Фалсафа доктори (PhD), эколог ва сув ресурслари бўйича эксперт, EcoMind экотизим ечимлари маркази раҳбари Арман Утепов экотизимли ёндашув Сирдарёни, у билан бирга Оролни ҳам қутқариши мумкинлигига ишонади. Олим дарёдаги гидротехника иншоотларини қон томирларидаги тромбларга ўхшатади ва уларнинг барчасини олиб ташлаш керак, деб ҳисоблайди.
У Озодлик радиоси қозоқ хизмати мухбири Пётр Троценко билан интервьюда Сирдарё ва Оролнинг экологик аҳволи, Қозоғистоннинг сув ресурсларини сақлаб қолишга нега шу бугуноқ киришиш зарурлиги ҳақида сўзлаб берди.
“Сирдарё ўз табиий функцияларини бажарадиган аҳволда эмас”
Пётр Троценко: Аввало Сирдарё ҳақида гаплашсак. Ундаги сув миқдори Орол денгизи ғарбий қисмининг сув сатҳига тўғридан-тўғри таъсир қилади. Сўнгги йилларда дарё суви икки карра камайди, фақат шу йил бир қадар мақбул даражага чиқди. Айтинг-чи, бу нимага боғлиқ?
Арман Утепов: Гап шундаки, Сирдарё ўз табиий функцияларини бажара оладиган аҳволда эмас. Биз уни тўғон ва гидротехника иншоотлари билан тўсиб қўйганмиз.
Қизилўрда вилоятининг ўзида 90 минг гектардан зиёд шоли далалари бор, экин майдонлари йил сайин кенгаймоқда. Қозоғистон ҳудудида, то Орол денгизига қадар дарёнинг табиий оқими Чордара сувомбори (Туркистон вилоятида, Ўзбекистон билан чегарада жойлашган – таҳр.)нинг фойдаланиш режимига боғлиқ. Қуйи оқимда Кўксарой аксилрегулятори жойлашган, у ҳам қишлоқ хўжалиги эҳтиёжларига хизмат қилади. Ундан кейин Қизилўрда гидрорегулятори ва Ақлақ гидроузели келади, улардан нарида эса Орол денгизи.
Бир пайтлар Кўкорол тўғонини кўтариш ҳақида гапирганимизда бу ғоя мухолифлари,тўғон яна кўтарилса, юқори оқимда катта муаммолар чиқади, бошқа гидротехника иншоотлари тўлақонли ишлай олмай қолади, деб иддао қилишган эди (тўғон Орол денгизи шимолий қисмида қурилган, у ҳавзанинг ушбу қисмида сув сатҳи кўтарилишига ёрдам берди, аммо тўғон етарлича баланд эмас, деган фикрлар бор – таҳр.). Бироқ, агар тўғонни кўтарсак, табиий сув режимини тиклаган бўламиз: балиқ уруғ ташлайдиган жойлар, барча ҳавзалар,шу жумладан Қамишлибош кўллар тизими ҳам тикланади. Тўғонни кўтарсак, кифоя.
Сув билан таъминлашнинг муҳим масалаларидан бири бошқарувда ҳавза ёндашувига риоя қилишдир, у секторлараро тарқоқлик ва рақобатни енгиб ўтиши керак. Сув хўжалиги ҳавзавий бошқаруви Туркистон ва Қизилўрда вилоятлари ҳудудида бўлиб, унинг ваколатлари Сирдарёнинг Қозоғистондаги бутун ҳавзасида амал қилгани билан барибир тўлақонли ҳокимиятга эга эмас, у сувдан фойдаланиш масалаларини мустақил ҳал этолмайди. Қишлоқ хўжалиги ташкилотлари ресурслардан пала-партиш фойдаланиб, 70 фоиз сувни сарфламоқда, шундан ярми инфратузилма эскилиги туфайли йўқ бўлиб кетмоқда.
Мен Қозоғистон сувнинг экотизимдаги функциясини актуаллаштириши зарур, деб қатъий ишонаман. Биз Сирдарёнинг қуйи оқимидамиз, демак, сув бизга аввало иқтисодий манфаатлар учун керак, дейиш тўғри бўлмайди. Сув ҳамма нарсага керак. Сув бўлмаса, ҳамма нарсани нобуд бўлади. Сув циклининг бузилиши иқлим ўзгаришларига олиб келди. Эсингиздами, мактабда сувнинг табиатда айланишини тушунтириб беришарди? Ўша цикл бузилган, чунки қуриган тупроқ сувни шимиб олиш хусусиятини йўқотган. Тупроқ сувни ўзида сақлаб турса, биринчидан, унинг сифатини оширади, иккинчидан биохилмахилликни тиклайди.
