Қирғизистон ва Тожикистоннинг чегараолди қишлоқлари аҳолиси 19 февраль куни “Сулҳ оши”га жам бўлди.
Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, мазкур учрашув Тожикистоннинг Хистеварз жамоати билан Қирғизистоннинг Борбордук қишлоғи кесишган жойдаги “Раъно” ресторанида бўлиб ўтган.
Тадбирда икки мамлакат чегараолди қишлоқларидан 100 га яқин киши, шунингдек, Тожикистоннинг Бобожон Ғафуров тумани раҳбари Зафарбек Давлатзода билан Қирғизистоннинг Боткен тумани ҳокими Алмазбек Рахманкулов ҳамда ҳар иккала томондан ҳарбийлар иштирок этган.
Мазкур тадбир қирғиз-тожик чегарасида 27 январь куни содир бўлган қуролли тўқнашув ортидан ўтказилган дўстлик учрашувларининг учинчиси бўлган.
Ўтган ой рўй берган мазкур тўқнашув чоғида икки мамлакат вакиллари можаро юзага келишида бир-бирларини айблаб чиқишган. Тўқнашув пайтида Қирғизистон томонидан 13 киши жабрланган, Тожикистон томонидан эса икки киши нобуд бўлиб, 10 киши жароҳат олган. 28 январга ўтар кечаси бўлиб ўтган музокаралар натижасида икки томон чегарада ўт очишни бутунлай тўхтатишга келишиб олганлар.