Владимир Путин Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди уни ҳибсга олиш тўғрисида ордер берганидан сўнг илк маротаба Россия билан чегарадош бўлмаган узоқ хориж давлатига сафар қилди. Россия президенти самолёти Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Абу Дабига келиб қўнди.
Путин бу ерда мамлакат президенти Муҳаммад бин Зайд ал Нахаён билан музокара ўтказади. Шундан сўнг Путин Саудия Арабистонига боради ва валиаҳд шаҳзода Муҳаммад билан учрашади.
БАА ва Саудия Халқаро жиноят суди фаолиятида иштирок этмайди. Ҳаага Халқаро суди 2023 йилда Путинни ҳибсга олиш тўғрисида ордер берганди. Суд ордер берганидан кейин Путин МДҲга аъзо уч давлат, Хитой ва Украинанинг босиб олинган ҳудудларига борган.
Россия президенти Жанубий Африкадаги БРИКС ва Ҳиндистонда ўтган G20 саммитига бора олмаган. Жанубий Африка Республикаси Халқаро суд юрисдикциясини тан олгани ортидан Путиндан саммитга келмасликни илтимос қилган. Чунки Путин саммитга келган тақдирда ЖАР халқаро мажбуриятларига амал қилган ҳолда Россия президентини ҳибсга олишга мажбур бўлар эди.
Халқаро суд Путинни Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан украин болаларини ўз ватанидан ноқонуний депортация қилганликда гумонлаб, 2023 йил мартида ҳибсга олиш тўғрисида ордер берганди.
Кремль бунга жавобан Халқаро суднинг бир қатор судялари ва прокурорларини айбсизлигини била туриб гуноҳсиз шахсни жиноий жавобгарликка тортиш айблов асосида қидирувга берган.
Россия Халқаро жиноят суди юрисдикциясини тан олмайди ва унинг фаолиятида иштирок этмайди.
Айни пайтда суд томонидан берилган ордер ортидан Путин Рим статутини ратификация қилган ҳамда Ҳаагадаги халқаро суд юрисдикциясини тан оладиган 123 та давлат ҳудудига кира олмайди. Россия президенти бу давлатлардан бирига борган тақдирда, маҳаллий расмийлар ўз зиммаларига олган халқаро мажбуриятлардан келиб чиққан ҳолда уни ҳибсга олишлари шарт бўлади.