Пётр Троценко: Яъни табиий филтр вазифасини бажарар экан-да?
Арман Утепов: Ҳа, бу барча масалаларга ечим бўладиган табиий филтр. Потапенко-Лукин методи бор, тупроқ юзасининг гидрология режимини табиий жараёнларни моделлаш йўли билан тиклаш. Ўтган ой мен Чувашияда, Юқори Ачаки қишлоғида бўлдим. Ўша ерлик колхоз раиси жарликлар кўп бўлган ерни тиклашга муваффақ бўлибди. Унга ишлов бериладиган ерларни кенгайтириш вазифаси юкланган экан. Улар жарликларни тупроқ суви билан тўйинадиган юздан зиёд кичик кўлларга айлантиришибди. Натижада ҳосилдорлик ошибди, ҳатто буғулар пайдо бўлибди, қисқаси экотизим тиклана бошлабди.
Тупроқнинг сувни шимиб олиш хусусияти ошгач, дарахтлар тезроқ ўса бошлаган, ўрмон қопламаси тикланган, чунки биотик насос назарияси ишга тушган: қуруқ пайтларда ўсимликлар ўзидан кўпроқ буғ чиқариб булутларни пайдо қилади ва ёмғир чақиради. Бизнинг Мангистовда ҳам булутлар пайдо бўлади, лекин улар денгиз устига ёғади, ҳолбуки аксинча бўлиши керак. Ҳамма бало тупроқнинг нам сақлаш қобилияти йўқолганида. Шу боис ҳам янги Экология кодексида экотизимли ёндашув масалаларини кўтармоқчимиз.
“Кўкорол тўғони кўтарилиши ва мустаҳкамланиши лозим”
Пётр Троценко: Кўкорол тўғони Орол денгизи шимолий қисмини том маънода сақлаб қолди, балиқлар кўпайди. Аммо Оролда балиқ овловчилар ҳозир улар яна камая бошлаганини айтишмоқда.
Арман Утепов: 2005 йилда Кўкорол тўғони қуриб битирилган бўлса, 2006 йилда сув сатҳи ва сув-туз мувозанати меъёрига келиб, Орол денгизининг шимолий қисмида балиқ захиралари кўпая бошлади. Бунчалик ижобий натижани ҳеч ким кутмаганди, очиғи. Энг аввало, балиқ уруғ ташлайдиган жойлар тикланиб, бу балиқлар кўпайишига шароит яратди. Инсоннинг сунъий ҳавзаларда балиқ етиштиришга қанчалик ҳаракат қилмасин, балиқ уруғ қўядиган табиий ҳавзаларни тиклаш самараси олдида бу заррадек гап.
Пётр Троценко: Бироқ Орол балиқлари учун муаммо кўп ҳали. Масалан, Кўкорол тўғонидан сув ташланган пайтда денгизнинг жанубий қисмида бўлган балиқлар туз концентрацияси юқорилиги туфайли қирилмоқда, шундай эмасми?
Арман Утепов: Ҳа, вазият чатоқ, балиқлар ростдан ҳам қириляпти. У жойларда сув йўқ ҳисоб, нуқул ботқоқликлар. Мен у ерга бир неча марта борганман, биз муаммони балиқни ҳимоя қилувчи тўрлар ўрнатиш орқали бартараф этмоқчи бўлдик. Аммо кейин олимлар паст импулсли ток билан балиқларни ҳуркитувчи тўсиқ ўрнатишни таклиф қилишди.
Муаммонинг яна бир сабаби шуки, вақт ўтиши билан ўзан қийшайиб дарё тўғонга том маънода тиралиб қолган. Ҳозирда конструкция баланд эмас, сув сатҳи кўтарилганида ортиқчасини Орол денгизининг жанубий қисмига ташлашга тўғри келади, бу эса қарийб уч миллиард куб дегани. Тасаввур қиляпсизми? Яна-тағин сув танқислигидан нолиймиз. Энг даҳшатлиси, бу шоли далалари қуритилганидан кейин юз беради. Август-сентябрда шолипоялар суви каналлардан қўйиб юборилади. Шоли майдонлари энди тухумдан чиққан балиқлар учун идеал муҳит: биринчидан, саёз, иккинчидан ўсимликлар кўп бўлгани сабабли озуқа етарли, учинчидан, илиқ сув балиқнинг тез ўсишига ёрдам беради. Шундай қилиб, шолипоялардаги балиқлар каналлар орқали дарёга тушади. Қуйи оқимда эса Қамишлибош балиқхонаси бор: улар кузда бир яшар балиқларни Сирдарёга ташлашади. Мана шу балиқларнинг бари катта оқим билан бирга Орол денгизи жанубий қисмига қуйиляпти ва ҳалок бўляпти.
