Европа Иттифоқининг доимий вакиллари Украинага қарши босқинчилик урушини олиб бораётган Россияга қарши санкцияларнинг 11-пакетини мувофиқлаштиришди. Бу ҳақда Озодликнинг Брюсселдаги мухбири хабар қилди.
Янги чекловлар 70 нафар жисмоний шахс ва 30 та ҳуқуқий шахсга дахлдор бўлади. Польшанинг ЕИдаги элчиси Анджей Садосга кўра, “Дружба” нефть қувурининг шимолий тармоғи ҳам санкция остига тушади.
Bloomberg агентлиги ҳам янги санкцияларда “Дружба”нинг шимолий тармоғи бўйлаб нефть етказиб беришни тўхтатиш кўзда тутилгани ҳақида ёзган. Янги пакет элчилар томонидан мувофиқлаштирилганидан кейин уни ЕИга аъзо мамлакатлар раҳбарлари имзолаши лозимлигини урғулаган агентлик бу давр ичида пакетга ўзгартишлар киритилиши мумкинлигини қўшимча қилган.
Мазкур қувурнинг шимолий тармоғи бўйлаб Европага Қозоғистон нефти, жанубий тармоғи бўйлаб эса Венгрия, Чехия ва Словакияга Россия нефти етказиб берилади.
Bloomberg қайдича, чекловларнинг янги пакети санкциялар айланиб ўтилишига қарши курашга қаратилган. Бу, энг аввало, Россиянинг Бирлашган Араб Амирликлари, Арманистон ва Ўзбекистон дохил Марказий Осиё мамлакатлари орқали тақиқланган технологияларни қўлга киритиш имкониятига тегишлидир.
“Европа Иттифоқининг янги механизми учинчи мамлакатларга экспортни чеклаш имконини беради”, дея хабар қилган Bloomberg агентлиги.