Россия Давлат думасига хорижлик фуқаролар ва фуқаролиги йўқ шахслар фарзандларининг Россия мактабларига қабул қилинишига оид қонун лойиҳаси киритилди. Унда мигрантларнинг фарзандлари мактабга киришда рус тилини “таълим олиш учун етарли даражада билиши”ни аниқлаш мақсадида тест топширишлари шартлиги белгилаб қўйилган. Мазкур тестдан ўтолмаган болалар мактабга олинмайди.
Қонун лойиҳасида тест жараёни бепул бўлиши, уни ўтказиш ва баҳолаш мезонлари эса эса Таълим вазирлиги ва “Рособрнадзор” ташкилоти томонидан алоҳида белгиланиши қайд этилган.
Режага мувофиқ, лойиҳа 10 декабрь куни биринчи ўқишда кўриб чиқилади. Ҳужжат батамом қабул қилинган тақдирда, мактабларга қабулнинг янги тартиби 2025 йил 1 апрелидан кучга киради.
Аввалроқ президент Путин “анъанавий қадриятлар”ни маъқул кўрган хорижий давлат фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Россияга кўчиб келишини осонлаштиришга оид фармонни имзолаган эди. Фармонда бу шахсларга “истисновий ҳолатларда” рус тилини билишини тасдиқловчи ҳужжатсиз ҳам вақтинча яшаш учун изн берилиши белгиланган.
Бундан ташқари, Кремль вакиллари аввалроқ Россия “демографик вазиятнинг таранглиги манзарасида суръат билан ривожланиш учун” меҳнат мигрантлари оқимига муҳтож эканини билдирган эдилар.