Жорий йилнинг 5 июлига ўтар кечаси Ўзбекистонга Россиядан “Спутник V” вакцинасининг 1-компонентидан 40 минг дозалик галдаги партияси олиб келинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, 1 июнь куни "Спутник V" вакцинасининг 1-компонентидан 70 минг доза, 10 июнь куни эса мазкур вакцинанинг 2-компонентидан 70 минг доза келтирилган эди.
Апрель ойида Россияда ишлаб чиқарилган бу вакцинадан 100 минг доза (50 минг дозаси 1-компонент, 50 минг дозаси 2-компонент) олиб келинганди.
Шу тариқа Ўзбекистонга келтирилган "Спутник V" вакцинаси захираси 280 минг дозага етган. ССВ яқин кунларда вакцинанинг 2-компонентидан яна 40 минг доза олиб келиниши кутилаётганини билдирган.
Аввалроқ Хитойдан Ўзбекистонга ZF-UZ-VAC2001 вакцинасидан 6,5 миллион доза, Буюк Британиянинг AstraZeneca (CovieShield) вакцинасидан 660 минг доза олиб келингани ҳақида хабар қилинган.
Шу тариқа, Ўзбекистондаги вакцина захираси 7 миллион 440 минг дозага етган.
Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш шу йил 1 апрелидан бошланган.
Расмий маълумотларга кўра, ҳозиргача Ўзбекистон аҳолисининг 2 фоизи коронавирусга қарши тўлиқ эмланган.