Мен фавқулодда вазиятларда хавфни камайтириш учун сувни қўйиб юбориш кераклигини инкор этмайман. Лекин уни бошқа жойга йўналтириш мумкин-ку. Масалан, Орол денгизининг жануби-ғарбида каттакон Тушибас кўли бор. У шўр кўл бўлиб, вақти-вақти билан чучуклашади. Ортиқча сувни шунга оқизиш керак.
Пётр Троценко: Тўғон нега бунақа пастроқ қилиб қурилган? Пул бўлмаганми?
Арман Утепов: Ҳисоб-китоблар нотўғри бўлган. Ўйлайманки, тўғон яна 5-6 метр баландроқ бўлганида муаммони узил-кесил ҳал қилиш мумкин эди. Бир куни барибир кўтаришга қарор қилишса, комплекс ечим ишлаб чиқиш лозим. Боз устига, тўғонда аллақачон емирилиш белгилари бор. Хуллас, нима бўлганида ҳам тўғон устида ишлаш, уни кучайтириш ва кўтариш керак.
“Бутун дунё дарёларда гидротехника қуришдан воз кечяпти”
Пётр Троценко: Яқинда ташкил қилинган Қозоғистон сув ресурслари ва ирригация вазирлиги ҳақида гаплашсак. Унинг фаолияти натижаларини кўряпсизми?
Арман Утепов: Вазирлик ташкил қилиниши бир ютум тоза ҳаводек бўлди. Ҳозирда ягона муаммомиз бу меъёрий база. Ёндашувларни ўзгартириш керак. Бахтимизга, вазирлик экспертлардан ёрдам сўради ва йил бошидан бери 100 кишидан зиёд таркибда ишчи гуруҳ тузиб, янги Сув кодексига таклифлар тайёрладик: 500 саҳифада 700 дан ортиқ тузатиш ишлаб чиқилди, уларни ҳозир парламент кўриб чиқяпти. Бироқ, афсуски, экотизимли ёндашув масаласи очиқ қолаётир. Экология кодексида бу сўз бор, лекин сув экотизимлари ҳақида лом-мим дейилмаган. Ҳозирда экологлар ўз кодексларидан сувга оид ҳамма нарсани ўчиришяпти, сувчилар эса – экология ва экотизимли ёндашувга алоқадор нарсаларни.
Пётр Троценко: Экотизимли ёндашув нима дегани ўзи?
Арман Утепов: Экотизимли ёндашув табиий экологик тизимлар, тирик организмлар, табиий ландшафтларнинг яхлитлиги ва табиий ўзаро алоқаларини ҳисобга олган ҳолда қарорлар қабул қилишга ёрдам беради ва шу орқали барқарорлик ва самарадорликни таъминлайди. Одатда экотизимли функцияларнинг тўрт тоифаси кўриб чиқилади. Биз бугун сувга унинг таъминот функцияси орқали қарамоқдамиз.
Бироқ сувнинг ҳавони, иқлимни тартибга солиш функцияси ҳам бор. Дарё оқими сув сифатини тартибга солади, сув эса кўплаб ҳайвонларнинг муҳит-маконидир. Ўрмон ҳақида гапирадиган бўлсак, унинг фойдасини кубометрларда ўлчаймиз. Айни чоғда дарахтларнинг ҳам тартибга солиш функциялари бор: улар карбонат ангидрид газини ютади, зарарли заррачаларни тутиб қолади, илдизлари ортиқча сувни шимиб олади, яқин-атрофдаги биноларга соя ташлайди, иқлимни яхшилайди.
Дарахтлар инсоннинг иш унумдорлигига ҳам таъсир қилади: сўнгги тадқиқотларга кўра, кунига 20 дақиқа дарахтлар соясида сайр қилган одамнинг унумдорлиги 30 фоизга ошар экан. Яъни бу ҳам ўлчаш мумкин бўлган аниқ иқтисодий кўрсаткич.
