Француз тадқиқотчиси Пол Пеллиот 1906 йилда Россия ва Ўрта Осиё бўйлаб бир йиллик экспедицияни бошлайди.
Экспедиция қуроллар, консерваланган гўшт, чодирлар, 25 шиша Косте-Фолшер шампани ва 30 литр коньяк билан йўлга чиқади.
Франциянинг Марказий Осиёга экспедицияси Ғарбнинг “Россия ва Хитой Туркистони”га уюштирилган экспедициялари ортидан амалга оширилди. Мазкур экспедициялар бир вақтлар ўз даврида гуллаб-яшнаган қадимги хонликлар ва маданиятларнинг бебаҳо экспонатларини Европага олиб кетилишига сабаб бўлди.
Пеллиотнинг миссияси фотограф Шарль Нуэт томонидан саёҳат давомида олинган ажойиб тасвирлар билан янада аҳамиятлидир. 1500 дан ортиқ фотосуратлар яқинда Париждаги Гимет Осиё санъати музейи томонидан интернетда оммага тақдим этилди.
Қуйида ўзгаришлар ёқасида турган Марказий Осиё ва Россия империяси ҳақидаги тасаввурларни уйғотувчи энг ҳайратланарли фотосуратлар келтирилган.
Россия империяси кўмаги билан француз экспедицияси 1906 йил июль ойида Москвадан Самарқандга, бугунги Ўзбекистонга йўл олади.
Ўша пайтларда Россия империяси 1905 йилги инқилоб ва Япония билан урушдан сўнг сиёсий қўзғолонлар бўҳронида эди.
Француз экспедицияси Ўзбекистонни тадқиқ қилганидан сўнг, тонналаб жиҳозлари ва анжомларини божхонадан ўтказиш учун қарийб бир ой кутди. Шундан кейин шарққа ҳозирги Қирғизистон томон йўл олди.
Пеллиот Марказий Осиёни “Марказий Африкадан кам бўлмаган чуқур сирли” минтақа дея таърифлаган. “Россия минтақани эгаллаганидан” кейин Ғарб тадқиқотчилари тадқиқ қилиши учун йўл очилган.
Пеллиот экспедицияга лингвист бўлгани учун ҳам раҳбар қилиб тайинланган. У инглиз, рус, турк ва хитой тилларини билган.
Пеллиот экспедициясидан олдин Париж ва Санкт-Петербург ўртасида юқори даражадаги музокаралар ўтказилади.
Экспедицияни қўллаб-қувватлаш ва Россия назоратидаги ҳудудга кириш эвазига Россия Пеллиотдан (ўнгда, юқорида ўтирган) Хитой назорати остидаги минтақалардан разведка маълумотларини йиғиш учун жосус сифатида ўша пайтда Россия армиясининг ёш полковниги Карл Густаф Эмил Маннерхаймни (камеранинг орқа томонида) ўзи билан олиб кетишни талаб қилади.
Пеллиот қуролли қўриқчиларни яхши қабул қилади.
“Бу казаклар яхши ният билан келишди”, деб ёзади у. Ҳатто саргузаштларга чанқоқ офицерлардан бири, ўз ҳисобидан экспедицияга қўшилишни хоҳлади", деб ёзган Пеллиот.
Экспедиция дастлаб янги археологик кашфиётлар бўйича ўз мақсадларига эриша олмайди.
Пеллиот бир ҳамкасбига шундай деб ёзади: “Мен сизга шуни айтишим мумкинки, биз бу ерда ҳеч қандай шов-шувли кашфиёт қилмадик. Биздан олдин жуда кўп одамлар келган, японлар, немислар, руслар топиш осон бўлган ҳамма нарсани топиб бўлишган”
Экспедиция бугунги Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳудудларида бир неча ой бўлиб, 1906 йил охирида Хитойга жўнаб кетади.
Экспедиция Хитойда янги топилмалар кашф қила бошлади. Хитойда қадимги Буддавийлик маданияти қолдиқлари ва минглаб хитой қўлёзмалари топилди. Бу экспедициянинг асосий кашфиёти бўлди.
Экспедиция муваффақиятли бўлди. Пеллиот Хитой ва Марказий Осиё бўйича дунёдаги энг машҳур мутахассислардан бирига айланди.
Экспедиция тугаганидан кўп ўтмай, фотограф Шарль Нуэтт 41 ёшида сил касалидан вафот этди.