Ўзбекистондаги Қуйи Амударё биосфера резервати ЮНЕСКО бутунжаҳон биосфера қўриқхоналари тармоғига киритилди.
Ташкилот сайтида қайд этилишича, мазкур қарор ЮНЕСКО “Инсон ва биосфера” дастури Халқаро мувофиқлаштириш кенгашининг шу йил 13-17 сентябрь кунлари Нигерияда ўтказилаётган 33-сессияси чоғида маъқулланган.
Сессияда тармоққа Ўзбекистон резервати билан биргаликда 21 мамлакатдан 20 та янги объект киритилган.
Қуйи Амударё давлат биосфера резервати Амударё қуйи оқимининг шимолий қисмида жойлашган. Хабарномада унинг Марказий Осиёдаги энг йирик табиий тўқайлардан бири экани ва глобал нуқтаи назардан йўқ бўлиб кетиш хавфи остида турган ноёб экотизим экани қайд этилган.
Экологлар бу ҳудуднинг йўқолиб кетиш хавфи остида турган Бухоро кийиклари (Cervus hanglu bactrianus) қўриқланадиган табиий яшаш жойи эканини урғулаганлар.
Бу ЮНЕСКО бутунжаҳон биосфера қўриқхоналари тармоғига киритилган Ўзбекистондаги иккинчи резерват бўлиб ҳисобланади. Мазкур тармоққа 1978 йили Чотқол қўриқхонаси киритилган эди.