Экотизимнинг фаровонликка, турмуш сифатига таъсири ҳақида гапирар эканмиз, аҳолининг табиий ресурсларни бошқаришга жалб этилганлиги масаласини ҳам назардан қочирмаслигимиз лозим. Маҳаллий аҳолини жалб қилиш жуда муҳим, пастдан ташаббус жуда зарур. Сиз билган ҳавза кенгашларининг муаммоси шуки, улар қоғозда бору амалда уларнинг функцияларини инспекция бажаради. Ҳавза кенгашлари бу фермерлар, балиқчилар, шоликорлар, овчилар ва дарё бўйида яшовчи одамлар, дегани. Гидроиншоот қуриш керакми-йўқми, ундан кўра яйлов ва текисликлар сифатини яхшилаган маъқулми – барчасини улар ҳал қилиши лозим. Ҳозир бутун дунё дарёларда гидротехника қуришдан воз кечмоқда, ишлаб турган иншоотларни бузиб ташлашяпти, чунки улар турмуш сифатини тушириб юборяпти.
Пётр Троценко: Тўғри тушунган бўлсам, дарёларнинг бу иншоотлар қурилгунича қандай оққан бўлса, ўшандай оқишига қўйиб бериляптими?
Арман Утепов: Худди шундай. Гидротехника иншоотлари инсон қон томирларидаги тромбларга ўхшайди. Дарёлар эса ўзининг табиий сув йўлини тиклаши зарур. Мана, масалан, Германия Рейн дарёсидаги XIX асрдан бошлаб қурилган 800 дан зиёд гидроиншоотни бузиб ташлади ва бу дарёнинг аҳволини анча яхшилади.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
“Сув учун тўқнашувлар, урушлар бўлади”
Пётр Троценко: Орол ва Сирдарёга қайтайлик. Олим сифатида айтинг-чи, ҳеч нима қилинмаган тақдирда яқин йилларда бизни нималар кутади?
Арман Утепов: Бу борада бошқаларнинг прогнозларига қўшиламан: музликлар эрийди, дарёларни тўлдиради, аммо 2030 йилга бориб катта муаммоларга йўлиқамиз. Ҳозирги муаммоларни комплекс ҳал қилмасак, ўша кунлар бошимизга тушиши аниқ. Бутун Оролни тиклаш имконсизлигини биламан, айниқса Афғонистон Амударёдан анча-мунча сувни тортибб кетадиган катта канал қураётганини ҳисобга олганда. У ҳолда Ўзбекистон нима қилади? Сирдарёдан кўпроқ сув олади! Ҳозирда Ўзбекистон ҳам, Қирғизистон ҳам, Тожикистон ва Қозоғистон ҳам сувомборлар қуришга зўр берган. Ҳаммаси ўз ҳудудида иложи борича кўпроқ сувни олиб қолмоқчи.
Шунинг учун ҳам бизга комплекс ёндашув зарур, деяпман. Сувомборлар қурмайлик, ўрнига тупроқнинг сувни шимиб олиш хоссасини тиклайлик. Тупроқ эса ўз навбатида ерости стратегик сув захираларини тўлдиради. Табиатга қарши бормаслик керак.
Пётр Троценко: Бундан чиқадики, мувофиқлаштирилган умумий ҳаракатларсиз сув ресурслари жуда тез тугаб битишини фақат Қозоғистон эмас, Сирдарё ҳавзасидаги барча мамлакатлар англаб етиши керак.
Арман Утепов: Тўппа-тўғри. Лекин аввало Марказий Осиёнинг ҳар бир мамлакати нимага интилаётганини тушуниб олиш лозим. Улардан исталган бирининг конституциясини очиб ўқинг: албатта, аҳоли фаровонлигини ошириш ҳақида ёзилган. Шундай экан барча давлатлар режалаш уфқларини кенгайтиришсин. Уларга уқтириш керак: яхши, бугун сув оляпсиз, эртага-чи, нима бўлади? Вақт ўтиши билан ўнгланмас ҳолга келадиган тупроқ деградациясини қандай тўхтатмоқчисиз?
Агар ҳозир чорасини кўрмасак, бу муаммолар сиёсий беқарорликка олиб келади. Сув учун тўқнашувлар, урушлар бўлади.
Яна экологик миграция ҳам бўлиши муқаррар. 70-80-йиллар, Оролдан сув қоча бошлаганида балиқчилар ҳар ёққа тарқалиб кетганига гувоҳмиз. Кимдир Балхашга кетди, яна кимдир – Қапчиғайга, кимдир эса шунчаки балиқчиликни ташлади. Натижада бутун-бутун посёлкалар ҳувиллаб қолди.
Ўша посёлкаларнинг ярмида ҳозир ҳаёт қизғин: янги уйлар, томларда сунъий йўлдош антенналари, дарвозалар ёнига қиммат машиналар қантарилган. Шимолий Оролга сув қайтиши ҳаётни шу қадар ўзгартириб юборди! Лекин, такрор айтаман: агар табиатга аҳмоқларча муносабатни давом этдирадиган бўлсак, жуда ёмон муаммолар билан тўқнашамиз.