2022: Қозоғистон ва Эрон намойишлари, Украинага ҳужум, Горбачëв ва Қиролича ўлими

Январь ойида Қозоғистонда ёқилғи нархининг кўтарилиши ҳукуматга қарши мисли кўрилмаган норозилик намойишларига айланиб кетди. Бутун мамлакат бўйлаб бир ҳафтадан кўпроқ давом этган тартибсизликларда 225 киши ҳалок бўлди. Бош прокуратура ҳалок бўлганлар орасида 19 нафар хавфсизлик ходимлари ҳам борлигини маълум қилди. Полиция билан тўқнашувларда юзлаб намойишчилар ҳибсга олинди.

19 январь - Махаr Теchnologies сунъий йўлдошдан олинган суратларни эълон қилди. Суратлар Россия Украина билан чегарага яқин тўртта ҳудудда қўшин жойлаштирганини кўрсатди. Кремль Украина чегаралари яқинида 100 000 га яқин аскар тўплагани тахмин қилинди.

24 февраль – Россия Украинага бостириб кирди.

Россия президенти Владимир Путин “махсус ҳарбий операция” бошлашга буйруқ берди. Шундан сўнг, Россия кучлари Украинанинг бир қанча шаҳарларини ракета билан ўққа тутди ва Украинанинг жанубий ҳудудларига қўшин жойлаштирди.

4 март - Россия ҳарбийлари Украинанинг Запорожье атом электр станцияси устидан назоратни қўлга киритди. Завод ўққа тутилиши натижасида мажмуада ёнғин чиқди. Европадаги энг йирик атом элeктр станциясининг ўққа тутилиши Чернобил фожеаси такрорланиши билан боғлиқ халқаро хавотирларга сабаб бўлди.

6 март - Россия қўшинлари Украина пойтахти Киев томон юришга киришди. Киевга яқин жойлашган Ирпин аҳолиси отишмалардан қочиб шаҳарни тарк эта бошлади.

27 март – Америкалик актёр Уилл Смит Оскар мукофотини топшириш маросимида бошловчи Крис Рокнинг юзига тарсаки туширди ва танқидлар остида қолди. Крис Рок актёрнинг рафиқаси Жада Пинкетт Смитнинг соч турмаги ҳақида ҳазил қилганидан кейин Смит унга тарсаки туширди. Пинкетт Смит соч тўкилишига олиб келадиган касалликдан азият чекади. Бошловчининг бундан хабари бор ёки йўқлиги аниқ эмас. Ўша маросимда актёр Уилл Смит "Қирол Ричард" фильмидаги роли учун ўзининг биринчи "Оскар" мукофотини қабул қилди.

Апрель - Россия қўшинларини Киев вилоятидан олиб чиқиб кетганидан сўнг, Буча кўчаларида кўплаб жасадлар қолди. Буча мэрининг ўринбосари 360 дан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлгани, 260-280 та жасад оммавий қабрга кўмилгани ҳақида хабар берди.

Украина президенти Владимир Зеленский Бучадаги қирғинни рус қўшинлари томонидан амалга оширилган геноцид деб атади. Россия эса бу айбловларни рад этди.

24 апрель - Франция президенти Эммануел Макрон ўзининг ўта ўнгчи рақиби Марин Ле Пенни президентлик сайловларининг иккинчи босқичида сезиларли фарқ билан мағлуб этиб, иккинчи муддатга сайланди.

19 май - Россия Мудофаа вазирлиги Мариуполдаги Азовстал пўлат заводини ҳимоя қилаётган Украинанинг Азов полки жангчилари таслим бўлганини акс этган кадрларни эълон қилди. Россия қўшинлари бир неча ҳафта давомида Мариуполдаги Азовстал заводини ўққа тутди.

27 май - Афғонистонда толибон ҳукумати аёлларга жамоат жойларида юзларини очиб юришни тақиқлади. Толибон илгариги ҳукмронлиги даврида ғазабга сабаб бўлган чекловларни кучайтиришни буюрди. Гуруҳ етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охунзода чиқарган фармонда жамоат жойида юзини очиб юрган аёлнинг отаси ёки энг яқин эркак қариндоши қамоққа олиниши ёки давлат ишидан ишдан бўшатилиши айтилган.

1 июнь - Актёр Жонни Депп собиқ рафиқаси Амбер Хердга қарши туҳмат даъвоси бўйича судда ютиб чиқди ва 10 миллион доллардан ортиқ товон пули оладиган бўлди. Олти ҳафта давом этган суд жараёнида Виржиния суди Деппга қарши фақат битта даъво бўйича Ҳерд фойдасига қарор чиқарган.

