Қозоғистонда ўз хотинини ўлдиришда айбланаётган собиқ вазир иши: Жараён қандай ўтди?

Қозоғистоннинг собиқ иқтисодиёт вазири Қувондиқ Бишимбаев суд жараёнида. Остона, 29 март, 2024

Остонада рафиқаси Салтанат Нукеновани қийноққа солиш ва ўлдиришда айбланаётган Қозоғистон собиқ иқтисодиёт вазири Қувондиқ Бишимбаев иши бўйича суд тергови якунланди.

Иш материалларини кўриб чиқиш чоғида 2023 йил ноябрь воқеаларининг даҳшатли тафсилотлари маълум бўлди: суд мажлисларида собиқ вазир ўз хотинини қандай калтаклаганини ва у ўлаётган пайтда фолбинга қўнғироқ қилганини, таниши билан ёзишганини батафсил сўзлаб берди. Қуйида бу иш ҳақида яна нима маълум эканлигини ҳикоя қиламиз.

Огоҳлантириш: Матнда зўравонлик саҳналари тасвирланган.

Нима содир бўлганди?

2023 йил 8 ноябрь куни кечқурун Бишимбаев унинг қариндошига тегишли «Bau» ресторанида рафиқаси билан жанжаллашиб қолган. Эр-хотин у ердаги VIP кабиналардан бирида эди.

У Салтанат Нукеновани аввал ҳожатхонада калтаклаган. Судда унинг айтишича, жанжал пайтида Нукенова унга совға қилинган тақинчоқларни унитазга ташлаган, шундан сўнг у унитазга юзтубан йиқилган, сўнг боши билан кафелланган полга урилган. Судда Нукенова оиласи адвокатлари аёлдан гўёки ечиб олинган соат ва билагузук суратини кўрсатди.

Экспертиза натижалари кўрсатишича, бу нарсалар унинг қўлидан юлқиб олинган. Бундан ташқари, экспертиза Нуркенованинг қонида кўп миқдорда алкоголь бўлмаганини, шу боис уни ўша пайтда ҳушидан кетиб қолган деб айтиш мумкин эмаслигини тасдиқлади. “Буруннинг бундай майдаланиб чиниши учун одамни унитазга уриш керак”, дейди суд-тиббиёт эксперти Тоҳир Халимназаров.

Бишимбаев иккинчи марта лифтдан чиқишда хотинини калтаклаган. Унинг айтишича, улар ресторандан уйга кетмоқчи бўлишган, бироқ у жуда маст бўлиб, йўл четига чиқиб кетган. Шундан сўнг, эр-хотин VIP кабинага қайтишган. Лифтда улар яна жанжаллашган. Нукенова кабинага кириш учун лифтдан чиққанида Бишимбаев уни тўхтатиб, юзига тўрт марта урган. Аёл йиқилгач, уни бир неча марта тепиб, сочидан кўтармоқчи бўлган, сўнг VIP кабина ичига судраб олиб кирган. Судда лифтдан чиққандан кейин калтаклангани акс этган видео намойиш этилди. Кейин нима бўлгани номаълум, чунки кабинада камера йўқ.

"Мен унинг сочидан ушлаб, юзига тўртта қаттиқ урдим – иккита чап қўл билан, иккитаси ўнгда, ўша пайтда у йиқилганида, мен унинг сонига уч-тўрт марта тепдим. Ҳеч бир муҳим органга зарар етмайди деб ўйлагандим... Мен уни тўрт марта тепдим: “Тур, дедим, жаҳлим чиқиб, сочидан кўтара бошладим”, дейди собиқ вазир судда.

VIP кабинада унинг хотини диванга ётиб ухлаб қолганини айтди. Кўйлаги билан уни ёпиб, ёнига ётган.

Эртаси куни Бишимбаев иш билан кетаётганда хотинини ресторанда ётган ҳолда ташлаб кетган. У 9 ноябрь куни кечқурун Нукенованинг юзи ва танаси совуқ эканлигини пайқагач, тез ёрдам чақирган. Шифокорлар аёлнинг ўлганини аниқлашган.

Жабрланувчининг танасида кўплаб эзилиш ва кўкаришлар бор эди. Суд-тиббиёт экспертизаси Салтанат Нукенованинг “ўткир субдурал гематома билан кечадиган ёпиқ бош мия жароҳати” туфайли вафот этганини кўрсатди. Аёлнинг бўйнида бўғиш излари ҳам топилган.

