Сенаторлар “прописка” деган “эски тушунчани” рўйхатга олиш деган “янги тушунча”га алмаштирди

Сенатнинг 3 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишида сенаторлар “прописка” деган сўзни қонунчиликдан ўчириб, унинг ўрнига “ рўйхатга олиш” деган атамани жорий этди.

Сенат матбуот хизматининг билдиришича:Бугунги кунда “прописка” сўзи маънан эскирган ва ушбу атама фуқаролар онгида “тўсқинлик қилувчи”, “эркинликни чекловчи” деган тушунчаларни келтириб чиқармоқда. Шу муносабат билан, қонун ҳужжатлардаги “доимий прописка қилиш” ва “турган жойи бўйича ҳисобга олиш” тушунчалари “доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш” ва “вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш” тушунчаларига алмаштирилмоқда”.

2020 йил 21 апрелда Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри ва вилоятига доимий прописка қилишни соддалаштириш ҳақидаги фармонни имзолаган эди. Бунинг ортидан 2021 йилнинг октябрида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “прописка” сўзи маънан эскиргани тўғрисида қарор чиқарган.

“Прописка”нинг “рўйхатга олиш” тушунчасига айлантирилиши аҳолига нақадар енгиллик ёки фойда бергани тўғрисида маълумотлар мавжуд эмас.