Самарқанддаги мактаб ва боғчаларнинг барчаси икки ҳафталик карантинга ёпилди

Самарқанд шаҳридаги барча мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида 14 кунлик карантин жорий этилди.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, бунга оид қарор шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги эпидемияга қарши кураш фавқулодда комиссияси томонидан тасдиқланган.

Комиссия қарорига “инфекцияни юқтириб олиш кўрсаткичи кейинги кунларда бир неча баробар ошиб бораётгани” сабаб ўлароқ кўрсатилган.

Ҳокимлик хабарномасида ўқувчиларга 27 апрелдан бошлаб онлайн таълим бериш тизими йўлга қўйилиши, карантин даврида муассасаларга кириб-чиқувчилар орасида коронавирус юқтириб олиш ҳолатлари кузатилмаса, яна анъанавий таълим тизимига қайтилиши билдирилган.