Тиббиий эксперт айтишича, Нукенова ўлими олдидан сўнгги соатларда азоб чеккан. У оғриқли, бўғилиб ўлган ва Бишимбаев тез ёрдам чақиришидан анча олдин вафот этган.

Бишимбаев, унинг амакиваччаси ва бошқа гувоҳлар нима дейди?

Қувондиқ Бишимбаев қотиллик бўлганидан сўнг деярли дарҳол қўлга олинган. Суд тинглови 2024 йил 11 мартда бошланган.

Аввалига судланувчи айбини тан олмади. Унинг айтишича, у “[хотинининг] ўлимига алоқадор бўлган, лекин қасддан ўлдирмаган, бундай бемаъни ишни қилиш нияти йўқ эди”. У мақтул аёлнинг онаси гапига шундай жавоб берди. Бишимбаев сўзлаётганда она шундай деганди: "Мен боламнинг юзини кўрмадим, сен қизимни саккиз соат давомида ўлдиргансан!"

Кейинроқ Бишимбаев хотинини калтаклагани, унинг ўлимига сабаб бўлганини тан олди. Аммо қотилликни қасддан қилганини рад этди.

Бишимбаев билан бирга унинг амакиваччаси, «Bau» ресторанига эгалик қилувчи «Гастроцентр» директори Бахитжан Байжанов ҳам судланмоқда. У жиноятни яшириш ва хабар бермасликда айбланмоқда. У ҳам айбини тан олмаяпти.

Амакиваччаси Бишимбаевга калтаклаган хотинини машинага олиб боришга ёрдам берган, кейин аёл оёқда туролмаётганини пайқагач, VIP кабинага қайтариб олиб боришган.

Бундан ташқари, Бишимбаев хотинини калтаклаганидан кейин Байжановдан ходимларга рухсат бериб юборишни ва кузатув камераларидаги видеоёзувларни ўчиришни сўраган. Судда маълум бўлишича, 9 ноябрь куни ресторан Владимир Путиннинг Остонага ташрифи куни Қозоғистонга келган Россия делегацияси учун бронь қилинган экан. Аммо бронни бекор қилиш керак эди.

Салтанат Нукенова.

Бишимбаевнинг ўзи эса қотилликни яшириш учун эмас, балки видеонинг Telegram каналларда тарқалишини истамагани учун ўчиришни сўраганини айтди.

Унинг Байжановга қилган илтимосларидан яна бири хотинининг телефонини олиб, уйига олиб кетиш эди. Йўлда собиқ вазирнинг амакиваччаси фитнес марказида тўхташи керак эди. Бишимбаев буни хотинининг телефонини геолокацияси орқали кузатадиган акаси унинг қаердалигини билишини истамагани учун қилганини айган.

Бишимбаев ва қайноғаси Салтанатга нисбатан зўравонлиги туфайли аввал ҳам жанжаллашган эди. Судда Нукенованинг акаси Айтбек Амангелдининг айтишича, эр-хотин шаръий никоҳ ўқитганидан бир неча ой ўтгач, синглиси унга юзида кўкаришлар бор суратни юборган. Нукенова ундан расмларни сақлаб қўйишни, аммо ёзишмаларни ўчиришни ва ҳеч нарса қилмасликни сўраган. Ака ниҳоят Бишимбаевнинг квартирасига келиб, синглисини олиб кетмоқчи бўлган.

«Мен унга уйга борайлик, тайёрлан, бунақа муносабатга лойиқмассан, дедим. У буни ўзи ҳал қилишини, мустақил вояга этган аёл эканлигини ва Қувондиқни яхши кўришини айтди, – деди марҳумнинг акаси судда. Шундан сўнг, у синглисига эриникидан кетишни сўрагани, синглиси эса "айб ўзимда" деб жавоб берганини ўқиб берди.

Айтбек Амангелди синглиси муносабатларни тўхтатишга уринганини қўшимча қилди. Унинг айтишича, 2023 йилда Нукенова Бишимбаевникидан тахминан саккиз марта кетиб қолган. Эри уни интим видео билан шантаж қилгани учун у муносабатларни бутунлай уза олмаган экан.

