Самарқанддаги қурилиш майдонида ўзбек ва турк қурувчилари ўртасида катта жанжал чиқди (ВИДЕО)

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Самарқанддаги қурилиш майдонида ўзбек ва турк қурувчилари ўртасида жанжал чиқди.

6 ноябрь куни Самарқанд шаҳрининг Қорасув массивида Agromir Buildings ширкатига қарашли Мотрид қурилиш майдонида катта жанжал юзага чиқди.

Озодликка юборилган видеотасвирда атрофи янги қурилаëтган кўп қаватли бинолар билан ўралган майдонда юзлаб одамнинг кичик гуруҳга ташлангани¸ бино ичкарисига уларни қувлаб киргани кўрилади.

Видеони суратга олган шахснинг “турклар тамом бўлди” деганидан жанжалнинг мазкур қурилишда ишлаëтган турк ва маҳаллий ўзбеклар ўртасида чиққани англашилади.

Озодликка бу жанжал ҳақида маълумот юборган самарқандликлардан яна бири¸ сон жиҳатдан кўп бўлган ўзбекларнинг туркияликларни калтаклаганини билдирди.

Озодлик ихтиëрида жароҳатланган ва ҳибсга олинганлар ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Аммо Самарқанд вилоят прокуратураси расмий маълумотида ҳодиса чоғида “Туркиянинг 3 нафар ва Ўзбекистоннинг 1 нафар фуқароси тан жароҳати олган”и қайд этилади. ​

Озодлик манбалари Туркия элчисининг воқеадан бир неча соат ўтиб-ўтмай Самарқандга “вазирлардан бири ҳамроҳлигида” етиб келганини хабар қилди.

Самарқанд шаҳар ИИБ навбатчиси бу воқеани инкор қилмади¸ тафсилотларни олиш учун ИИВ матбуот хизмати билан боғланишни маслаҳат берди.

Озодлик хабари билан кетма-кет эълон бўлган ИИВ расмий маълумотида бу муштлашув «безорилик» деб таснифланди.

Тонгги жанжал

Озодликка Agromir Buildings қурилиш ҳудудида жанжал юзага чиққанини хабар қилган самарқандликлардан бири ўзини мазкур ширкат ишчиси деб таништирди.

Мен ишга кечроқ келсам¸ бутун объект ИИБ ва Миллий гвардия томонидан ўраб олинган экан. Ҳеч кимни киритишмади¸ бугун иш бўлмади. Билсам¸ катта жанжал чиқиб¸ ўзбек ишчилар қурилишда ишлаëтган туркияликларни урипти. Ўлганлар йўқдирку¸ лекин қаттиқ яраланганлар бор”¸ деди воқеага бевосита гувоҳ бўлмаганини таъкидлаган самарқандлик ишчи.

Бу суҳбатдош тахминича¸ Мотрид объектида камида 1500 дан ошиқ одам ишлаган.

Куннинг иккинчи ярмида Озодликка юборилган видеода катта қурилиш майдонида юзага чиққан жанжал эпизоди акс этган.

Унда юзлаб одам тўпланиб турган катта майдоннинг бир чеккасида жанжал бошлангани¸ сўнгра бир гуруҳ одамнинг қаршидаги битмаган бино подъездига қараб қочгани¸ бошқаларнинг уларни қувлаб ортидан киргани кўрилади.

Воқеани юқори қаватдаги деразадан тасвирга олган қурувчилардан бири тожик тилида “турклар тамом бўлди” деганидан¸ қочганларнинг турк ишчилари экани англашилади.

Жанжал сабаби

Озодликка боғланган самарқандликлардан яна бири¸ 6 ноябрь кунги жанжалнинг турк ва маҳаллий ишчилар ўртасида чиққанини билдирди.

Бу суҳбатдош¸ тонгда бошланган тўполоннинг соат 3 ларга бориб тинчитилгани¸ жароҳат олганлар сонининг анча катта эканини қўшимча қилди.

Озодлик гаплашган самарқандликлар жанжал бошланиши ҳақида икки тахмин тарқаганини билдирди.

