Россия ҳукумати 15–17 март кунлари бўлиб ўтадиган сайловда президент Владимир Путин 85 фоиз овоз олишини таъминламоқчи. Бу вазифа қандай бажарилиши интернетга сиздирилган ҳужжатда батафсил баён қилинган.
Ўтган ҳафта охирида Астрахан нефтни қайта ишлаш заводи раҳбарияти ишчиларга 15–17 март кунлари Россия президенти сайловида овоз бериш бўйича йўриқнома варақалари тарқатган. Бу ҳақда “Осторожно, новости” телеграм-канали хабар берди.
НҚИЗда жами беш минг киши ишлайди. Йўриқномага кўра, уларга ҳаволаси бор матнли хабар юборилади, хабар сайлов участкасига боргандан сўнг очилиши керак. Ҳаволага кирилганда дастур телефон геолокациясини аниқлаб, корхона раҳбариятига ушбу рақам эгаси овоз бергани ҳақида хабар жўнатади. SMS олмаган ходимларга эса “сайлов участкасидаги одам” кўрсатган QR-кодни сканерлаш буюрилади.
Россияда тақиқланган мустақил “Голос” ҳаракати (сайловларни мониторинг қилувчи гуруҳ) маълумотига кўра, иқтидордаги “Единая Россия” партияси бюджет соҳаларидаги сайловчилар, яъни тиббиётчилар, ўқитувчилар ва давлат корхоналари ходимларининг “сайловга боришини назорат қилиш” мақсадида “ГЕО-SMS” номли лойиҳа яратган.
Сайловга кўпроқ одам келиши учун геолокацияни аниқловчи дастурий таъминотдан фойдаланиш – Владимир Путин бешинчи муддатга президентликда қолишни кўзлаётган мазкур сайловда янгилик бўлади. Бу “кашфиёт”га доир ҳужжат ўтган ой Тармоққа сиздирилди, аниқроғи уни Москванинг Ломоносов тумани маъмурияти собиқ раҳбари, ҳозирда чет элда яшаётган мухолифатчи Олга Сиделникова ўз Telegram’ида эълон қилди.
Мавзуга алоқадор Суриштирув: Назарбоев ҳақида фильм олган киночилар бошқа авторитар раҳбарларга ҳам ўз хизматини таклиф қилганҲужжатни тахминан 1,5 млн аҳоли яшайдиган Удмуртистон региони учун Кремл томонидан ишлаб чиқилган сайловолди стратегияси тақдимоти, дейиш мумкин. Сиделникова ҳужжатни қандай қилиб қўлга киритганини очиқлашдан бош тортган бўлса-да, асл нусха ўзида сақланаётганини ва унинг ҳақиқийлигига шубҳа қилмаслигини таъкидлади.
38 саҳифадан иборат слайдлар тўплами Россияда “сайловлар” нималигини тушунтиради, деб ёзади Сиделникова. “Бутун мамлакатдан келаётган маълумотлар, хусусан, астраханча ҳисоб бериш усуллари сайлов қолган ҳудудларда ҳам ҳужжатда белгиланган тарзда ўтишига шубҳа қолдирмайди”, дея қўшимча қилди мухолифатчи.
Удмуртистонлик сиёсий технолог Сергей Антонов фикрича, Сиделникова ёйинлаган ҳужжат чинакам ҳужжат бўлиб, унинг аналоглари Россиянинг барча регионларига жўнатилган.
“Жума (15 март) куни соат 14:00 гача барча бюджет ходимлари махсус иловадан фаол геолокацияли хабарнома йўллашлари лозим. Бу янги технология. Тизим сайловдан сайловга сайқалланиб боряпти”, дейди Антонов.
“Ҳукумат аввало одамлар сайлов участкаларига боришини истайди”
Кузатув гуруҳлари ва Кремл танқидчиларига кўра, Путин даврида сайловлар ҳеч қачон ҳалол ўтмаган, чунки давлат полиция ва судлардан тортиб, сайов комиссиялари, ОАВлар ва маҳаллий бошқарув органларигача – барча ресурсларни назорат қилади. Бироқ Россиянинг Украинага босқини ҳамда ўзгача фикрловчилар буткул бўғиб ташланиши манзарасида кечаётган ушбу кампания Путиннинг 25 йиллик бошқарув давридаги энг рақобатсиз ва ланж сайлов бўлажак.
ОАВ хабарлари ва мулозимларнинг гап-сўзларига қаралса, Кремл сайловда қатнашганлар ҳиссасини камида 70 фоизга чиқаришга ва Путинга 80-85 фоиз овоз йиғиб беришга қаттиқ бел боғлаган. Таҳлилчилар Путин одамларни ёппасига сайловга ҳайдаш орқали ўз легитимлигини оширишни, шунингдек Украинага қарши уруш ва Ғарб билан конфронтация аҳоли тарафидан гўёки мутлақ дастакланаётганини намойиш қилмоқчи эканини айтадилар.
Сиделникова назарида, сайловчиларнинг кўп қисми овоз бериш учун келишини таъминлаш ҳануз ҳукуматнинг “заиф жойи” бўлиб қолаётир.
“Сўнгги йиллардаги кашфиётлар – мустақил кузатувнинг йўқ қилиниши, МЭО (масофавий электрон овоз бериш) жорий этилиши, марказий ва ҳудудий сайлов комиссияларининг тизгинланиши уларнинг ишини анча енгиллаштирди. Бироқ одамларни сайлов участкаларига келтириш, яъни сайловчилар иштирокини таъминлаш осон эмас, барибир. Бу ҳануз уларнинг заиф жойи бўлиб қолмоқда”, дейди собиқ мулозима Озодликка берган изоҳида.
