Жалолобод вилоятининг қирғиз-ўзбек чегараси ўтган Тепақўрғон даҳасида 5 май куни Ўзбекистон чегарачилари Қирғизистоннинг уч фуқаросига қарши қурол ишлатди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати Қирғизистон МХДҚ Чегара хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Хавфсизлик идораси қайдича, 1974, 1998 ва 2000 йилларда туғилган уч фуқаро ўқотар қуролдан олинган жароҳат билан Олабуқа туман касалхонасига етказилган ва ўша ерда ҳушига келмасдан вафот этишган.
Қайд этилишича, Қирғизистоннинг Олабуқа тумани бўйича чегара вакили юз берган воқеа юзасидан Ўзбекистоннинг Янгиқўрғон йўналиши бўйича чегара вакили билан учрашган, томонлар хизмат текшируви натижаларига кўра 6 май куни учрашувни давом эттиришга келишганлар.
Чегара хизмати тергов тадбирлари бошланганини қўшимча қилган, бироқ ҳодисага оид бошқа тафсилотни очиқлаган эмас.
Ўзбекистон ДХХ Чегара хизмати мазкур воқеа юзасидан ҳали изоҳ берганича йўқ.
Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегара узунлиги 1378 километрни ташкил қилади. Шундан 85 фоизи ёки 1170 километри аниқланиб, 2017 йилги шартнома билан ратификация қилинган. Яна 10 фоиз бўйича келишувга эришилган, қолган 5 фоиз чегара масаласи эса ҳал этилмаган эди. Бироқ ўтган йилнинг март ойида Қирғизистон МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев “Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги давлат чегараси масаласи 100 фоиз ҳал этилган”ини айтган.