Швейцария саммит якунларини Россия билан муҳокама қилмоқчи

Швейцария ТИВ раҳбари Игнацио Кассис (архив сурати)

Швейцария 15-16 июнь кунлари Украинадаги тинчликка оид халқаро конференция ва унинг якунларини саммитда иштирок этмаган Россия, Хитой ва бошқа мамлакатлар билан муҳокама қилишни истар эди. Бу ҳақда Швейцария ташқи ишлар вазири Игнацио Кассис тинчлик саммити якунларига бағишланган матбуот анжуманида билдирди.

Москвада элчихонамиз фаолият кўрсатмоқда ва ҳар икки ҳафтада биз ташқи ишлар вазири билан гаплашамиз, шундай экан, биз Россия билан конференция натижаларини муҳокама қилиш ниятимиз бор”, деган Кассис. Тинчлик саммитини уюштирган Швейцария вакиллари Украинада тинчликка эришиш учун урушаётган томонларнинг барчаси, демакки, Россия ҳам саммитда иштирок этиши лозимлигини бир неча бор таъкидлашган. Бироқ Москвага саммитда иштирок этиш таклифи йўлланмаган, бунга илк босқичда Украина қарши бўлган.

Швейцария ТИВ раҳбари конференция натижаларини унда иштирок этишдан бош тортган мамлакатлар, биринчи навбатда Хитой билан “тафсилотли муҳокама қилиш” режаланганини ҳам айтган. Кассисга кўра, тинчликка эришиш йўлларига оид турли ғоялар бўлиши мумкин ва илгарилашнинг умумий йўлини излаш учун бу ғояларни бирлаштириш зарур.

Сўнгги маълумотларга кўра, айни пайтгача тинчлик саммитини конференцияда иштирок этган 91 мамлакатдан 78 таси дастаклаган. Улар орасида АҚШ, ЕИга аъзо барча мамлакатлар, Япония, Австралия, Сербия, Грузия, Молдова, Туркия, Африка ва Лотин Америкасининг қатор мамлакатлари бор. Швейцариядаги саммитда тамсил этилган Ҳиндистон, Бразилия ва ЖАР каби йирик мамлакатлар аввало тинчлик ташаббуслари муҳокамасида Россия ҳам иштирок этиши зарурлигини айтиб, коммюникени имзолашдан бош тортишган.

Аввалроқ Москва вакиллари саммит уюштиргани учун Швейцарияни танқид қилишиб, таклиф қилинган тақдирларида ҳам унда иштирок этмаган бўлишларини билдиришган. Конференция бошланишидан бир кун олдин Россия президенти Владимир Путин тинчлик музокаралари бошланиши учун Украинадан ўз ҳудудларининг бир қисмидан воз кечиши кўзда тутилган ўз шартларини очиқлаган эди. Киев ва Ғарб буни тинчлик таклифи эмас, балки таслим бўлиш (капитуляция) талаби деб атаган.

Якуний коммюникеда Россия қўшинларининг Украина ҳудудидан олиб чиқиб кетилиши тўғрисида бевосита чақириқ йўқ, бироқ унда Украина дохил ҳар қандай давлатнинг халқаро тан олинган чегараларда ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллигини ҳурмат қилиш зарурлиги айтилган. Бундан ташқари, унда Запорожье АЭСини Украина назорати остига қайтариш, “ҳаммани ҳаммага” схемаси бўйича асир алмашиш ҳамда Россияга олиб чиқиб кетилган болалар ва ноқонуний олиб чиқиб кетилган шахсларни Украина қайтариш лозимлиги билдирилган. Ҳужжат тинчликка эришиш барча томонлар ўртасидаги мулоқотни талаб қилишига оид қайд билан якунланган.