“Одамлар ўз оёқлари билан участкаларга бориши уларга ҳамон зарур, – фикрини давом эттиради у. – Энг аввало, сайловга келганлар сонини ошириб олишади, ундан кейин – мустақил кузатув йўқлигидан ва сайлов комиссиялари жиловланганидан фойдаланиб, натижаларни бир зумда тузатиб қўйишади, вассалом”.
Ички маълумотларга қараганда, Сиделникованинг қўлига тушган ҳужжат Удмуртистон мулозимларига энг кечи 2023 йил июнда юборилган ва бу вақтда, афтидан, Кремл президент сайлови кампаниясини режалашга бор кучи билан киришган бўлган. Ҳужжатда Удмуртистонда ҳар сайловда сайловчиларнинг тахминан 55 фоизи овоз беришда иштирок этаётгани ва бу кўрсаткични режадаги 80 фоизга етказиш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ҳужжат геолокацияни аниқловчи иловадан фойдаланишдан ташқари, “Единая Россия” партияси бўлимлари ҳамда муниципал маъмуриятлар ва маҳаллий депутатлар орқали сайловчиларни “сафарбар қилиш”га чақиради. Муниципал маъмуриятларга эса сайловчиларнинг келишини участка сайлов комиссияларидаги “ўз вакиллари орқали назорат қилиш”га кўрсатма берилган.
Антоновга кўра, “Единая Россия” партияси “ўз маъмурий ресурслари, соҳавий сафарбарлик, турли конкурслар ва ватанпарварлик руҳидаги лойиҳалар ёрдамида одамларни сайловга жалб қилмоқчи”.
Бироқ, унинг фикрича, бунақа режаларни амалга оширишга қуйи бўғинларда энтузиазм етишмаслиги халал беради.
“Бирон бир режани амалда рўёбга чиқаришга келганда партиянинг жойлардаги шуъбаларида аллақачон ҳеч бир иш қилмай қўйган ёки мажбуран лавозимга қўйилган ношуд одамлар ўтиргани маълум бўлиб қолади”, дейди эксперт.
“Тозалаш” лойиҳаси
Сиздирилган ҳужжатда Кремлнинг “жамоатчилик фикрини назорат қилиш”га қаратилган чора-тадбирлари ҳам батафсил акс этган. Хусусан, унда айтилишича, Путиннинг сайловолди штаби негатив ахборотни назорат қилиш ва мухолифат ташаббусларини обрўсизлантириш мақсадида ижтимоий тармоқлардаги чатлар ва мунозара гуруҳларини узлуксиз мониторинг қилади.
Ҳужжатда “фойдали контентни суратга олиш ва монтаж қилиш”, “юзага келажак норозилик акцияларини бартараф этиш”, “аксилконтент яратиш ва тарқатиш”, “мемлар, фейклар, лонгридлар, суриштирув роликлари тайёрлаш ва тарқатиш” каби бандлар ҳам бор. Шунингдек, интернетдаги барча “мухолифат тарғибот-пропаганда материаллари”ни топиш ва “тезкорлик билан тозалаш”ни назарда тутувчи “Тозалаш” номли махсус лойиҳа ҳам мавжуд.
Қолаверса, ҳукумат содиқ фаоллар орасидан “мустақил” кузатувчиларни танлаб олиб, улардан “жамоатчиликнинг ҳудудий ўзини ўзи бошқариш органлари” номли жамоалар тузмоқда.
Антонов “сохта жамоатчиликнинг сохта кузатувчилари” деб таърифлаган бу одамлар сони 4500 нафан бўлиб, улар ҳудудларга тақсимланади.
“Уларнинг вазифаси – “фейклар” ижод қилиш ва “провокациялар”га йўл қўймаслик. Яъни, улар доим ҳеч қанақа қонунбузарлик бўлмади, деб туриши, зарур бўлганда интервью бериб, яна шу гапни такрорлаши керак. Уларни шунга ўргатишган. Масалан, Удмуртистон раҳбари сайловида (2022 йил сентябрда) улар битта ҳам қонунбузарликни “топа олишмаганди”, дейди Озодлик суҳбатдоши.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ҳужжатга кўра, Путиннинг Удмуртистондаги сайловолди кампаниясига республика раҳбари, айни чоғда 2020 йил июндан бери “Единая Россия”нинг ҳудудий бўлимини ҳам бошқараётган Александр Бречалов шахсан бошчилик қилади. Администрациядаги муовини Александр Журавлёв сайловолди кампаниясида ўриндошлик асосида унинг “ташкилий ишларга бўйича” муовини бўлади. Қолган икки ўринбосар ҳам бегона эмас: бири – Бречаловнинг молиявий соҳага масъул муовини Роман Ефимов бўлса, иккинчиси – вилоят сайлов комиссияси раиси Светлана Пальчик.
Антонов айтишича, сиздирилган ҳужжатда кўрсатилган сайлов штаби тузилмаси “амалда Удмуртистон ҳукумати тузилмасини такрорлайди”.
“Путин Россиясида сайлов ўз маъносини узил-кесил йўқотди. Энди у, СССР давридагидек, муқобилсиз ва ягона номзод билан ўтказилади”, хулосалайди эксперт.