Тошкентдаги ўндан зиёд оммавий ахборот воситаси (ОАВ) Марказий сайлов комиссияси (МСК)дан "сайлов жараёнини ёритгани учун ҳақини ололмаяпти".
Қатор маҳаллий интернет нашрларининг Озодликка тасдиқлашича, улар МСК билан имзоланган меморандум асосида 24 октябрда ўтган президент сайловини ёритишган, бироқ бунинг учун белгиланган тўловни олишмаган.
МСК масъули меморандум имзолаган ОАВларга тўлов ҳануз амалга оширилмаганини тан олди ва Янги йилгача уларнинг ҳақлари берилишини ваъда қилди.
3 декабрь куни Озодликка боғланган интернет нашрларидан бирининг масъулига кўра, унинг нашри МСК билан имзоланган меморандум асосида сайловни ёритган, бироқ ҳануз ҳақини ололмаяпти.
“Шу йилнинг 6 октябрь куни МСК 4-5та интернет нашри билан сайловни ёритиш бўйича меморандум имзолади. Биз ҳам шулар орасида бор эдик. Сайловни ёритдик, 40 миллион сўмлик иш қилдик. Лекин сайловдан кейин 1 ойдан зиёд вақт ўтганига қарамасдан бизнинг ҳақимиз берилгани йўқ”,- деди хавфсизлик сабаб исми ошкор қилинмаслигини сўраган интернет нашри масъули.
Озодлик суҳбатлашган яна уч интернет нашри масъуллари ҳам МСКдан пулини ололмаётганликларини айтишди.
МСК жорий йилдаги президент сайловини ёритиш бўйича ўндан зиёд ОАВ билан меморандум имзолаган.
Дастлаб жорий йилнинг 14 июль куни МСК билан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, “ЗўрТВ” телерадикомпанияси, “Uzreport” ҳамда “Дунё” ахборот агентликлари ўртасида меморандум имзоланган.
МСК 27 август куни “Халқ сўзи”-“Народное слово”, “Янги Ўзбекистон” - “Правда Востока”, “Ҳуррият” газеталари, “Human.uz”, “Qalampir.uz”, “Bugun.uz”, “Nova24.uz” интернет нашрлари, "Bright Uzbekistan" ахборот портали билан ҳам меморандум имзоланган.
6 октябрь куни МСК яна тўртта ОАВ билан меморандум имзолади. Булар “Kun.uz”, “Effekt.uz”, “Taftish.uz” интернет нашрлари ҳамда “Даракчи” газетасидир.
МСК билан 14та ОАВ ўртасида имзоланган меморандумда телеканаллар, агентликлар, нашрларга “президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича сайлов кампаниясининг бориши бўйича Марказий сайлов комиссияси фаолиятини мунтазам ёритиб бориш” юклатилган.
Озодликка тақдим қилинган меморандум нусхасида МСК ОАВларининг бу “хизматлари учун тўловларни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампаниясини молиялаштириш учун давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан” тўлаб бериши қайд қилинган.
Меморандумларга Марказий Сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев имзоси қўйилиб, МСК муҳри босилган.
МСКнинг Озодлик мухбири 3 декабрь куни боғланган масъули ОАВларга пуллари берилмаганини тан олди ва бунинг ечими устида ишланаётганликларнии таъкидлади.
“Ўндан зиёд оммавий ахборот воситаси билан меморандум имзоланган. Ҳали уларнинг ҳеч бирига МСК пул бермади. Сабаби ҳужжатлар билан боғлиқ ҳолат.Ўзининг тартиб-қоидаси бўлиши керак экан. Меморандумдан келиб чиқиб, биз уларга буюртма беришимиз керак экан. Биз буни кеч билдик. Шартнома тузилиб, улар томонидан қилинган ишларнинг акти бўлиши керак. Шу актларни йиғишда озгина муаммо бўлди. Актларнинг бир-иккита жойида хатоликлар бўлгани учун уларни қайтадан қилишга тўғри келди. Ҳозир ҳали ҳаммадан актларни тўлиқ олмадик. Шу жараёнлар чўзилиб кетгани сабаб пулни ўтказиб бериш кечикди. Лекин деярли охирига етиб қолди. Ҳужжатларни охирига етказиб олсак, Янги йилгача ҳаммасига пулларини ўтказиб берамиз”.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
МСК 29 октябрь куни 5 кун аввал ўтказилган президент сайловининг ниҳоий натижаларини эълон қилди. МСК сайтидаги расмий хабарда айтилишича, комиссия Шавкат Миромонович Мирзиёевни кейинги беш йил давомида Ўзбекистон президенти лавозимига сайлангани ҳақидаги қарорни қабул қилган.
Сайловнинг якуний натижаларига кўра, амалдаги президент сайловчиларнинг деярли 13 миллиони ёки 80,12% овоз тўплаган.
МСК раиси Зайниддин Низомхўжаев сайлов “демократик тамойиллар асосида ўтгани”ни иддао қилди.
Мавзуга алоқадор "Номзод ўз лавозимидан кенг фойдаланди" - ЕХҲТ президент сайлови ҳақидаЎзбекистондаги президент сайловини кузатган Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг кузатувчилар миссияси мамлакатдаги ислоҳотларга қарамасдан, сайловларда ҳақиқий рақобат кузатилмаганини қайд этди.
Европалик кузатувчилар мухолиф партиялар сайловга қўйилмагани, овоз бериш ва овозларни санаш жараёнида қонун бузилишлари қайд этилгани ҳамда Ўзбекистон ҳукумати ЕХҲТ доирасида зиммасига олган айрим мажбуриятларни ҳануз бажармай келаётгани таъкидланади.