Россия президенти Владимир Путин тожикистонлик ҳамкасби Эмомали Раҳмонни III -даражадаги “Ватан олдидаги хизматлари учун” ордени билан мукофотлади.
Путин фармонида қайд этилишича, тожик президентига бу орден “Россия ва Тожикистон ўртасидаги стратегик муносабатларни ва ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган катта ҳиссаси ҳамда минтақадаги барқарорлик ва хавфсизликни таъминлагани учун” берилди.
Июль ойида Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев президент Путиндан Россиянинг Александр Невский орденини олишдан воз кечган эди. Буни қозоқ президенти ўз ваколати якунлангунига қадар маҳаллий ва хорижий мукофотларни олишдан бош тортгани билан изоҳлаган.
23 июль куни Путин Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни ҳам Александр Невский ордени билан тақдирлаган. Мирзиёев бу орденни қабул қилган.
Фармонда Шавкат Мирзиёев "Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги улкан хизматлари учун" тақдирлангани айтилган.
Эмомали Раҳмон 2020 йилнинг октябрида бешинчи бор президентликка сайланган эди. У Тожикистонни 28 йилдан бери бошқармоқда.