Россия ўтган йилнинг 22 февралида Украинага қарши кенг кўламли уруш бошлаши билан жаҳон аудиториясига дезинформация ва пропаганда тўлқини ёпирилди. Экспертларга кўра, бундан айниқса – узоқ йиллардан бери Кремль фитналари объекти бўлиб қолаётган Молдова зарар кўрган. Ҳозирда мамлакат президент Майя Санду таъбирича “энг хавфли қурол” бўлмиш Россия пропагандаси таъсирини камайтиришга уринмоқда.
Жорий йилнинг февралида Молдовада россияпараст ОАВлар Telegram ва Twitter'да бир видеони кенг ёйишди: унда гўё Руминия қўшин ва ҳарбий техникаларни Молдова чегараси яқинига келтириб жойлаштираётгани иддао қилинганди.
Бу ёлғон эди, албатта. Аслида видеороликда Руминиянинг Молдова чегарасидан юзлаб чақирим наридаги Алба-Юлия шаҳрида бўлиб ўтган ҳарбий парад акс этганди.
Экспертлар Россия Украинага қарши уруш бошлаганидан сўнг Кремль анъанавий ОАВлар, ижтимоий тармоқлар ва бошқа воситаларни қўллаган ҳолда дунё жамоатчилигини ёлғон хабарлар билан чалғитишга қаратилган фитнакор ўйинларини фаоллаштирганини айтадилар.
Асосий нишонлардан бири Молдова бўлди. Кишинёв ахборот хуружига қарши туриш мақсадида дастлаб Россия янгилик дастурларини тақиқлади, бир неча ой ўтиб эса бир неча телеканални блоклаб қўйди. Яқинда президент Майя Санду ТВ ва ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган ёлғонлар “энг хавфли қурол” эканини айтиб, Россия дезинформацияси ва пропагандасини мониторинг қилиш миллий марказини таъсис этиш таклифи билан чиқди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ёлғон хабарлар оқими Кремль томонидан Украина билан чегарадош, 2.6 миллион нуфусли собиқ совет республикаси бўлмиш Молдовага қарши кампаниянинг бир қисмидир. АҚШ расмийлари Россия президенти Владимир Путин нафақат Украинани, балки унга қўшни Молдовани ҳам диққат билан кузатиб тургани ҳақида огоҳлантиришган эди. Айниқса айирмачи Днестрбўйида жойлашган қарийб 2000 кишилик Россия ҳарбий контингенти катта ташвиш туғдирмоқда.
Февралда Санду Россияни Молдова ҳукуматини ағдариш учун фитна бошлаганликда очиқ айблади. Илк бор мазкур айблов бир неча кун олдин Украина президенти Владимир Зеленский томонидан илгари сурилганди. Майя Санду Россияни мамлакатда бўлаётган инқирозли вазиятлар, жумладан “энергетика шантажи”да айблаган бош вазир Наталья Гаврилица истеъфоси ортидан шундай баёнот берди.
Айни чоғда ҳукумат россияпараст “Шор” партияси уюштирган норозилик тўлқинига дуч келди: мазкур партияга фирибгарлик йўли билан бир миллиард доллар маблуғни ўзлаштиришда ва бошқа қинғир ишларда гумон қилинаётган қочоқ молдаван олигархи Илан Шор асос солган.
Ахборот хуружларини ўрганувчи Logically ширкатининг тадқиқот бўлими мудири Кайл Уолтер фикрича, Кишинёв олдида мураккаб вазифа турибди.
“Вазият мушук-сичқон ўйинига айланиб кетди. Назорат органлари Россия давлат дастурларини узатувчи телеканал ва веб-сайтларни ёпяпти, лекин контент яшашда давом этмоқда, чунки ахборот оқими бошқа каналларга, хусусан янги очилган сайтлар ва хабар алмашув иловаларига кўчаётир”, дейди Уолтер Озодлик билан суҳбатда.
“Молдова фуқаролари орасида Россия пропагандасига хайрихоҳлар мутлақ кўпчилик эмас, аммо барибир улар сони оз эмас ва бу дезинформацияга қарши курашга халал бермоқда. Дипфейк ва сунъий идрокнинг қўлланиши келгусида ёлғон ахборот тарқалиши тезлиги ва кўламини ошириши мумкинки, бу ҳукуматнинг ишини бадтар қийинлаштиради”, дейди эксперт.
