Россия чегараларни белгилашдаги тажрибасини Тожикистон ва Қирғизистон билан ўртоқлашишга тайёр. Бу ҳақда ТАСС агентлиги Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.
Руденко тожик-қирғиз чегарасида вазият нотинчлиги Россияни жиддий безовта қилаётганини айтган.
Унинг фикрича, чегаралар делимитация ва демаркация қилинмагунича тўқнашувлар такрорланишини истисно қилиб бўлмайди. “Келишилмаган чегаралар мамлакатга радикал экстремистик гуруҳлар кириб олиши мумкинлиги билан ҳам хавфлидир”, деган Руденко.
Бир неча кун олдин Россиянинг Қирғизистондаги элчиси Николай Удовиченко Россия Душанбе ва Бишкекка давлат чегараларининг умумий участкасини делимитация ва демаркация қилишга кўмаклашишга тайёрлигини билдирган эди. Хусусан, элчига кўра, Россия, агар томонлар россиялик экспертларни жалб қилишга рози бўлишса, картография материаллари билан ёрдам бермоқчи.
Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров 2021 йил 26 май куни КХШТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашида “Москва тожик-қирғиз чегарасидаги вазиятни барқарорлаштириш учун воситачилик қилишга ҳозир”, дея баёнот берганди. Бунга жавобан Тожикистон ТИВ чегара масалаларига учинчи томоннинг аралашуви мақсадга мувофиқ эмаслигини айтган.
Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегаранинг умумий узунлиги 970 километр бўлиб, бугунги кунда шундан фақат 519 километри аниқлаштирилган. Чегарадаги бошқа участкалар ҳануз баҳсли бўлиб, ушбу ҳудудлардаги сув ресурслари ва яйловлар ўзаро тўқнашув ва можароларга сабаб бўлмоқда.
Тожик-қирғиз чегарасидаги сўнгги можаро жорий йилнинг 27 январида рўй берган. Отишма натижасида Тожикистоннинг икки фуқароси қурбон бўлган, 10 киши, жумладан олти нафар ҳарбий турли даражада жароҳат олган. Қирғизистон тарафидан 13 нафар ҳарбий жабрланган.