Ўзбекистонда “самосуд” учун жавобгарлик кучайтирилади

Хоразмнинг Қўшкўпир туманида 2020 йил 9 июнь кечаси содир этилган "самосуд" видесидан скриншот

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида “самосуд” учун жавобгарлик чоралари кучайтирилади. Бу ҳақда 15 январь куни ўтказилган Ахборот ва оммавий коммуникациялара агентлигида ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берилди.


Хусусан, Ўзбекистон Репсубликаси Бош прокуратураси масъул ходими Шокир Назировга кўра, “самосуд” натижасида кимгадир тан жароҳати етказилса, бу ҳолат Жиноят Кодексининг 104-, 105- ва 109-моддалари бўйича чора кўрилишига олиб келади.


ИИВ вакилига кўра, бу жараён видеотасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирилса, Жиноят Кодексининг 130-моддаси, яъни зўравонлик ва ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маълумотларни тайёрлаш, уни тарқатиш ёки жойлаштирганлик учун жавобгар бўлади, яъни 22 миллион сўмдан ортиқ жаримага тортилади. Башарти, киши бундан аввал шундай қилмиш учун маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса.


“Самосуд" пайдо бўлишининг асосий сабаби нима? У шахсларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига нисбатан ишончсизлиги эмас, қонунларни билмаслиги ёки била туриб менсимаслигидан келиб чиқмоқда.
Тергов жараёнларида шу нарсага гувоҳ бўлдикки, одамлар жаҳл устида ёки ўз хатти-ҳаракатлари қонуний жавобгарликни келтириб чиқаришини билмаган ҳолда самосудга йўл қўяди”, - деди матбуот анжуманида Бош прокуратура вакили.


Тошкентлик ҳуқуқшунос Азамат Олимовга кўра, Бош прокуратура вакилининг бу гапи ҳақиқатага тўғри келмайди. “Самосуд”ларнинг кўпайиши давлат ҳокимияти бўғинларининг заифлиги ва тузумнинг ўзгариши билан боғлиқдир.
“Эслаб кўринг, мустақилликнинг дастлабки йилларида самосуд ва рэкетлар авж олганди. Ҳатто 1994 йилгача амал қилган Жиноят кодексида рэкет ва самосуд учун 165-модда бор эди. Ҳукумат бу жиноятларни жиловлаб олгач, моддаси “Товламачилик” деб ўзгартирди. Ҳозир ҳам ҳукумат самосудларга чек қўя олишга қодир бўлиши лозим”, - дейди ҳуқуқшунос.


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг декабрдаги қўшма сессиясида Сенатнинг мудофаа ишлари ва коррупцияга қарши кураш қўмитаси мамлакатда "самосуд"ларнинг ортиб бораётгани хавфли тенденция эканини таъкидлаган. Исми сир қолишини истаган ИИВ мулозимига кўра, тизимда жиноятларни қайд қилиш билан боғлиқ муаммолар юзага келган. Муаммонинг илдизи — "самосуд"ларнинг ошиб бораётгани ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари назоратининг сусайгани ва фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларига ёппасига эътибор қаратилаётгани нишонасидир.


“Масалан, бирор жиноятни қайд қилиб, уни оча олмасангиз, прокуратура дарҳол “укритые дело” деб ишдан олади. Ҳамма жиноятларни очиш имконияти ҳам чегараланган. Моддий техник база қашшоқ. Милициянинг қўли боғлиқ бўлгач, албатта самосуд кўпаяди-да”, - дейди мулозим.


Сирдарёлик социолог Ашраф Алиевга кўра, самосудларнинг каттагина қисмини маиший жанжаллар ва хулқий оғишиш билан боғлиқ жиноятлар ташкил қилмоқда.


“Жинсий ориентацияси бошқача бўлган шахсларга нисбатан жамиятнинг чидамсизлиги ёки милиция кириб бора олмайдиган оддий маиший қўйди-чиқдилар ҳам "самосуд"ларнинг субъектидир. Бунинг устига, технология ва ижтимоий тармоқлар ривожланиб кетди”, - дейди социолог.


Озодлик "самосуд"лар билан боғлиқ бир қанча материаллар эълон қилган. Уларда жумладан, жинсий ориентацияси ўзгача бўлган шахсларга тажовуз ва ўзаро муносабатларни мустақил равишда ҳал қилишга уриниш жиноятлари акс этган эди.