Ёлғон баёнотлар
Россия Молдовада фитна қўзғагани ҳақидаги айбловларни дарҳол инкор этди. Молдова ичидаги россияпарастлар ҳам шу мазмунда қайта-қайта баёнот беришди. Кремль эса бу билан чекланмай, ўз айбловини илгари сурди: яъни, Украина Молдованинг 1992 йилдан бери россияпараст айирмачилар назоратида қолаётган ҳудуди – Днестрбўйида ҳарбий амалиёт ўтказишни режалаётганини иддао қилди.
Молдованинг Watchdog.md таҳлил маркази директори Валерий Паша Facebook’даги постларидан бирида “Кремлнинг айбловлари ортида классик дезинформация қулоғи кўриниб турибди”, деб ёзди.
Украина фитнаси ҳақидаги бўҳтонлар даставвал Twitter ва Telegram’да тарқалди, сўнгра, 23 февралда Россия мудофаа вазирлиги жўр бўлди. Хабар Россия давлат каналлари ва ҳукуматпараст ОАВларида, шунингдек Молдовадаги россияпараст манбаларда ёппасига тарқатилди, дея қайд этган эди ЕИнинг Россия дезинформациясини мониторинг қилиш билан шуғулланувчи East StratCom Task Force оператив гуруҳи.
Ушбу ахборот кампаниясининг энг муҳим қисми Руминия гўё Молдова чегарасига қўшин тортаётгани ҳақидаги видео бўлди.
Мавзуга алоқадор "Нотўғри мисол танлаган". АҚШ элчиси вазир Шерматовнинг пости ва Россия пропагандаси ҳақида“Эски фото ва видеоларни ноқонуний ўзлаштириш ва қайта ишлаш –дезинформация субъектлари қўллайдиган оддий усуллардан биридир, чунки улар мультимедиа хабарлар ижтимоий тармоқлар алгоритми орқали тез ёйилиши мумкинлигини билишади. Мазкур ҳолатда Руминия ҳамда Кишинёвдаги ҳукумат вазиятни беқарорлаштирган “олабўжилар” ўлароқ талқин қилинди, ҳолбуки Руминия мудофаа вазирлиги видеодаги маълумотни дарҳол рад этганди”, дейди Уолтер изоҳида.
Бичиб-тўқилгани яққол кўриниб турган бўлса-да, Кремль роликни рўкач қилиб дағдаға қилишда давом этди.
24 февраль куни Россия ТИВ Днестрбўйидаги рус ҳарбийларига ҳар қандай ҳужум Россияга ҳужум бўлади, дея огоҳлантирди. Айирмачиларнинг лидерлари эса “ҳар қанақа провокацияларга муносиб жавоб қайтаришга ҳозир”ликларини билдиришди.
East StratCom Task Force гуруҳига кўра, 26 февраль куни Россиянинг миллионлаб киши томоша қилувчи “Первий канали” кечки эфирида бу воқеага каттагина вақт ажратганидан сўнг миш-мишлар “кескин кучайган”.
1 мартда Кремлнинг энг таниқли пропагандачиларидан бири бўлмиш Владимир Соловьёв Молдова собиқ президенти, 2022 йилда коррупция ва давлатга хиёнатда гумон қилиниб бир муддат ҳибсда сақланган Игор Додон телеграм-каналига ҳавола берган ҳолда “Украина Молдовага ҳужум қилиш учун пайт пойлаяпти”, деб ёзди. Соловьёвнинг Telegram'даги ўша постини 240 000 киши ўқиган.
Россия нарративини дастаклаб
Валерий Паша фикрича, ўнлаб йиллар ҳукм сурган совет даври одамларни Кремль нарративларига мойил қилиб қўйган Молдовада бунақа хабарларга хайрихоҳлик билдирувчилар етарли.
“Жамоатчилик фикри йиллар бўйи шаклланган, ҳозирги Кремль нарративларидан айримлари совет давридаёқ одамларнинг қулоғига қуйиларди. Масалан, НАТОга оид нарративлар”, дейди Паша.
Watchdog.md февраль ойида ўтказган ижтимоий сўров натижаларига кўра, молдаванлар Россиянинг Украинага бостириб киришида Ғарб билан НАТОни айблашга мойил. Сўров иштирокчиларининг қарийб 55 фоизи “Россия Украинада асли НАТО билан урушяпти” деган иддаога қўшилишини билдирган. Шунингдек, сўралганлар Молдовада энергия нархлари кўтарилишида – энергия етказиб бериш ҳажмини камайтирган Россияни эмас, балки ўз ҳукуматини айбдор деб билар экан.