Нукенова дугонаси Аида Аҳмединага Бишимбаев алдов билан уни видеони тасвирга олишга ундаганини ва шундан кейин ажрашишга рози бўлишини айтганини сўзлаб берибди: “У уни қўйиб юбормаслигини айтган, чунки бизнинг оилада унинг калтакланган фотосуратлар бор ва биз уни шантаж қилишимиз мумкин эмиш. У мени яланғоч видеога олишни сўради, шунда у ҳам менга босим ўтказа олишини, шунда ҳеч ким ҳеч кимни шантаж қилмаслиги учун кафолат бўлишини айтган."

Фолбинга қўнғироқ, калтаклашни телефонда тасвирга олиш

Салтанат Нукенованинг ўлдирилиши бўйича суд мажлислари Қозоғистонда ҳам, бошқа мамлакатларда ҳам диққат билан кузатилмоқда. Дастлаб суд жараёнига қизиқишга мамлакатдаги таниқли собиқ амалдорнинг айбланувчи курсисида ўтиргани сабаб бўлган. Шу билан бирга, унинг содир этган жинояти ҳақида сукут у ёқда турсин, аксинча, мажлислардан очиқ трансляциялар қилинмоқда, уларнинг ҳар бирида шафқатсизларча калтаклашлар ва ундан кейин содир бўлган воқеаларнинг янги тафсилотлари маълум бўлмоқда.

“Ахборотни янгича тақдим этилгани ҳам муҳим роль ўйнади, – дейди Қозоғистоннинг «Феминита» феминистик ташаббуси асосчиси Гулзода Сержан. – Ахборот яхши сифатда ҳукумат каналида узатилмоқда. Қозоғистонда кўпчилик судлар орқали муаммони ҳал қилишга суянади. Судлар жараёнини кузатиш орқали улар маиший низолар қандай кўриб чиқилиши ҳақида бепул билим олмоқда.»

Калтакланган рафиқаси ресторанда ёрдамсиз қолиб, вафот этганида, Бишимбаев бир неча аёл билан ёзишган. Биринчиси блогер Гулнора Носирбекова билан, иккинчиси собиқ вазирнинг телефонида “Юлия супер” номи билан ёзилган номаълум қиз билан эди.

Судда Гулнора Носирбекова Бишимбаев билан 9 ноябрь куни тушлик пайтида худди шу Bau ресторанида учрашганини тасдиқлади. Унинг айтишича, улар бир кун олдин учрашишга келишиб олишган. Собиқ вазир уни қаҳва ичиш ва блогида ресторанни реклама қилиш бўйича гаплашишга таклиф қилган.

Римда Салтанат Нукенова ҳимоясига ва хотин-қизларга қарши зўравонликка қарши ўтказилган митинг. 13 апрель, 2024

Бишимбаев 9 ноябрь куни эрталаб “Юлия Супер” билан ёзиша бошлаган ва ундан: «Ишлар қалай? Вақтинг борми?» деб сўраган. Унга «Қачонга?» деб жавоб келган. Бишимбаев унга жавоб қайтармаган. У судда бу қиз билан қандай муносабатда бўлганлигини тушунтирмади.

9 ноябрь куни Қувондиқ Бишимбаевнинг яна бир суҳбатдоши ўзи таниган фолбин эди: у ундан калтакланган хотини аҳволи ҳақида сўраган. У фолбинга олти марта қўнғироқ қилиб, хабарлар ёзган. Бишимбаев биринчи марта тушлик пайтида хотинининг юзида катта кўкариш пайдо бўлганини кўрганида фолбинга қўнғироқ қилган. Фолбин банд экан ва 10 дақиқадан сўнг қўнғироқ қилишни сўраган, кейин собиқ вазирнинг айтишича, у хотини билан ҳаммаси яхши эканлигига ишонтирган: "У шунчаки чарчаган ва маст."

Шифокорлар етиб келгунча Бишимбаев фолбинга яна қўнғироқ қилган. “Мен юрак уришини сезмагаётганим учун, нима бўлаётганини сўрамоқчи бўлдим, у кўтармади, кейин кўтариб тез ёрдам чақиринг, деди. Мен унга: “Кечқурун уйғониши керак деган эдингизку дедим”, деди судда Бишимбаев. Нега дарҳол тез ёрдам чақирмагани, фолбиннинг маслаҳатига амал қилгани ҳақида сўралганда, у «ишонганим» учун деб жавоб берган.

