“Ўзбекистонда ҳар икки мулозимдан бири сувчи”. Сирдарё қандай қилиб бугунги аҳволга келди?

Сирдарё. Хўжанд, Тожикистон. 17 июнь, 2024 йил.

Марказий Осиёда пахта ва шоли суғоришда сувдан нооқилона фойдаланиш Сирдарёнинг қуришига олиб келиб, минтақа қишлоқ хўжалиги ва экотизимларига таҳдид солмоқда. Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасида сув ресурсларидан фойдаланишга доир битимлар бор, аммо суғориш тизимлари эскириб кетганлиги ва келишиб ҳаракат қилинмаслиги сабабли сув инқирози тобора чуқурлашиб, келгуси сув таъминоти барқарорлиги хавф остига қолаётир.

Мамлакатлар ушбу муаммолар билан қандай курашмоқда ва уларнинг ечимини тезлаштириш учун бугун нималар қилмоқ керак? Озодлик мухбири Пётр Троценко иқлим ўзгариши бўйича эксперт ва “Қозоғистоннинг сув ҳамкорлиги” жамоат фонди координатори Қуралай Яхиева билан шу ҳақда суҳбатлашди.

Сирдарё текислигидаги шолизорлар. 2 июль, 2024 йил.

“Биз 50 фоиз сувни исроф қиляпмиз”

Пётр Троценко: Марказий Осиё қишлоқ хўжалиги Сирдарё ҳавзасида сувнинг оз-кўплигига қанчалик таъсир қилади?

Қуралай Яхиева: Сирдарёнинг Ўзбекистон ва Қозоғистондаги ҳавзаси ҳақида гапирадиган бўлсак, ушбу мамлакатларда асосан суғорма деҳқончилик, яъни фақат суғоришга асосланган деҳқончилик билан шуғулланишади. Сув бўлмаса, ҳосил ҳам бўлмайди. Қозоғистонда аҳоли истеъмол қиладиган Сирдарё юза сувларининг қарийб 70 фоизи қишлоқ хўжалигига кетади. Қолган қисми эса коммунал эҳтиёжлар, саноат ва ҳоказоларга сарфланади. Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигида сарфланадиган сув миқдори анча кўп – 90 фоизларга етиб қолади, чунки дарё бўйида катта-катта суғориладиган майдонлар бор.

Қуралай Яхиева: Сирдарё қуйи оқимида жойлашган Қизилўрда вилояти мисолида тушунтираман. Бу ерда суғориладиган ерлар совет давридагидан камроқ, ўтган асрнинг 80-90-йилларига нисбатан қарийб 30фоизга қисқарган. Сабаби, ер майдонлари, каналлар ва гидротехника иншоотларини ўз ичига олувчи суғориш тизими жуда эскириб кетган. Суғориш тизими 30 йил мобайнида қаровсиз қолди, натижада каналларнинг фойдали иш кўрсаткичи тенг яримга пасайди. Бу айниқса, қазилма каналларга тегишли: аввалбошдан сув йўқотиши назарда тутилган ушбу каналлар ҳозир аянчли аҳволда. Ҳозирда дарёдан то суғориладиган далага етказгунча 50 фоиз сув исроф бўляпти, тасаввур қиламизми?!

Пётр Троценко: Бу муаммони ҳал этиш чоралари кўриляптими? Умуман, қандай ишлар қилиняпти?

Сув ресурслари бўйича эксперт Қуралай Яхиева.

Қуралай Яхиева: Совет Иттифоқи парчалангач колхоз ва совхозлар тарқатилиб, уларнинг ўрнига майда деҳқон хўжаликлари келди. Улар каналларни ўз кучи билан таъмирлай олмасди. Битта канал ўнлаб хўжалик оралаб ўтиши мумкин, канални таъмирлаш учун эса барча хўжаликлар бирлашиши ва биргаликда ҳаракат қилиши керак бўлади.

