Қозоғистонда Украинанинг танкларини ишдан чиқарганлик учун пул мукофоти беришни ваъда қилган хонанда Григорий Лепснинг концерти ижтимоий тармоқлардаги норозилик тўлқини ортидан бекор қилинган.
Озодликнинг қозоқ хизмати хабарига кўра, Лепснинг чиқиши учун ўз концерт майдонини тақдим этган Makao Luxury Village Resort ширкати 19 июнь куни концерт ташкилотчилари билан тузилган шартномани бир томонлама бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилганини очиқлаган.
“Эрталаб биз жамоатчилик фаоли Қанат Турдалиев билан биргаликда бу масала бўйича Олмаота вилояти раҳбарияти билан учрашиб, вазиятни таранглаштирмаслик учун халқ талабини бажаришга чақирдик. Концерт бўлмайди, Лепс келмайди”, дея билдирган Олмаота шаҳар кенгаши депутати Еркин Ракишев.
Концерт шу йилнинг июль ойида Олмаота вилоятидаги Конаев шаҳрида бўлиб ўтиши керак эди.
Концертнинг бекор қилинишига ижтимоий тармоқларнинг Қозоғистон сегментида юзага келган эътирозлар сабаб бўлган. Кўплаб фойдаланувчилар Украинадаги урушни дастаклаётган россиялик артистнинг ташрифига ўз норозиликларини билдирганлар.
Аввалроқ хонандалар Григорий Лепс ва Николай Басков Украина Қуролли кучларига оид танкларни йўқ қилган ҳар бир кишига бир миллион рублдан мукофот беришларини эълон қилишган эди.
Бу орада Ўзбекистондаги айрим сайтлар Қозоғистонда концерти бекор қилинган Лепс шу йилнинг 23 октябрида Тошкентдаги “Халқлар дўстлиги” саройида концерт бериши ҳақида ёзишмоқда. Эълонга ишонилса, Украина танкларига қарши сафарбарлик эълон қилган хонанданинг концерти учун чипталар 4 миллион сўмгача (тақрибан 350 АҚШ доллари) сотилмоқда.