Суд Бишимбаевнинг телефонини қулфдан чиқаргандан сўнг ёзишмаларга рухсат олди. Фолбинга қўнғироқлар ва қизларга юборилган хабарлардан ташқари, собиқ вазир томонидан хотини ўлдирилган куни тасвирга олинган 12 та видео топилди. Бу ёзувлар оммавий равишда эфирга узатилмаган, бироқ судья уларни суд мажлисида овоз билан кузатган. Видеолар бир неча сония давом этади. Ёзувларда Бишимбаевнинг овозига ўхшаш овоз аёлни ҳақоратли сўзлар билан чақиради ва уни ҳиёнатини тан олишга мажбур қилади.

Видеолардан бирида собиқ вазир хотинидан: “У билан ётдингми?” деб сўрайди. Хўрсиниб, аёл жавоб беради: «Ҳа». Аввалига Бишимбаев бу видеоларни кимдир унга WhatsApp орқали юборганини ва улар унинг телефонида сақланганини айтди ва бу мен эмасман деди. Кейин у бу кадрлар сохта эканлигини ва гўёки кимдир унинг овозини видеога қўйганлигини айтди. Охир-оқибат, у уларни ўзи суратга олганини тан олди.

Қозоғистонлик журналистлар видеода айтилган шахснинг исмини аниқлашга муваффақ бўлишди: Раимбек Баталов. Тахминларга кўра, «Атамекен» Миллий тадбиркорлар палатаси бошқаруви раиси. Баталов ўзининг Instagram’даги видеосини эълон қилди, унда Бишимбаевнинг айбловларини “тўғридан-тўғри бемаънилик” ва “аҳмоқона ёлғон” деб атади.

Ҳакамлик суди Қозоғистонда қандай ўтади?

Бишимбаев устидан суд жараёни ҳакамлар ҳайъати иштирокида ўтказилмоқда. Собиқ вазир ўз хотинини ҳақорат қилаётгани акс этган видеоларни кўриб, улар йиғлаб юборди. Ҳакамлар ҳайъатидаги аёллардан бири касал бўлиб қолди. Соғлиғи сабабли бошқа ҳакамни алмаштиришга тўғри келди.

2010-2012 йилларда Қозоғистонда барча ўта оғир жиноятлар судларда ҳакамлар ҳайъати иштирокида кўрила бошланди. Олий суднинг Жиноят ишлари бўлими маълумотларига кўра, ҳакамлар ҳайъати томонидан оқлов ҳукмлари бошқаларга қараганда 8-8,5 фоизга кўпроқ чиқарилади.

Иш ушбу форматда кўриб чиқилиши учун ҳимоячи фақат тегишли илтимоснома билан мурожаат қилиши керак. Ҳакамлар ҳайъатида жами 11 киши бор: 10 нафар ҳакам ва ишда раислик қилувчи судья. Агар алмаштириш зарур бўлса, иккита қўшимча ҳакам мавжуд. Айблаш учун ҳакамларнинг кўпчилиги ҳар бир айблов бўйича учта саволга «ҳа» деб жавоб бериши керак.

Мутахассислар таъкидлашича, судья ҳакамлар ҳайъатини ўзи хоҳлаганча жавоб беришига эришиш учун мажбурлай олади. Масалан, адвокат Жоҳар Утебеков шундай деб ёзган эди: “Агар судья буни истаса, унга 11 тадан олтитаси овоз бериш кифоя, демак у фақат беш нафар ҳакамни ишонтириши керак.

Салтанат Нукенова ҳамда Қувондиқ Бишимбаев. Коллаж

Салтанат Нукенованинг қотиллик иши ва аёллар ҳуқуқлари ҳимояси

Судда Нукенованинг ўлими бўйича жиноят иши кўриб чиқилаётганда, Бишимбаев оиладаги эркак ва аёл роллар бўйича анъанавий қарашларга амал қилиши маълум бўлди. "Мен ундан бир нечта талабларим бор эди, тўғрими, у менга кечки овқат тайёрласин, эрталаб ишга кузатиб қўйсин, шундан бошқа нарса талаб қилмадим. Аммо у доим турли аҳволда бўларди ва шунга ҳам чидай олмади”, деди судланувчи.

