Чеченистон пойтахти Грознийда волгоградлик Никита Журавель 3,5 йилга кесилди. У безориликда айбдор деб топилди. Суд ҳукми билан у диндорлар ҳиссиётларини ҳақорат қилганликда ҳам айбдор деб топилди ва 300 соат мажбурий меҳнатга жалб қилинади.
Судда Журавель мусулмонлардан кечирим сўради ва Қуръонни ёққанини тан олди.
2023 йил 19 майда “Утро Дагестан” телеграм каналида масжид фонида ёнаётган Қуръон китоби акс этган видео тарқалган эди. Эртаси куни Волгоградда маҳаллий педагогика университети талабаси Никита Журавель қўлга олинганди. Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда у Қуръонни Украинадан олинган буйруқ асосида ёққани тўғрисидаги видеолар тарқалган эди. Журавель ўшанда гўёки бу ҳаракати учун унга 10 минг рубль ваъда қилинганини айтган.
Журавелга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини тергов қилишни Россия тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин Чеченистонга топширган эди. Бастрикинга кўра, бунга “минтақа аҳолисининг асосий қисми ўзини жабрланувчи деб ҳисоблаши сабаб бўлган”.
Журавель Грознийда ҳибсда сақланаётганида Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг 15 ёшли ўғли Адам томонидан калтакланган эди. Калтакланиш видеосини Рамзан Қодиров 2023 йил сентябрида ижтимоий тармоқларда эълон қилди.
Бу видео жамоатчиликда шов-шувларга сабаб бўлди, аммо Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари бу воқеа юзасидан жиноят иши қўзғатишдан бош тортган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари бегона одам қай тарзда тергов изоляторига киргани ва маҳбусни калтаклагани тўғрисида тушунтириш ҳам бермаган.
Россия президенти Дмитрий Песков эса журналистлардан унга бу воқеа юзасидан савол бермасликни илтимос қилган.
Чеченистон расмийлари эса Адам Қодировнинг бу ҳаракатини қўллаган. Рамзан Қодиров ўғли Журавелни калтаклаб ўлдирганида “яхши бўлиши”ни билдирган. Кейинроқ Рамзан Қодиров ўғлини Чеченистон қаҳрамони унвони билан тақдирлаган.