Қозоғистондан бошпана ололмаган қорақалпоқ фаоллари АҚШга кетишди

АҚШга кетган қорақалпоғистонлик фаол Тлеубике Юлдашева, 2024 йил 15 октябри

Қорақалпоғистонлик фаол Зиуар Мирманбетова 23 октябрь куни Қўшма Штатларга етиб борган, у ерда Мирманбетова ва яқинларига бошпана берилиши кутилмоқда.

Бир ҳафта аввал – 15 октябрь куни қорақалпоғистонлик яна уч фаол – Жангелди Жақсимбетов, Тлеубике Юлдашева ва Раиса Худайбергенова оиласи билан АҚШга етиб борган эди. Мирманбетованинг кетиши унинг оила аъзоларига ҳужжат расмийлаштиришда юзага келган қийинчиликлар туфайли ортга сурилганди.

Қароргоҳи Венада бўлган Freedom for Eurasia (“Евросиё учун эркинлик”) гуруҳи раҳбари Лейла Назгуль Сейитбек Озодликнинг қозоқ хизматига фаолларнинг АҚШга кўчиб ўтишига америкалик дипломатлар, Халқаро миграция ташкилоти, БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси ҳамда Қозоғистон инсон ҳуқуқлари бюроси саъй-ҳаракатлари туфайли имкон яратилганини маълум қилган.

“Уларни маҳаллий ҳуқуқбонлик ташкилотлари ва миграция органлари жойлаштиришади. Уларнинг турган жойи Ўзбекистон расмийлари томонидан хавф бўлгани туфайли сир сақланиши лозим”, деган Сейитбек.

АҚШга чиқиб кетган тўрт нафар этник қорақалпоқ Қозоғистонда бир йил давомида экстрадицион ҳибс остида бўлишган. Улар Тошкент сўровига кўра 2022 йилда қўлга олинган. Расмий Остона 12 ойдан кейин уларни озод қилган – “конституциявий тузумга тажовуз”да айбланган бу одамлар Ўзбекистон томонига берилган эмас. Фаолларнинг ўзлари тарихий ватанларидаги чиқишларни дастаклаганлари учун таъқибга учраганларини билдиришган – 2022 йилда минглаб қорақалпоғистонлик Тошкентнинг мамлакат Конституциясидан республиканинг референдум орқали Ўзбекистон таркибидан чиқишига имкон берувчи модданинг олиб ташланишига оид таклифга қарши чиқишганди.

Қорақалпоғистонлик фаоллар Қозоғистондан бошпана сўрашган, Остона уларга рад жавобини берган. Жаксимбетов, Мирманбетова, Юлдашева, Худайбергенова билан бир вақтда Қозоғистонда уларнинг маслакдоши Қўшқарбай Тўремуратов ҳам ҳибсда сақланган. У ўтган йилнинг октябрь ойида Европага чиқиб кетган ва ҳозирда ўзининг бошпана сўрови бўйича Польша расмийларининг қарорини кутмоқда.

Қозоғистондаги қорақалпоқ диаспораси лидери Ақилбек Муратбай (Муратов) 2024 йил февралида Олмаотада экстрадицион ҳибсга олинган эди. Ўзбекистон уни “конституцион тузумга тажовуз” ва “тартибсизликларга чақирганлик”да айбламоқда. Фаол бу айбловни туҳмат, деб атаган.

Қорақалпоғистонни Ўзбекистон таркибидаги суверен республика мақомидан маҳрум қилиш ва Конституциядан унинг ажралиб чиқиш ҳуқуқига оид эслатмани олиб ташлаш режаси 2022 йил июлида Нукусда кенг кўламли норозилик чиқишларига олиб келган, пировардида бу чиқишлар аёвсиз бостирилган эди. Расмий маълумотларга кўра, ўша пайтда 21 киши ҳалок бўлган, 200 дан зиёд одам яраланганди. Қонли ҳодисалар ортидан Ўзбекистон расмийлари баҳсли тузатишларни бекор қилишган, кейинроқ эса тартибсизликлар уюштирилишида ташқи кучларни айблаб, Қорақалпоғистон ва унинг хорижида қатағон бошлашган. Бу қатағон сиёсати Қозоғистонда яшаб келган қорақалпоғистонликларга ҳам таъсир кўрсатган.