – Тастубекда энг оммабоп транспорт, ягона улов десаям бўлади, ҳар ҳолда мен шундан бошқасини кўрмадим. Сержан сабабини тушунтирди: бу атрофларда йўл йўқ, пишиқ, арзон ва тўртала ғилдираги тортадиган “уазик” эса бунақа жойлар учун жуда боп экан.

Кичик Орол қирғоғи тонг отаркан. Қизилўрда вилояти, 4 июль, 2024

Денгиз бўйида аллақачон бир-биридан эски “уазик”лар тизилиб турар, балиқчилар сувда куймаланганча қайиқларни шайлар ва анжомларни ташишмоқда эди. Сержан билан Нуржан ҳам тўр ва қайиқни машинадан туширишди, 20 дақиқадан сўнг денгизга чиқдик.

Қайиқ тобора илдамлаб кунботар тарафга сузади, соҳил кўздан йўқолади ва паррак тагида яшилтоб сув кўпиклана бошлайди. Нуржан қайиқнинг қуйруғида ўтирган кўйи бир қўли билан рулни айлантиради, иккинчи қўлида эса тўр солинадиган жойни аниқ топиш учун GPS-навигаторни ушлаб туради.

Ниҳоят, қайиқ секинлашади. Сержан билан Нуржан анжомларни тайёрлайдилар, сўнгра GPS-навигатордан координаталарни текширишади. Биз тўхтаган жой чуқур эмас экан: тип-тиниқ сув қатлами аро денгиз тубида ўсган сувўтларни кўриш мумкин эди.

– Чуқурликни ўлчамадик-ку, лекин денгиз барибир саёзлашяпти, – дейди Сержан тўр чигалини ёзиб укасига узатаркан. – Бу йил сув ўтган йилгидан салгина кўтарилган, балиқ ҳам кўпроқ.

Нуржан балиқ тўрини денгизга ташламоқда. Қизилўрда вилояти, 4 июль, 2024

Қирғоққа қайтамиз. Оға-инининг гапига кўра, Оролда зоғорабалиқ, оққайроқ, судак, чўртан ва хумбош каби балиқлар овланади. Нуржан 1980-йиллар охирида Оролга Азов денгизидан қалқонбалиқ (камбала) чавоқлари келтирилганини ва улар кутилмаганда бу ерга туппа-тузук мослашганини сўзлаб беради. Кейин бир китобда ўқидимки, қалқонбалиқ қайтага шўр сувни яхши кўраркан, тез кўпаяркан. Шу боис Кўкорол тўғони қурилиб, Орол сувида туз сезиларли даражада камайгач қалқонбалиқ танқислашиб кетибди.

Тастубекка етгунимизча қоронғи тушади. Балиқчиларни уйда туя гўштидан бешбармоқ кутиб турган экан. Овқатдан сўнг ҳовлида ётдик. Ёз тунлари бир тутам, тўрларни эса қуёш чиқмасдан текшириш керак.

Кичик оролда тонгги балиқ ови. Қизилўрда вилояти, 4 июль, 2024

ТОНГ

Энди кўзим илинганида будилник шовқин солди. Соатга қарадим: 3.30. Вақт бўлибди. Тастубек сув қуйгандек жим-жит: тонг олди шунақа бўлади, ҳатто қўриқчи итлар ва тунда ов қиладиган қушлар ҳам ухлайдиган маҳал. Фақатгина кўршапалаклар хўрак қидириб овул узра сассиз учарди.

Тастубек овулида тонг ёришмоқда.

Эски “уазик” таниш йўлдан силкина-силкина кетмоқда. Ҳали уйқумиз ўчмагани сабабли гаплашишга ҳеч кимда ҳафсала йўқ, чироқларнинг сариқ нури ёритиб турган чўлга тикилган кўйи жимгина кетяпмиз. Машина ортидан този итлар эргашиб келмоқда – нонуштага янги балиқ еб мазахўрак бўлиб қолишган шекилли. Қирғоқда аллақачон балиқчиларнинг бир нечта “уазики” саф тортиб турарди. Балки улар кечаси уйга кетишмагандир.

Нуржан этикларини кийиб денгизга чиқишга ҳозирланмоқда.

Ака-ука моторли қайиқни тушириб, қўнжи узун резина этик кийиб олишгач, сузиб кетдик. Ўн дақиқадан кейин қайиқ биринчи тўр олдида тўхтади: пластик идишдан ясалган пўкакни тонгги ғира-ширада тезда топдик. Сержан қайиқнинг бурун қисмида тик турганча тўрни эҳтиёткорлик билан, лекин чаққон торта бошлади, Нуржан эса унинг ёнида балиқларни тўрдан чиқариб олиб, қайиқ тубига ташларди. Биринчи тўрга 18 та ўртачароқ зоғорабалиқ илинибди.

Кичик оролда тонгги балиқ ови. Қизилўрда вилояти, 3 июль, 2024

Иккинчи тўрда озроқ экан: ўшандай катталикдаги ўнтача зоғорабалиқ ва бир жуфт товонбалиқ санадик.

– Ёзги мавсум учун ёмон эмас, – дейди Сержан. Аммо овозидан ҳафсаласи пир бўлгани сезилиб турарди. Биздан бирмунча узоқда, денгиз тўлқинлари узра яна бир қайиқ чайқалади. Назаримда, уларнинг ҳам ови унча бароридан келмаган.

Тепамизда сурбет чағалайлар балиқдан умидвор бўлиб чарх уради, аммо қайиқда одам кўп бўлгани учун яқинлашишга юраклари бетламайди. Ака-ука тўрларни сувга қайтаргач, қайиқни қирғоққа ҳайдайдилар. Олдинда уларни оддий қишлоқ ташвишларига тўла навбатдаги кун кутиб турибди: от ва туяларга қараш, яна мотори тақиллаб қолган “уазик”ни тузатиш керак.

Орол денгизида тонгги балиқ ови. Қизилўрда вилояти, 3 июль, 2024