Украина расмийлари 20 февраль куни мамлакат шарқидаги бўлгинчилар томонидан яна ўнлаб маротаба ўт очилганини қайд этишди.
Киев вакилларига кўра, Украина назоратидаги ҳудудлар камида 53 марта ўққа тутилган ва барча ҳолатда Минск келишувлари билан тақиқланган қуроллардан фойдаланилган. Отишма натижасида бир ҳарбий снаряд парчаси тегиб, ўртача жароҳат олган ва касалхонага ётқизилган.
Донбассдаги Украина Бирлашган кучлари штаби, жумладан, Луганск вилоятида Ўт очишни тўхтатиш масалаларини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш қўшма марказининг Украина вакилларига тегишли юк машинаси йўқ қилинганини билдирган. Штабдагиларга кўра, бўлгинчилар миномёт, гранатомёт ва йирик калибрли пулемётлардан ўққа тутишган.
Бўлгинчилар эса, ўз навбатида, сукунат режими бузилишида ва ўт очишларда украин ҳарбийларини айблашмоқда. Хусусан, тан олинмаган “Луганск халқ республикаси” сутка давомида Украина томони “ЛХР” ҳудудини 50 марта ўққа тутгани, 24 та аҳоли пункти нишонга олинганини иддао қилмоқда.
Россияпараст “Донецк халқ республикаси” бўлгинчилари эса якшанба куни украин ҳарбийлари уларни 37 марта ўққа тутишгани, “тинч аҳолини ҳимоя қилиш мақсадида... Минск битимлари билан ман этилган қуроллардан” жавоб зарбасини берганларини иддао қилганлар.
Россия Тергов қўмитаси Донбассдаги отишмалар юзасидан иккита жиноят иши очганини маълум қилган. Улардан бири “ЛХР” ҳудудидаги Пионерское қишлоғи ўққа тутилиб, икки киши ҳалок бўлгани, иккинчиси эса Ростов вилояти ҳудудига Украина томонидан снаряд учиб келганига доир иддаолар билан боғлиқ.
Сўнгги кунларда ЕХҲТнинг Махсус мониторинг миссияси Донбассда ўт очишлар интенсивлиги кескин ортганини қайд этмоқда. Бу воқеалар Россиянинг Украина чегаралари яқинида катта куч тўплагани ва Ғарб мамлакатлари Россиянинг бирор провокация баҳонасида яқин кунларда Украинага ҳужум қилишидан хавфсираётгани манзарасида рўй беряпти.