Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси, тиббиёт фанлари доктори, профессор Севара Убайдуллаева нима учун Ўзбекистонда вакцина олганлар орасида касалланиш ҳолатлари кузатилаётгани, улардан айримлари касалхоналарга тушиб қолаётгани юзасидан изоҳ берди.
С. Убайдуллаева мамлакатда оммавий эмлов 2021 йил апрелида бошланганига эътибор қаратиб, шу вақтгача Ўзбекистонда мавжуд AstraZeneca, ZF-UZ-VAC 2001, "Спутник V" вакциналарини ўз вақтида олганлар организмида иммун ҳимоя таначалари ишлаб чиқилган ва ҳали ишлаб чиқилиши давом этаётганини урғулади. Профессорга кўра, эмланганларда иммун ҳужайралар ишлаб чиқилишини максимал ҳимоя кўрсаткичи август ойлари ва ундан кейин эришилади.
“Бугунги кунда шу жараёнда тўлиқ эмланиб улгурмаганлар, тўлақонли иммун ҳимояси бўлмаган бўлса-да, карантин қоидаларига риоя қилмаганликлари боис касалланиб қолмоқдалар”, деган С. Убайдуллаева 7 июль куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда.
Бу ҳолатга яна бир сабаб ўлароқ Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси аҳоли орасида карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилмайдиганлар борлиги, вакцина олаётган вақтда уларни организмига вирус тушган ва касалликни яширин даври кетаётган бўлиши ёки баъзилар симптомларсиз касалликни кечираётган бўлиши мумкинлигини келтирган.