Қозоғистонлик ҳуқуқ фаоллари фикрича, Бишимбаев мамлакат аҳолисининг консерватив қисмини ўз томонига тортишга умид қилмоқда.

“Бишимбаев биз учун эмас, балки ҳакамлар ҳайъати учун спектакль қўймоқда, «яхши» ва «ёмон»ни белгиловчи стереотипларни ўтказмоқчи. Афсуски, Қозоғистонда ҳамон “тоза” ва нотоза” келин тушунчаси билан яшашади. Эркакнинг ўзига фарқи бўлмаса ҳам, оилага муҳим бу ва улар [оила аъзолари] келинни ҳақорат қилишлари, "шарманда қилаётганини", бокира бўлмаганини айтишлари мумкин”, дейди Қозоғистоннинг SVET (Stop Violence End Tyranny) инсон ҳуқуқлари ташкилоти асосчиси Молдир Албан Forbes журналига берган интервьюсида.

Қозоғистонлик фаол ва ҳуқуқ ҳимоячиси Гулзода Сержан унинг фикрига қўшилади. Унинг қўшимча қилишича, Бишимбаев яшаётган “анъанавий қадриятлар” мустамлакачилик амалиётидир. "2017 йилда қонунчиларимиз Россиядан уйдаги зўравонликни декриминаллаштириш тўғрисидаги қонунни кўчириб олишди, натижада биз ҳақиқий аёл ўлимига дуч келдик", дейди Сержан.

Қозоғистондаги муносабат

Оиладаги зўравонлик Қозоғистон учун жиддий муаммо ҳисобланади. Бош прокуратуранинг расмий маълумотига кўра, ҳар йили камида 80 нафар аёл оилада калтакланиш оқибатида ўлади.

Бишимбаев устидан ўтказилган суд оилавий зўравонликка қарши кураш бўйича муҳокаманинг янги тўлқинини бошлаб берди. Ижтимоий тармоқлар жараён ҳақидаги хабарлар билан тўлди. Фойдаланувчилар суд мажлисларидан парчалар, оиладаги зўравонлик ҳақидаги фикрлари ва муаммога эътиборни қаратиш учун мўлжалланган видеоларни жойлаштиради.

Кўпчилик Нукенова ва унинг оиласини қўллаб-қувватлаб, #заСалтанат, #Saltanat хештеглари билан постларини баҳам кўришади. Instagram’да биринчи хештег остида аллақачон 11 мингдан ортиқ, TikTok’да эса 40 мингдан ортиқ постлар мавжуд.

АҚШ ва Европада Нукеновани қўллаб-қувватловчи намойишлар ўтказилмоқда. У ерда яшовчи қозоғистонликлар #СалтанатҮшін (“Салтанат учун”), “No Excuse For Abuse” (“Суиистеъмолликка баҳона йўқ”) плакатлари билан кўчаларга чиқишмоқда.

Рассомлар ўз ишларини суд жараёнига бағишламоқда. Актриса Мадина Беспаева Бишимбаевнинг суд жараёни асосида “Ҳимоя ҳуқуқи” видеоспектаклини тақдим этди. У собиқ вазирнинг нутқларидан сўзларни киритди. Спектакль: "Мен ўзимни ҳимоя қилишим керак" деган сўзлар билан бошланди ва тугайди.

Аммо бу жараён атрофида олиб борилаётган оммавий тарғиботнинг энг муҳим натижаси – “Оилавий зўравонлик тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилинишидир. 2024 йил 15 апрелда Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев маиший зўравонлик учун жазони кучайтирувчи қонунни имзолади.

Қонунда қасддан баданга енгил шикаст етказиш ва калтаклаганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Бундан ташқари, агар биз жисмоний зўравонлик ва болаларга нисбатан зўравонлик ёки томонлар ярашган пайтдан бошлаб бир йил ичида содир бўлган такрорий зўравонлик бўлса, томонларни яраштиришга уринилмайди. Зўравонлик қурбонларига ёрдам бериш учун Қозоғистонда ҳам оилаларни қўллаб-қувватлаш марказлари пайдо бўлиши керак.