Биринчиси¸ гўë турк ишчилари ошхонада ишлайдиган маҳаллий аëлни зўрлаган ва жанжал шундан бошланган. Иккинчи тахмин¸ жанжал маҳаллий ишчиларнинг ўзлари ва туркларга айни иш учун берилаëтган ойлигидаги катта фарқдан келиб чиққан. Менимча¸ иккинчиси ҳақиқатга яқин. Agromir Buildings туркиялик ишчиларга 1000 доллар ойлик берса¸ ўзбекларга 100 доллар бераяпти. Бугунги жанжалга ана шу адолатсизлик бевосита ëки билвосита сабаб бўлган”¸ деди Озодлик гаплашган воқеа тафсилотларидан билвосита хабардор самарқандлик ишчи.

"Элчи Самарқандда. Жанжални бекитишаяти"

Озодлик манбалари¸ жанжал тугар-тугамас Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Самарқандга етиб келганини маълум қилди.

Тошкентдан қайсидир вазир ҳамроҳлигида келди¸ кимлигини аниқ айта олмайман. Бу воқеа ҳақидаги хабар чиқиб кетмаслиги учун ҳаммани қаттиқ қўрқитишди¸ атрофни ўраб¸ сурат ва видеолар тарқамаслиги учун роса ҳаракат қилишаяпти”¸ деди Озодликка видеони юборган самарқандлик ишчилардан бири.

Озодлик ҳозирча расмийлардан жанжал тафсилоти ва унинг мотивлари ҳақида маълумот ола олмади.

Самарқанд шаҳар Ички ишлар бошқармасининг Озодлик боғланган расмийси жанжал юзага чиққанини инкор қилмади¸ аммо унинг тафсилотини ўрганиш учун ИИВ матбуот хизмати билан боғланишни тавсия қилди.

Мазкур хизмат телефонларига ҳеч ким жавоб бермади.

ИИВ расмий баёноти

Озодликнинг ушбу мақоласи эълон қилиниши билан кетма-кет Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати воқеага оид расмий баёнот эълон қилди.

Баёнот мазмуни қуйидагича:

"Самарқанд вилояти Қора-сув массиви ҳудудидаги безорилик юзасидан.

Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармасининг маълумотига кўра жорий йилнинг 6 ноябрь куни Самарқанд шаҳар, Қора-сув массиви, Обод Маскан маҳалласи ҳудудида “Агромир Билдинг” корхонаси томонидан қурилаётган кўп қаватли уйларнинг қурилиш майдонида қурилиш-монтаж ишларини олиб бораётган ўн нафар ишчилар ўртасида ўзаро келишмовчилик оқибатида жанжал келиб чиққан.

Мазкур ҳолат оқибатида тўрт нафар фуқаро Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалига турли тан жароҳатлари билан мурожаат қилишган.

Хозирги кунда ушбу ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277 моддаси 2 қисми “б” банди билан (бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган безорилик) жиноят иши қўзғатилиб, терговолди ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Фуқароларимиздан, мазкур ҳолатнинг барча тафсилотлари аниқланиб, тергов якунига кўра тўлиқ ахборот берилишига қадар, ижтимоий тармоқларда айланаётган видео тасвирларга номақбул изоҳлар беришларидан ўзларини тийишларини сўраймиз".

Туркия ширкати деб кўриладиган Аgromirbuildings ўз расмий сайтида ўзини оддий "одамлар орзуларини ушалтирадиган" ширкат сифатида тақдим этган.

Ўзи ҳақидаги маълумотга кўра¸ ширкат 2005 йили Қозоғистон пойтахти Остонада ташкил этилган.

Ширкатнинг алоқа учун ажратилган рақамларига кун давомида ҳеч ким жавоб бермади.

Агар сиз бу воқеа гувоҳи¸ ëки ундан жабр кўрганлардан бўлсангиз¸ ўзингиз билган тафсилотларни Озодликка йўллашингиз мумкин.

Озодликка маълумот юборишнинг энг қисқа йўли Telegramдаги @ozodnews манзили ëки +420 724 971 539 рақамига боғланишдир.