Қирғизистон: ОАВлар ва жамоат ташкилотлари сўз эркинлиги ва фуқароларнинг ҳуқуқлари хавф остида қолганини таъкидламоқда

Temirov Live YouTube-канали асосчиси Болот Темиров қўлга олинганидан кейин суд биноси ёнида турган журналистлар, Бишкек 2022 йил 23 январи

Қирғизистон медиаси ва фуқаролик жамияти вакиллари мамлакатда сўз эркинлиги ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари хавф остида қолгани ҳақида баёнот тарқатишди.

Медиаҳамжамият ОАВлар ҳамда нотижорат ташкилотларга ҳужум уюштирилаётганини қайд этган ва Temirov Live youTube-каналига, Kaktus.media сайти таҳририятига қарши очилган жиноят ишларини, ОАВлар офислари ёнида ўтказилган митинглар ва хорижий агентлар тўғрисида қонун қабул қилишга чақириқларни мисол қилиб келтирган, деб ёзди Озодликнинг қирғиз хизмати.

“Мустақил матбуот ва жамоат ташкилотларини жиловлашга, Қирғизистонда сўз эркинлигини бўғишга уринаркан, давлат мулозимлари ва сиёсатчилар қонунларни қўпол тарзда бузишдан тап тортишмаяпти”, дейилган баёнотда.

Мурожаат муаллифлари журналист ва ҳуқуқбонларни таъқиб қилишни тўхтатишга, кучишлатар идораларнинг хатти-ҳаракатларини текширишга, шунингдек парламентнинг хорижий агентлар тўғрисида қонун қабул қилиш ташаббусини тўхтатишга чақиришган.

Жорий йилнинг 22 январь куни Бишкекда Temirov LIVE канали асосчиси Болот Темиров ва шоир Болот Назаровлар ҳибсга олинган, журналист ва фаолларнинг норозилик акциясидан сўнг эса улар уй қамоғига олинган эди. Мустақил нашрлар ҳамкорликда ўтказган суриштирув Темиров ва унинг жамоасига бир неча ойдан бери босим ва шантаж қилинаётгани ҳақидаги маълумотларни ўртага чиқарган.

Kaktus.media сайти эса қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли тўқнашувга доир маълумотларни эълон қилгани учун унинг ходимларига қарши “Урушни тарғиб қилиш” моддаси бўйича жиноят иши очилган. Сайт Тожикистоннинг ASIA-Plus нашрига ҳавола берган ҳолда, “Қирғизистон ҳарбийлари биринчи бўлиб ўқ узишган”и ҳақида ёзган эди.