Деҳқон хўжаликлари ушбу муаммони ҳал этиш мақсадида ҚХИЧКлар (қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш кооперативлари)га бирлашди: кооперативлар суғорма сувни етказиб беришда воситачилик ва сув етказиладиган тизимни сақлаш вазифаларини бажариши керак эди. Бироқ уларни назорат қилиш механизмлари йўқ эди. Натижада нархлар ошди, одамлар пул тўлашди, аммо суғориш каналлари барибир таъмирланмади. Яъни, ҚХИЧКлар амалда хўжаликларга сувни устига пул қўйиб сотиш билан шуғулланиб юрди. Шу боис, охир-оқибат фермерлар ундан воз кечдилар.

Пётр Троценко: Экологлар ва қишлоқ хўжалиги бўйича экспертлар орасида “Айни вазиятда пахта ва шоли майдонларини қисқартириш яхши ечим бўлади, уларни суғоришга кўп сув сарфланяпти”, деган фикр кенг тарқалган. Уларга кўра, сув ресурсларини фақат шу йўл билан асраб қолиш мумкин эмиш.

Қуралай Яхиева: Сув етишмаётган бўлса, бошқа, камсувроқ экин экиш керак, деган гапни кўплардан эшитамиз. Бироқ бу ҳамиша ҳам тўғри ечим бўлолмайди. Масалан, Қизилўрда вилояти ерлари шўрхок ерлар: агар шолидан бошқа экин экилса, бадтар шўрланади. Чунки шоли – ернинг тузини ювадиган экин. Шоли экилганидан сўнг учинчи кундан бошлаб тинимсиз суғорилади, ҳамиша сув ичида ўсади ва пишиб-етилганидан кейингина суви коллекторларга қўйиб юборилади. Бу сув ернинг шўрини ўзи билан олиб кетади. Шундай экан, шолидан буткул воз кеча олмаймиз. Бироқ деҳқончиликда алмашлаб экиш деган тушунча бор: бунда асосий экин – экин экиладиган майдоннинг 60 фоизидан ортиқ бўлмаслиги лозим. Яъни, агар сизнинг бир хил катталикдаги ўнта далангиз бўлса, олтитасини шолига ажратиб, қолганига бошқа экинлар экасиз, лекин битта дала бўш қолади ёки ерга дам бериш учун унга кўпйиллик ўт (беда) сепилади. Йил сайин дам у, дам бу дала шу тариқа дам бериш ва экин экиш учун алмашлаб турилади.

Илгари, колхоз ва совхоз каби катта хўжаликлар бўлган пайтларда қаерга қанақа экин экиш режаланган, алмашлаб экишга риоя қилинган. Майда деҳқон хўжаликлари пайдо бўлгач ҳар ким фойда келтирадиган, даромад берадиган экин экишга тушди. Канал ёқалаб жойлашган барча фермерлар ерларига бир пайтда экин экиб,бир пайтда суғорадиган бўлди, натижада каналнинг ўтказиш қуввати дош беролмади ва сув танқислиги бошланди.

Бинобарин, сувдан рационал фойдаланишга имкон берувчи экин экиш жадвали бўлмоғи керак. Бу билан маҳаллий акиматлар, қишлоқ хўжалиги бошқармаларию сув хўжалиги ташкилотлари шуғулланиши лозим. Улар деҳқонлар билан ишлаши, тушунтириш ишларини олиб бориши ва ким қанақа экин экишини аниқлаб, кимга қачон сув бериш режасини тузиб олиши зарур. Бироқ, афсуски, буларнинг ҳеч бири қилинмаяпти.

“Ўзбекистонда ҳар икки мулозимдан бири сувчи”

Пётр Троценко: Орол денгизини айнан пахтачилик ва шоличилик ҳалок қилди, деган гаплар қанчалик асосли?

Қуралай Яхиева: СССР даврида шоликор ва пахтакорлар рекорд кетидан қувишар, рақам ва кўрсаткичлар улар учун ҳамма нарсадан муҳим эди. Шу боис экин экиладиган ерлар қоғозда белгиланганидан доимо кўпроқ бўлган. Масалан, колхоз 12 гектарга пахта эккан, унинг ҳосили эса ҳужжатларда “10 гектар ердан олинди” деб қайд қилинган. Умумий хирмонни 10 гектарга бўлиб, гектаридан фалон тонна олдик, деб кўзбўямачилик қилишган. Ҳозир Ўзбекистонда ҳам, Қозоғистонда ҳам фақат экин майдонларини камайтириш учунгина шоли билан пахтадан воз кечиш эҳтиёжи йўқ.

