Самарқанд вилояти ҳокими ва куч ишлатар тизимлари раҳбарлари қидирувга берилган хориждаги ўзбекистонликларни ватанга қайтишга даъват қилди. Вилоят ҳокими Туроб Жўраев 12 март куни ўтказган йиғилишда Ўзбекистонга қайтганларни қамамасликка ўзи кафил бўлишига ваъда берди. Бошқа вилоятларда ҳам расмийлар уйма-уй юриб хориждаги яқинларини қайтишга даъват қилмоқда.
Озодлик суҳбатлашган хориждаги ўзбекларнинг бир қисми ватанга қайтиш учун жомадонини ҳозирламоқда, баъзилари эса ҳозирча бу ваъдаларга ишонқирамай турганини айтмоқда.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Самарқанд вилояти ҳокими 12 март куни ўтказган йиғилишда иштирок этган Пастдарғом туманида яшовчи 62 яшар Ойдин Раҳматова ўғли Ўткир Расуловни беш йилдан буён кўрмаганини айтар экан, ҳокимнинг ваъдасидан сўнг ўғлини кўришга умид пайдо бўлганини айтди:
- Кеча мажлисга бордим. Ҳаммаси яхши ўтди, ўғлимни қайтаринглар дедим, ҳоким ва бошқа катталар ваъда берди, келсин қамамаймиз, деди. Дадаси ўтиб кетган, менга энди ўша ўғлим қарайди. 22 мартда 63 га кираман, пайғамбар ёшига тўламан. Илоҳим, ўшангача ўғлим тезроқ келсин, бирга байрам қилайлик, дейди Ойдин Раҳматова.
Россияда меҳнат муҳожиратида юрган Ўткир Расулов 2014 йилда депорт қилинганидан сўнг, Истанбулга ишлагани кетган.
Расуловнинг Озодлик билан 13 март кунги суҳбатда иддао қилишича¸ Санкт-Петербург шаҳрида бирга яшаган хонадошлари диний айбловларда айбланиб қамоққа олинганидан сўнг, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан қидирувга берилган.
Ўткир Расулов¸ Самарқанд ҳокими ўтказган учрашувдаги гапларни эшитиб¸ хурсандлигидан кечаси билан ухлолмай чиққанини айтади:
- Хурсандман, албатта. Кетишга тайёрман. Пастдарғомда ўзимизга деб уй қурдиришни бошлаганман. Ҳозир ўшанинг бир оз камчилиги бор. Икки ой ишласам, битади. Кейин қайтаман. Мен шу пайтгача мени нимада айблашаётганини билмайман, қидирувга берилганимни биламан, холос. Оқладик, қайтсин дейишаяптию, лекин мен ҳали буни бирор бир ҳужжатда кўрганим йўқ, дейди Ўткир Расулов.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
12 мартдаги мажлисда Самарқанд вилояти МХХ раҳбари Улуғбек Мирзааҳмедов қайтганларга “қамоқ жазоси берилмаслигига, улар таъқиб ва тазйиққа учрамасликларига” кафиллик берган бўлса, вилоят прокурори Фарҳод Зуфаров “агар қўли қонга ботмаган бўлса, битта ҳам фуқаро қамалмайди”, деган.
Пастдарғом тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари Бахтиёр Азимов ҳам Озодлик билан суҳбатда “қўли қонга ботмаган” ватандошларнинг қамалмаслигига кафолат беришини айтди:
- Ҳозир буларга енгиллик бўлаяпти, энди қайтишса кўриб чиқамизда, бирор хил подозрение бўлганми, агар қўли қонга ботмаган бўлса, жанг бўлиб турган давлатларда жангларда қатнашмаган бўлса қамалмайди, озодликдан маҳрум қилиш чораси кўрилмайди. Ҳозирча биз бир нарса айтолмаймиз, жиноят қилган ёки қилмаганига яраша бўлади-да, ҳаммаси қонун доирасида бўлади. Ўткир Расуловнинг онаси билан кеча гаплашдик, келса ёрдам қиламиз. Менга телефон қилсин, аэропортда уни ўзим кутиб оламан, деди Бахтиёр Азимов.
Озодлик суҳбатлашган хориждаги ўзбекистонликларнинг баъзилари ҳозирча расмийларнинг бу ваъдаларига ишонқирамай турганини айтади.
Россияда яшаётган Ўзбекистон “қора рўйхати”да бўлган андижонлик Ҳавасбек Алижоновнинг сўзларига кўра, унга ҳам Ўзбекистонга қайтиш ҳақида таклифлар бўлган:
- Мени январда чақиришди. Ҳатто вилоят МХХсидан ҳам чақиришди. Телеграммда гаплашдик, МХХ зобити билан. Келовринг, ҳеч нарса бўлмайди, дейишди. Йўқ, мен қўрқаман, бирор ойдан кейин яна бир айб топиб, қамаб қўйишларинг мумкин, дедим. Уйга ҳам келиб айтишган. Келсин, ёрдам қиламиз, дейишган. Барибир ҳали тўла ишонч йўқ, чунки, ҳозир ҳам қидирув рўйхатидан чиқаришгани йўқ. Россия ИИВнинг сайтида ҳозир ҳам халқаро қидирувда турибман, дейди Ҳавасбек Алижонов.
2017 йилнинг 15 июнь куни президент Мирзиёев мамлакат имомлари ва диний хизматчилар иштирокида ўтказган видеоселектор мажлисида "қора рўйхат"га тушган диндорларни қайта текшириш, қамоқдаги диндорларнинг оиласи билан ишлаш ҳақида топшириқ берган эди
2017 йилнинг 1 сентябрида Тошкентдаги Хасти Имом масжиди ҳовлисидаги Бароқхон мадрасасида имом хатиблар билан учрашар экан президент, "қора рўйхат"да турган 17 минг мусулмондан 16 мингтаси рўйхатдан чиқарилгани ва улардан 9 минг 500 нафари иш билан таъминланганини айтган эди.
"Озгина хатоси учун, телефонида биттасига билиб-билмай бирор нарса кўрсатиб, жўнатиб қўйгани учун ҳам оқимчига чиқариб, рўйхатга қўшилаверган, ўзи яхши, тоза одам бўлса ҳам. Бу рўйхатдагиларнинг ҳаммаси билан гаплашиб, текшириб, оқлайсизлар. Йилнинг охирида менга ҳисоботини берасизлар, деб айтди", деб президентнинг ушбу учрашувда айтганларидан иқтибос келтирган эди Озодлик суҳбатлашган йиғин иштирокчиларидан бири.