Санду Россия ОАВлари ёйинини тақиқлашга илк дафъа 2022 йил июнда уриниб кўрган эди. Ўшанда у Россия телеянгиликлари ва сиёсий таҳлилини Молдова ичкарисида тарқатишни ман этувчи ахборот хавфсизлиги тўғрисидаги қонунга имзо чеккан.
“Қонун шу ҳафтада кучга кирса, Россия пропагандаси янада аёвсиз санкцияларга учрайди. Ёлғон ахборот тарқатувчи ОАВларга жаримадан тортиб реклама беришни тақиқлашгача бўлган турли жазолар қўлланади”, деган эди ўшанда Молдова Аудиовизуал воситалар бўйича кенгаши раҳбари Лилиана Виту.
Бунга қадар Россия контенти россияпараст сиёсатчилар билан аффилланган Молдова каналлари томонидан тўғридан-тўғри трансляция қилинарди. Чунончи, “Первий в Молдове” телеканали дастурларининг катта қисмини бевосита Россия “Первий канали”дан оларди.
2022 йил декабрда Молдова янада қатъий чораларга ўтиб, дезинформация тарқатган муайян телеканалларга санкциялар қўллай бошлади. 16 декабрда Молдова Фавқулодда вазиятлар бўйича комиссияси “Первий в Молдове”, “РТР Молдова”, Accent TV, “НТВ Молдова”, TV6 ва Orhei TV телеканаллари лицензияларининг амал қилишини тўхтатиб қўйди.
Комиссия хулосасида ушбу каналлар узатган контент текширилганида “миллий воқеалар ҳамда Украинадаги урушга доир ҳаққоний ахборот йўқлиги аниқлангани”, шу боис “дезинформация... ёки жамоат фикри манипуляция қилинишининг олдини олиш мақсадида” уларнинг лицензиялари вақтинча ҳаракатдан тўхтатилгани маълум қилинган.
Кремль ОАВларига қарши кураш
Ёйини тўхтатилган олти каналдан тўрттаси (“Первий в Молдове”, “РТР Молдова”, “НТВ Молдова” ҳамда TV6) россия телеканаллари дастурларини мунтазам трансляция қиларди.
“Первий в Молдове”, Accent TV ҳамда TV6 – Молдовада тўполон чиқаришга урингани учун партияси билан бирга АҚШ ва Евроиттифоқда “қора рўйхат”ларга тиркалган Илан Шорга алоқадор.
“НТВ Молдова” эса 2016–2020 йилларда Молдова президенти бўлган, сўнгра сайловда Майя Сандуга ютқазган Игор Додон ҳамда унинг етакчилигидаги кремлпараст МРСП (Молдова Республикаси социалистлар партияси)ни манфаатларини тамсил қилади.
Додон Кремлдан пул олгани айтилади. RISE Moldova маълумотига кўра, Додон бошчилик қиладиган “Молдова-Россия тадбиркорлар иттифоқи” 2021 йил октябрдан 2022 йил апрелгача Москвадан 300 минг АҚШ доллари қийматида маблағ олган.
TV6 лицензияси “мутлақо асоссиз” тўхтатиб қўйилганини иддао қилиб чиқди ва буни “фикр билдириш эркинлиги, таҳририят эркинлиги ва журналистлар эркинлигига мисли кўрилмаган тажовуз” деб атади.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова эса Молдовада “миллий озчиликларнинг ҳуқуқлари очиқдан-очиқ топталаётгани”дан баҳс этди.
Бироқ ахборот тарқатиш воситалари кўплиги сабабли Молдова ҳукуматининг тақиқлари деярли бесамар кетди. East StratCom Task Force қайд этишича, “РТР-Молдова” асосий кўрсатув ва янгилик дастурларини Cinema 1 номли бошқа каналга ўтказиш билан санкцияларга “чап берган”.
Orhei TV билан TV6 ўз дастурларини трансляция қилишда кўпчиликка нотаниш Orizont TV платформасидан фойдаланмоқда. Таҳлилчилар россияпараст ОАВлар тақиқланганидан сўнг Publika, “Канал 2”, “Канал 3” ва “Канал 5” ҳам ўз аудиторияларини кенгайтирганини қайд этишди – ушбу каналлар Шор каби фирибгарликда гумон қилинаётган яна бир қочоқ олигарх – Влад Плахотнюк номи билан боғлиқ.
Плахотнюк, Шор дохил етти молдовалик 30 майдан буён ЕИ нинг “қора рўйхати”да: Брюсселга кўра, уларга Молдовада вазиятни беқарорлаштиришга ва мамлакат ҳудудий яхлитлигига путур етишига олиб келган хатти-ҳаракатлари учун санкциялар қўлланган. Бу икковлон “тизимли коррупция” ва Молдовада сайловларга таъсир этишга урингани учун ўтган йилнинг октябридаёқ АҚШ Молия вазирлиги санкцияларига йўлиққан эди.
