Россиялик қўшиқчи Ирина Дубцованинг Тошкентда бўлиб ўтиши керак бўлган концерти бекор қилинди. Бу ҳақда Anons.uz нашри ўз Telegram-канали орқали маълумот тарқатди.
Нашр қайдича, кремлпараст эстрада хонандаси 25 июнь куни "Оби ҳаёт" ресторанида чиқиш қилиш кутилган эди.
Концертдан бир неча кун аввал асли ўзбекистонлик қўшиқчи Наргиз Зокирова Дубцова ва унга ўхшаган россиялик хонандаларнинг Тошкентга келаётганидан норози бўлиб, ўз каналида пост қолдирган эди.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда россиялик хонанда Григорий Лепснинг шу йил 23 октябрида Тошкентда бўлиб ўтиши кутилаётган концерти бекор қилингани, бунга бир гуруҳ ўзбекистонликларнинг мазкур концертни бекор қилиш талаби билан чиққани сабаб бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган. Бироқ бу хабар ўз тасдиғини топгани йўқ.
Бир неча кун муқаддам блогер Мирзо Зоминий ўз Telegram-канали орқали #LepsKerakmas хэштеги билан кампания бошлаган эди. Блогер ўз ташаббусини қўшиқчи Лепснинг Украинадаги урушни дастаклаётгани билан изоҳлаган.
"Ўзбекистон сенларнинг ота-бобонгдан қолган мулк ёки жангчиларингни мукофотлаш учун пул йиғиладиган жой эмас. Тошкентдаги концерти учун чипталар 150 000 сўмдан 4 миллион сўмгача экан. Ор-номуси бор ўзбекистонликлар, максимум бўлишинг. Қонхўр машина ёқилғи билан таъминланишига йўл қўйманг“, деб ёзган эди блогер ўтган ҳафтада.
Россиялик хонандалар Григорий Лепс ва Николай Басков бир неча ҳафта муқаддам Украина Қуролли кучларига оид танкларни йўқ қилган ҳар бир кишига бир миллион рублдан мукофот беришларини эълон қилишган эди. Бунинг ортидан Лепснинг Қозоғистондаги концерти бекор қилингани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.