5 июль - НАТОга аъзо 30 та давлат Финляндия ва Швециянинг альянсга қўшилиши бўйича протоколни имзолади. Бу эса аъзо давлат парламентлари қарорни ратификация қилгандан сўнг, икки мамлакатга НАТОга қўшилиш имконини берди. Финляндия ва Швециянинг альянсга қўшилиш учун ариза бериш қарори Россиянинг Украинага бостириб киришига тўғридан-тўғри жавоб сифатида кўрилди.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг, "бу Финляндия, Швеция, НАТО ва Евро-Атлантика хавфсизлиги учун тарихий кун" дея таъкидлади.

7 июль - Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон Консерватив партия депутатларининг 40 фоиздан ортиғи ишончсизлик вотумида унга қарши овоз берганидан кейин истеъфога чиқишини эълон қилди. Жонсон жинсий зўравонлик билан боғлиқ машмашалар ортидан истеъфога чиқди. Жонсон олдинроқ CОVID-19 чекловларига зид равишда ўтказилган бемаъни тадбирлар учун кенг кўламли жамоатчилик танқидларига учраган эди.

“Кетишим кимларнидир хурсанд қилган бўлса, кимларнидир ранжитди. Дунёдаги энг яхши ишдан воз кечганимдан ўзим ҳам нақадар хафалигимни билишингизни хоҳлардим”, деди Борис Жонсон.

Жонсон 2019 йилда Европа Иттифоқи ва Буюк Британия ўртасида мамлакатнинг ташкилотдан чиқиши бўйича музокаралар тўхтаб қолганидан кейин “Brexit’ни амалга оширишга” ваъда бериб, ҳокимият тепасига келган эди.

1 август - Серра-Леоне байроғи остидаги "Разони" кемаси Украина, Россия, БМТ ва Туркия ўртасида тузилган дон келишуви доирасида Украина портларидан йўлга чиққан биринчи кема бўлди. Февраль ойида Россиянинг Украинага бостириб кириши Қора денгиз орқали юк ташишни тўхтатиб қўйган эди.

5 август - Камида 10 киши ва Фаластин Исломий Жиҳод ҳаракатининг юқори мартабали қўмондони ўлимига сабаб бўлган Исроилнинг Ғазо секторига ҳужумларидан сўнг, Ғазодаги фаластинлик жангарилар ҳам бунга жавобан Исроил томон ўнлаб ракеталарни учирди.

Исроил мудофаа тизими мазкур ҳужумга жавобан Фаластин томон ракеталар отган.

3 cентябр - Минглаб россияликлар Совет Иттифоқининг сўнгги раҳбари Михаил Горбачёвнинг дафн маросимида қатнашди. 1985 йилдан 1991 йилгача Совет Иттифоқини бошқарган Горбачёв 30 август куни 91 ёшида вафот этди. Унинг дафн маросимида Путин иштирок этмади.

8 сентябрь – Қиролича Елизавета соғлиғи ёмонлашгани эълон қилингандан сўнг, Шотландиянинг Балморал шаҳридаги саройда 96 ёшида вафот этди. У охирги марта 6 сентябр куни Британиянинг янги бош вазири Лиз Трассни тайинлаш пайтида кўриниш берган эди.

Қироличанинг дафн маросими 19 сентябрь куни бўлиб ўтди. Буюк Британия мамлакатдаги энг узоқ вақт ҳукмронлик қилган монархи билан хайрлашди. Кўплаб давлатлар раҳбарлари ва қироллик оиласи иштирок этган маросимни кўриш учун Лондон марказига юз минглаб одамлар тўпланди.

16 сентябрь – Эрон ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинган 22 ёшли ёш эронлик Маҳса Аминий қамоқда вафот этди. Унинг ўлими бутун мамлакат бўйлаб намойишлар бошланиб кетди. Намойишларда аёллар рўмолларини ечиб, ёқиб юборишди.

Халқаро Амнистия ташкилотига кўра, 30 сентябрь куни Эрон хавфсизлик кучлари тартибсизликларни бостириш пайтида 66 киши ҳалок бўлди. Эрондаги аёллар бошчилигидаги норозилик намойишларини қўллаб-қувватлаш учун бутун дунё бўйлаб бир қанча митинглар ҳам ўтказилди. Намойишларда баъзи аёллар норозилик сифатида сочларини кесиб ташлашди.