Санкция қўллаш хулосаларида Шор Москвага оид ташкилотлар кўмагида Молдованинг ЕИга интилишини барбод қилишга урингани ҳақида сўз боради.
Watchdog.md 2022 йил ноябрда олти канал ёйинларини кузатиб, Россия дастурларини ретрансляция қилувчи учтаси – “Первий в Молдове”, “РТР-Молдова” ҳамда “НТВ-Молдова” – Путинни Зеленскийга нисбатан ижобийроқ рангларда тасвирлашини аниқлади.
“Март ойида биз яна тадқиқот ўтказдик: Молдованинг кўплаб фуқаролари Россия ва Путинга муносабатини ўзгартиргани, Кремль нарративларига камроқ ишона бошлагани маълум бўлди. Кейинроқ кўрсаткичлар яна тенглашди, ҳатто Кремль фойдасига бир оз ўсди ҳам. Ҳозирда Путинга ишонч яна пасаймоқда. Биз мазкур тенденцияни сўнгги сўровларимиз натижаларида кўриб турибмиз”, дейди Паша.
Таҳлилчи Молдовада айнан русийзабон аҳоли Кремль нарративларига ишонишга мойил, деб ўйлаш хатолигини айтади.
“Путинни қўллаб-қувватловчиларнинг ярмидан ортиғи молдованинг румин тилли фуқароларидир. Тадқиқотларимиз шуни кўрсатмоқда. Ҳа, миллий озчиликлар орасида фейкларга таъсирчанлик юқори, аммо Путин ва Россия мамлакатда фақат русийзабонлардан куч олади, деб ўйламаслик керак”, қўшимча қилади Паша.
Президент Санду Россия дезинформацияси ва пропагандасига қарши кураш мақсадида 29 май куни янги қонунчилик ташаббуси билан чиқди – “Патриот” ахборот муҳофазаси ва пропагандага қарши кураш миллий маркази таъсис этилишини эълон қилди. Марказга ахборот хавфсизлиги соҳасида давлат сиёсатини юритиш ва миллий миқёсда дезинформациянинг олдини олиш ва унга қарши кураш учун стратегик коммуникациялар фаолиятини таъминлаш вазифаси юклатилади.
“Ёлғон маълумотларни улашаётганлар жамиятимизни қўрқув, нафрат ва бош-бошдоқликка гирифтор этишни истайди. Кремль ва унинг жинояткор гуруҳлари Молдовада нафрат уруғини сочиш, фуқароларнинг бир-бирларига ва ўз мамлакатларига ишончини заифлаштириш учун ҳар куни гибрид ҳужумлар уюштирмоқда”, дейилади Сандунинг расмий баёнотида.
Умуман, уруш Кишинёвни сергаклантирди. Россия Украинага бостириб кирган 2022 йил 24 февраль санасидаёқ Молдова ҳукумати ижтимоий тармоқлар маълумотларини текшириш учун Prima Sursa (“Биринчи манба”) номли telegram-канални ишга туширди.
2022 йил октябрда Prima Sursa гўё Молдова мудофаа вазирлиги ялпи ҳарбий сафарбарлик ўтказишни режалаётгани ҳақидаги миш-мишларни рад этишга жалб қилинди.
Бироқ, Кайл Уолтер фикрича, Кишинёв ҳарчанд уринмасин, Кремль Молдова ичкарисидаги ахборот хуружларини янада нозикроқ усуллар билан давом эттирииш эҳтимоли катта.
“Кремль босқин ёки давлат тўнтариши йўли билан Молдовада ўз кўнглидаги ҳукуматни иқтидорга келтира олмагач, мамлакатнинг Евроиттифоққа киришига халал бериш мақсадида дезинформациядан зўр бериб фойдаланади”, дея башорат қилади эксперт.
Таҳлилчига кўра, Россиянинг таъсир даражаси Молдова ҳукумати ҳаққоний ахборотни тарқатишда фуқаролик жамияти, сиёсий партиялар ва алоҳида фуқаролар билан қанчалик яхши ҳамкорлик қила олишига боғлиқ. “Молдова, шунча камчиликларига қарамай, Россия пропагандасига қарши курашга астойдил ва қатъият билан киришгани ҳақида бутун дунёга мужда бермоқда”, дея сўзини якунлайди Кайл Уолтер.