Россия Давлат думасига мамлакат боғчалари ва мактабларида мигрантлар фарзандларининг бепул ўқитилишини бекор қилиш таклиф қилинаётган қонун лойиҳаси киритилмоқда.
ТАСС агентлигининг хабар қилишича, мазкур ғоя муаллифи Давлат думасининг меҳнат, ижтимоий сиёсат ва фахрийлар ишлари бўйича қўмитаси раҳбари Ярослав Нилов бўлиб ҳисобланади. Нилов фикрича, “хорижлик болаларни Россия бюджети ҳисобидан ўқитиш бўйича хайрия эпопеясини тугатиш” вақти етган.
“Агар хорижлик ота-оналар истаса, марҳамат қилиб ўз болаларимизни таълим муассасаларимизга тижорий асосда (яъни муайян ҳақ эвазига демоқчи — таҳр.) жойлаштиришлари мумкин. Бунинг учун алоҳида тижорат синфлари очаверишсин. Бизнинг россиялик болалар хорижлик ишчилар фарзандларининг бу қадар кўплигидан азият чекмаслиги лозим”, деган Ярослав Нилов Дума мажлисидаги чиқишида.
Нилов ташаббуси Россия ҳудудида хорижлик ишчиларнинг юриш-туриш тартиб-қоидаларини кучайтиришдаги галдаги қадамлардан бири бўлди. Ҳуқуқ фаолларига кўра, бу қадамлар “тобора дискриминацион характерга эга бўлиб, Марказий Осиё мамлакатларидан бўлган мигрантларга қарши қаратилгани кундан-кунга аён бўлиб бормоқда”.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, Россияда мигрантларнинг фарзандлари бепул таълим олишади.
ТАСС агентлиги қонунчилик ташаббусига илова қилинган тушунтириш хатига таянган ҳолда ғоя муаллифлари “сўнгги йилларда болалар боғчалари ва мактабларда МДҲнинг қатор мамлакатлари ва Ўрта Осиёдан бўлган мигрантларнинг фарзандлари сони кескин кўпайиб кетгани”дан хавотирда экани ҳақида ёзган.
“Россиянинг боғча ва мактабларида мигрантлар фарзандлари сонининг назоратсиз ошиб бораётгани уларда жой етишмаслигига олиб келмоқда… Айрим мактабларда ўнлаб 1-синфлар очилмоқда, айни пайтда иккинчи сменада ўқийдиганлар улуши ошиб боряпти. Ўқитувчиларнинг ҳам дарс юкламалари ошган, улар меъёрдан 1,5–2 баравар кўп ишлашга мажбур бўлишмоқда”, дейилган ҳужжатда.
Аввалроқ Россия Давлат думаси раҳбари Вячеслав Володин миграцияни тартибга солиш масаласи парламент ишидаги устувор йўналишлардан бири эканини ҳамда депутатлар Россия фуқароси бўлмаган мигрантларга оила аъзоларини олиб келишни тақиқлайдиган қонун қабул қилиши мумкинлигини билдирган эди.
Россия жамиятида мигрантларга қарши риторика ва ксенофобия кайфиятлари шу йилнинг март ойида Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” савдо марказида содир этилган теракт ортидан кучайиб кетган. Мазкур ҳужумда гумонланиб камида 20 киши қўлга олинган. Асосан тожикистонликлардан иборат бўлган бу кишилар матбуот ва жамоатчилик учун ёпиқ тарзда ўтказилаётган судларда ўзларининг айбсизлигини билдиришмоқда.
Россия Ички ишлар вазирлиги сўнгги етти ой ичида мамлакатдан 90 мингдан зиёд ноқонуний мигрант чиқариб юборилганини билдирган.