Инсон танасидаги қон босимини деярли бир маромда ушлаб турувчи рефлекс ҳақида эшитганмисиз? Барорецептор рефлекси деб аталувчи ушбу жараён организм учун жуда муҳимдир.
Масалан, ўрнингиздан турганингизда, қон босимингиз тез суратда пастлайди. Аммо сиз бунинг натижасида хушингизни йўқотмайсиз, чунки барорецепторлар юрак тезроқ уриб, мияга кўпроқ қон юборишини таъминлайди.
Science журналида чоп этилган илмий мақолада эътироф этилишича, қон босимини назорат қилиб турувчи ҳамда барорефлексни бошқаришда кўмаклашувчи икки протеин аниқланди.
Шу кунгача қон босими ўзгаришини инсон танаси қай йўсинда аниқлаши номаълум эди.
Scripps Research илмий-тадқиқот институти молиялаштирган изланиш муаллифларидан бири Уеи-Женг Зенгнинг сўзларига кўра, қон босимини барорецептор нейронлар кузатиб бориши бизга маълум бўлган, аммо улар айнан қай йўл билан қон босимини сезиши 100 йил давомида жумбоқ бўлиб келган.
ПИEЗО1 ва ПИEЗО2 протеинларини илк бор Scripps Research ходими Ардем Патапоутиан аниқлаган.
Кейинги йилларда ушбу икки протеин жуда кўп функцияни бажариши аниқланди. Патапоутиан тадқиқотлари ПИEЗОлар ўпкалардаги босимни ва турли оғриқларни сезишини кўрсатган. ПИEЗО1 ҳатто қизил қон таначалари шаклини сақлашга кўмаклашади.
Янги тадқиқот муаллифлари ПИEЗОлар барорецептор рефлексида ўйнайдиган ролни ўрганиб чиқишган. Сичқон модели устида ўтказилган тажрибалар ПИEЗОлар чиндан қон босимини бир маромда ушлаб туриш учун зарур эканлигини тасдиқлаган.
- Тадқиқот натижалари инсон соғлиғини яхшироқ англаб етишимизга кўмаклашиб, амалда катта натижаларга олиб келиши мумкин, - деди Патапоутиан.
Ушбу протеинларнинг ҳали ўрганилиши керак жиҳатлари кўп бўлса-да, олимлар барорецепторлардаги ПИEЗО1 ва ПИEЗО2 юқори қон босимидан азият чекадиган, аммо дори таъсир қилмайдиган беморларни даволашда қўл келиши мумкинлигини айтишмоқда.
Тадқиқот муаллифларига кўра, ПИEЗО1 билан ПИEЗО2 биргаликда қандай ишлашини ҳамда улар турли нейронлар ичида қандай ишлашини аниқлаш учун кўпроқ тадқиқот ўтказиш зарур.