Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Айбек Смадияров Украинанинг ишғол этилган ҳудудларида Россияга қўшилиш бўйича ўтказилган сохта референдумлар натижаларини тан олмаслигини билдирди.
“Ўзини Украинадан мустақил деб эълон қилиб олган ЛХР ва ДХР ҳамда Запорожье ва Херсон вилоятларидаги ҳарбий маъмуриятлар томонидан Россияга қўшилиш бўйича ўтказилган референдумларга келсак, Қозоғистон бу ерда давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги, уларнинг суверен тенглиги ва биргаликда тинч-осойишта яшаши тамойилларидан келиб чиқади”, дея иқтибос келтиришган маҳаллий ОАВ Смадияров сўзларидан.
Мулозимга кўра, Қозоғистон президенти аввал ҳам бу борада халқаро ҳуқуқ принципларига оғишмай риоя қилинишини ҳақида бир неча бор айтган.
Шу йил 23 сентябридан 27 сентябригача ЛХР, ДХР, Запорожье ва Херсон вилоятларидаги босиб олинган ҳудудларда Россия таркибига қўшилиш бўйича сохта референдумлар ўтказилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар (/a/ukrainada-referendum-boshlandi/32047557.html) қилган эди.