21 сентябрь - Путин Украинадаги урушга 300 000 заҳирадаги аскарни жалб қилиш ҳақида кўрсатма берди. "Қисман сафарбарлик" эълон қилиниши билан Россияда норозилик намойишлари бошланди. Минглаб россияликлар сафарбарликдан қочиш учун мамлакатни тарк эта бошлади. Шунингдек, Путин Россияни ҳимоя қилиш учун ядро қуролидан фойдаланишга тайёрлиги ҳақидаги сўзлари, блеф эмаслиги ҳақида огоҳлантирди.

Владимир Путин, Россия президенти:

“Россия ҳақида бундай баёнотлар бераётганларга шуни эслатмоқчиман, бизнинг мамлакатимиз ҳам турли хил қирғин қуролларига эга ва баъзи жабҳаларда керак бўлса НАТО мамлакатлариникиданда замонавийроқ. Мамлакатимиз ҳудудий яхлитлигига таҳдид туғилса, биз шубҳасиз Россия ва халқимизни ҳимоя қилиш учун қўлимиздаги барча воситалардан фойдаланамиз. Бу блеф эмас.”

27 сентябрь - "Шимолий оқим" газ қувурлари тизимининг денгиз остидан ўтган учта линияси "жиддий" зарар кўриб, Болтиқ денгизига катта миқдорда газ сизиб чиқди. Россия Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчиларини қувурларни нишонга олишда айблади. АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен қувурларга ҳужум қилиш ёки саботаждан "ҳеч ким манфаатдор эмас", дея айбловни рад этди.

30 сентябрь - Владимир Путин Украинанинг тўртта ҳудудини Россия таркибига қўшиш тўғрисидаги ҳужжатларни имзолади. Луганск, Донецк, Запорожье ва Херсон вилоятлари ҳудудида сохта референдумлар ўтказилгандан сўнг, Россия уларни қўшиб олганини эълон қилди. Украина, АҚШ ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти раҳбари аннексия қарори ҳеч қандай ҳуқуқий аҳамиятга эга эмаслигини билдирди.

8 октябр - Россия ва Қрим ярим оролини боғлайдиган кўприкда кучли портлаш бўлиб, кўприкнинг бир қисми ўпирилиб тушди. Россия расмийлари, юк машинасининг кўприкдан ўтаётганда портлаб кетиши оқибатида кўприк вайрон бўлгани ва уч кишининг ўлимига сабаб бўлганини маълум қилди. Кўприк орадан бир мунча вақт ўтиб қайта тикланди.

7 ноябрь - Жаҳон етакчилари Мисрда йиғилиб, БМТнинг иқлим бўйича CОP27 конференциясида иштирок этди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш дунё қаттиқ танлов олдида турганини айтди.

Антониу Гутерриш, БМТ бош котиби:

“Биз ҳаёт учун курашда ютқазяпмиз. Иссиқхона газлари ўсишда давом этмоқда, глобал ҳарорат кўтарилмоқда ва сайёрамиз ўнглаб бўлмайдиган иқлим бузилишига яқинлашмоқда.”

11 ноябрь – Россия чекинишга мажбур бўлганидан сўнг, Украина қўшинлари Херсон марказига етиб келди. Украина кучлари қайтариб олган ўнлаб аҳоли пунктларидан бири бўлган Благодатне аҳолиси буни нишонлади.

15 ноябрь - Эронда 22 ёшли Маҳса Аминийнинг қамоқхонада ўлимига қарши намойишлар давом этди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда намойишчилар темирйўл платформаларида бақираётгани, метро бекатлари норозилик майдонларига айлангани акс этган.

Ноябрь - Хитойнинг бир қанча шаҳарларида мамлакатнинг CОVID бўйича қатъий сиёсатига қарши норозилик намойишлари авж олди. Ниқоб таққан намойишчилар хавфсизлик ходимлари билан тўқнашди.

1,4 миллиард аҳолига эга мамлакат қарийб уч йил давомида энг қаттиқ CОVID чекловлари остида бўлди.

19 декабрь - Аргентиналиклар Буенос-Айресда Қатарда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ғолиб бўлган Аргентина миллий терма жамоасининг ғалабасини нишонлади. Финал баҳсида Франция билан тўқнаш келган Аргентина асосий ва қўшимча таймларда 3:3 ҳисобини қайд этди ҳамда пенальтилар сериясида 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Аргентина терма жамоаси сардори Лионел Месси жаҳон чемпионатининг энг яхши футболчиси деб топилди.

ФИФА турнир мезбонлигини Қатарга бергани учун қаттиқ танқидга учради. Қатарда чемпионатга тайёргарлик пайтида инсон ҳуқуқларини бузилганлиги айтиб келинди. Қатар расмийси жаҳон чемпионати билан боғлиқ лойиҳаларда 400 дан 500 гача меҳнат муҳожирлари ҳалок бўлганини таъкидлаган.