Қирғизистон билан Тожикистонга келсак, улар Сирдарё сувидан суғоришда кам фойдаланишади, дарё уларга асосан гидроэнергетика учун керак. Бироқ улар сувни сувомборларда ғамлаш керак бўлган паллада аксинча, қўйиб юборишади, чунки уларга электр энергияси зарур. Норин-Сирдарё ГЭСлар каскади аввалбошдан ирригация режимига мўлжалланган, яъни сув ташланиши экин суғориш даврига тўғри келган. Аммо ГЭСлар гидроэнергетика режимига ўтказилганидан сўнг бу мувозанат бузилди. Натижада куздан баҳоргача дарёда сув келяпти, ёзда эса, аксинча, сув етишмаяпти. Сирдарё қуйи оқими, жумладан Қизилўрда вилоятини сув босган пайтлар бўлди. Тошқинлардан ҳимояланиш ва ёз мавсумида суғорма сувга эҳтиёжни ақалли қисман қоплаш учун Қозоғистонда контррегулятор – Кўксарой сув омбори қурилди.

Орол минтақасидаги ярим саҳро. Қизилўрда. 3 июль 2024 йил.

Пётр Троценко: Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида Сирдарё ҳавзасининг сув-энергетика ресурсларидан фойдаланиш тўғрисида битим мавжуд. Демак, унга риоя қилинмаётган экан-да?

Қуралай Яхиева: Мамлакатлар ўртасидаги битим бўйича ўз улушимизни оляпмиз. Масала – уни зарур бўлган пайтда олишда. Бу масала билан вазирликлар шуғулланиши, учрашувлар ва музокаралар ўтказиши керак. Учрашувларда улар Сирдарё юқори оқимидан Қозоғистонга қачон қанча сув келиши кераклигини аниқ-тиниқ белгилаб олишлари даркор. Бунақа музокаралардан қанчасида шахсан иштирок этганман.

Биласизми, гап нимада? Қозоғистон сув ресурслари ва ирригация вазирлиги куни кеча бир ёшга тўлди, бунгача бизда ихтисослашган вазирлик умуман бўлмаган. Ўзбекистонда эса ҳатто мамлакатни бошқараётган президентгача сувчи (Шавкат Мирзиёев 1977-1981 йилларда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида ўқиган, кейинроқ техника фанлари номзоди унвонини олган – таҳр.). Қолаверса, Ўзбекистоннинг ҳар икки мулозимидан бири сув ресурслари билан боғлиқ ихтисосликка эга.

Сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича музокараларга Қозоғистондан одатда вазир ўринбосарини ёки қишлоқ хўжалиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирини жўнатишар, улар эса масаланинг нозик жойларини тушунмасдилар. Шу боис Ўзбекистон таклиф қилган ҳар бир ҳужжатга имзо чекиб бераверишган.

Одатда бунақа музокараларда ҳар бир тарафдан 20 нафаргача одам қатнашади, улар орасида чегара хизмати, ташқи ишлар вазирлиги, акиматлар ва бошқа идоралар ходимлари бўлади. Сув ресурслари бўйича чинакам мутахассислар делегациялар таркибида битта-иккита бўлади, холос. Барча материалларни, ҳисобот ва таклифларни айнан улар тайёрлашади, аммо уларнинг мақоми делегациянинг бошқа аъзоларига нисбатан жуда паст бўлади, фикрларига ҳеч ким қулоқ солмайди. Бир неча мамлакат трансчегаравий дарёларга алоқадор масалаларни муҳокама қилиш учун йиғилган тақдирда ҳам асосан Ўзбекистоннинг сув ресурсларига доир таклифлари қабул қилинади, негаки уларнинг вазири – сувчи (Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев ҳам Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тамомлаган – Таҳр.) ва у ҳар бир таклифни асослаб, исботлаб беради.

30 йилдан зиёд сув ресурслари ва ирригация вазирлигисиз яшадик. Мана, вазирлик тузилди, лекин у ҳали жуда хом, ходимларининг аксари – илгари ҳокимликларда ишлаган номутахассис одамлар. Албатта, сув соҳасини мулозим бошқаради, лекин у шу ихтисослик бўйича таълим олган бўлиши шарт.