Ўзбекистонга COVAX дастури доирасида яқинда Pfizer, Moderna ёки ЖССТ тасдиқлаган бошқа вакцина келтирилиши мумкин. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Ботир Қурбонов маълум қилган.
Бу маълумотни Б. Қурбонов хорижий мамлакатларга ўқишга кетмоқчи бўлган фуқаролардан келиб тушган “Нега Ўзбекистонда ЖССТ тасдиқлаган вакциналар билан эмлаш олиб борилмаяпти?” деган саволга жавобан айтган.
“Август ойида Ўзбекистонга "Covax" дастури доирасида AstraZeneca (CovieShield эмас), Pfizer, Moderna ёки ЖССТ тасдиқлаган бошқа вакцина келиши кутилмоқда”, деган Санэпидхизмат мулозими жумладан.
Ўзбекистонда шу кунда аҳоли асосан ZF-UZ-VAC2001 ўзбек-хитой вакцинаси билан, айрим жойлардагилар эса Россиянинг “Спутник V” вакцинаси ҳамда Британиянинг AstraZeneca вакцинаси билан эмланмоқда.
Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш шу йил 1 апрелидан бошланган. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳозиргача Ўзбекистон аҳолисининг 4 фоизи коронавирусга қарши тўлиқ эмланган.