Қирғизистон: МСК парламент сайловининг якуний натижаларини эълон қилди

Бишкекдаги участка сайлов комиссияларидан бирининг вакиллари, 2021 йил 28 ноябри

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси ахборот-сайлов тизимида (АСТ) 7 декабрь куни овозларни қўлда санаш якуний натижалари эълон қилинди.

Сайлов варақалари 100 фоиз санаб бўлинганидан сўнг 5 фоизлик сайлов тўсиғидан олти партия ўтган, булар “Ата-Журт Қирғизстан” (17,3%), “Ишеним” (13,63%), “Интимақ” (10,99%), “Альянс” (8,34%), “Бутун Қирғизстан” (7,04%) ҳамда “Ийман Нуру” (6,15%) партияларидир.

Ўттиз олтита бир мандатли округдан 34 нафар номзод сайланган. Икки сайлов участкасида “барча номзодларга қарши” овозлар устунлик қилган, эндиликда ушбу участкаларда қайта сайлов ўтказилади.

Қирғизистонда парламент сайлови шу йилнинг 28 ноябрь куни бўлиб ўтган. Унда сайловчилар нафақат партияларга, балки унинг рўйхатидаги муайян номзодга ҳам овоз бериши мумкин бўлган. Жўғўрқу Кенешнинг 90 бўлғуси депутатидан 54 нафари шу тариқа сайланган, қолган 36 депутат мамлакатнинг бир мандатли округларини тамсил этади.

Мухолифат партиялари овоз бериш натижалари сохталаштирилганини таъкидламоқда. Сайлов куни овозларни автомат тартибда санаш тизимида носозлик чиқиши, сайт қайта ишга тушганидан сўнг эса мухолифат партиялар тўплаган овозлар сони кескин камайиб қолиши сайловнинг холислигини шубҳа остида қолдирмоқда.